Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Таълим муассасалари аккредитация сертификатларининг амал қилиш муддати узайтирилди

Таълим муассасалари аккредитация сертификатларининг амал қилиш муддати узайтирилди

Фото: Навоий вилоят ҳокимлиги

Маълумки, барча таълим муассасаларини аттестация ва давлат аккредитациясидан ўтказиш вазифаси идоравий мансублиги ва мулкчилик шаклидан қатъи назар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан амалга оширилади.

Аккредитация бу таълим муассасалари фаолияти давлат таълим стандартларига мувофиқлигининг давлат томонидан эътироф этилиши ҳамда уларнинг битирувчиларига тасдиқланган намунадаги маълумот тўғрисидаги ҳужжатларни топшириш ҳуқуқини беради.

Мазкур қарорга кўра мактабгача ва умумий ўрта таълим муассасаларининг таълим сифатига бўлган ҳисобдорлигини оширишга ва ҳар бир таълим муассасасида сифат маданиятини шакллантиришга йўналтирилган ички баҳолаш тизими жорий этилди. Уларни аттестациядан ўтиш даврийлиги 9 йилдан 5 йилга, аттестация давомийлиги эса 10 кундан 3 кунгача қисқартирилди.

Шунингдек, мактабгача ва умумий ўрта таълим муассасаларини аттестациядан ўтказиш мезонлари ва уларни баҳолаш технологиялари ишлаб чиқилди. Таълим муассасаларини ташқи баҳолаш учун туман (шаҳар)ларда фанлар кесимида 64 нафардан, жами 12553 нафар экспертлар реестри шакллантирилди.

Таълим инспекцияси ташкил этилгандан буён 4849 та умумий ўрта таълим муассасалари аттестациядан ўтказилиб, уларнинг 4480 таси (92,4%) аккредитацияланди.

Таълим сифати қониқарсиз деб баҳоланган 369 та мактабларда таълим сифатини яхшилаш чоралари кўрилди. Натижада, уларнинг 154 тасида ўқитиш ва таълим олиш сифати кўрсаткичлари яхшиланиб, қайтадан аккредитацияланди, 215 та мактаблар бир йилдан сўнг қайта аттестациядан ўтказилиши белгиланди.

Дунёдаги коронавирус пандемияси билан боғлиқ эпидемиологик вазият барча соҳалар қаторида таълим тизимига ҳам ўз таъсирини кўрсатмай қолмади. Хусусан, барча таълим муассасаларида 2020 йил 16 мартдан бошлаб таълим фаолияти вақтинча тўхтатилиб, таътил эълон қилинди.

Жорий йилнинг 30 апрелидан барча умумтаълим мактабларида ўқиш масофавий таълим шаклида йўлга қўйилиб, фанларни ўқитиш видеодарслар асосида амалга оширилмоқда.

Карантинга оид чоралар амал қилиш даврида умумий ўрта таълим мактаб жамоаси ўз фаолиятини масофавий тарзда амалга ошириши белгиланди.

Карантин шароитидан келиб чиқиб Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ҳам ўз фаолиятини мамлакатимиз аҳолисининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш мақсадида белгиланган чора-тадбирлар доирасида амалга оширмоқда.

Мактабгача ва умумий ўрта таълим муассасалари фаолиятини баҳолаш воситалари ва механизмлари соддалаштирилиб, аттестациядан ўтказиш ва аккредитациялаш жараёнлари рақамли технологиялар асосида масофавий ташкил этилиши йўлга қуйилди. Таълим муассасаларининг аттестацияси ва давлат аккредитацияси жараёнини онлайн мониторинг қилиш бўйича «ОNACS» – электрон платформаси яратилди. Шунингдек, онлайн аккредитация реестри (http://reestr.tdi.uz) ишга туширилди.

Мазкур платформа қисқа вақт ичида мактабгача ва умумий ўрта таълим муассасалари тўғрисида таҳлилий маълумотларни тўплашда қулайлик яратиш билан бирга, аттестация жараёнидаги бюракратик тўсиқларни олиб ташлаш, коррупцияни олдини олиш, мутахассисларнинг вақти ва йўл харажатларини тежаш ҳамда тезкор ахборот алмашиш имконини беради.

Шунга қарамасдан, мактабгача ва умумий таълим муассасаларининг аттестация ва давлат аккредитацияси жараёнида ташқи баҳолаш комиссияси томонидан муассасанинг ўзига борган ҳолда амалга ошириладиган тадбирларни тасдиқланган низом талаблари асосида ташкил этиш имкониятлари чекланмоқда.


Ушбу ҳолат натижасида Республика бўйича 1000 та мактабгача, 731 та умумий ўрта таълим муассасаларининг давлат аккредитатсияси тўғрисидаги гувоҳномасини амал қилиш муддати тугаб, мактаб битирувчиларига давлат намунасидаги аттестат бериш ваколати йўқолиши кутилаётган эди.
Мактаб битирувчиларининг таълим олиш ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида юқоридаги таълим муассасаларининг давлат аккредитацияси тўғрисидаги сертификатларининг амал қилиш муддати жорий йилнинг 31 декабрига қадар узайтирилди.

Шу муносабат билан мактабгача ва умумий ўрта таълим муассасаларининг 2020 йилда аттестация ва давлат аккредитациясидан ўтказиш графигига тегишли ўзгартиришлар киритилди. Унга кўра карантин муносабати билан жорий йил 16 мартдан 28 майгача ўтказилиши лозим бўлган 1000 та мактабгача ва 731 та умумий ўрта таълим муассасаларининг ташқи аттестация жараёнлари республикадаги эпидемиологик вазият барқарорлашгандан кейин ўтказилиши режалаштирилмоқда.
Амалдаги тартибга кўра таълим муассасаларининг аттестация ва аккредитация жараёнларида ички ва ташқи баҳолашдан ўтказиш тартиби жорий қилинган.

Хусусан, таълим муассасаси фаолиятини ички баҳолаш муассаса томонидан ўзини ўзи баҳолаш ҳисобланиб, унинг асосий мақсади муассасани ташқи баҳолашдан ўтказишга тайёрлашдан иборат. Ички баҳолаш жараёнида муассаса фаолияти аттестация кўрсаткичлари ва мезонлари асосида баҳоланиб, таълим сифати ва мазмунининг давлат таълим стандартлари ва давлат талабларига мувофиқлиги аниқланади ҳамда мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилади.

Мактабгача ва умумий ўрта таълим муассасаларини ташқи баҳолашдан ўтказиш жараёни 3 кун муддатда амалга оширилиб, унда таълим муассасаси томонидан ўтказилган ички баҳолаш натижалари таҳлил қилинади.

Шунингдек, ўқувчи ва тарбияланувчиларнинг етарлича билим олишлари учун муассасада яратилган шароитларга баҳо берилади. Хусусан, ўқувчиларнинг билим даражаси, ўқитувчиларнинг салоҳияти, иш ҳужжатларининг юритилиши, ўқув ва лаборатория хоналарнинг жиҳозланиши ўрганилиб, аниқланган камчиликларни бартараф қилиш чоралари кўрилади.

Бу борада ота-оналарнинг фикрлари ва ўқувчиларнинг талабларини инобатга олган ҳолда муассасани ривожлантириш бўйича «Йўл харита»лари белгиланиб, амалга татбиқ этилади. Пировардида таълим муассасасидаги шароитлар яхшиланиб, таълим сифати ошишига эришилади.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, карантин сабабли ташқи баҳолаш муддати кечиктирилган муассасаларда таълим шароитларини яхшилашга қўшимча имконият яратилмоқда. Ушбу муассасалар жамоаси бу имкониятдан унумли фойдаланган ҳолда аттестация жараёнларига яна ҳам пухта тайёргарлик кўришлари мақсадга мувофиқ.

РАВШАН ЭРГАШЕВ
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги
Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси
бўлим бошлиғи

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг