Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Таълим тўғрисида»ги қонунда қандай янгиликлар бор?

«Таълим тўғрисида»ги қонунда қандай янгиликлар бор?

Фото: ЎзА

Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 22 январдаги фармони билан тасдиқланган «2017–2021-йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастурининг 172-бандида «Таълим тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг янги таҳрирдаги лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси белгилаб берилди.

Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнида йигирмадан ортиқ хорижий давлатнинг (Россия, Жанубий Корея, Германия, Италия, Англия, АҚШ, Франция, Швеция, Дания, Норвегия, Ҳолландия, Украина, Беларус, Қозоғистон ва б.) таълим тўғрисидаги қонунлари ўрганилди ва уларнинг илғор тажрибалари инобатга олинди.

30 га яқин манфаатдор вазирлик ва идоралар, таълим соҳасида фаолият юритаётган 50 дан ортиқ мутахассис ва 100 дан ортиқ фуқаро қонун лойиҳаси бўйича фикр ва мулоҳаза, таклифларини билдирди. Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ташаббуси билан амалга оширилмоқда.

Таклифларнинг аксарияти таълим соҳасидаги муаммолар ва уларнинг ечимига, шунингдек таълим сифатини яхшилашга, муаллимларнинг обрў-эътиборини оширишга, уларнинг ижтимоий ҳимоясига қаратилган.

Янги таҳрирда ишлаб чиқилган қонун лойиҳасида боблар сони 5 тадан 12 тага ва моддалар сони 34 тадан 70 тага етказилди.

Лойиҳада боблар ва моддалар мантиқий кетма-кетликда жойлаштирилди. Унда амалдаги қонуннинг 33 та моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб мазмунан тўлдирилди ҳамда илғор хорижий давлатларнинг тажрибаларини инобатга олган ҳолда 36 та янги модда киритилди.

Қонун лойиҳасига қуйидаги янги боблар киритилди:

таълим фаолияти ва уни ташкил этиш (4-боб);

таълим муассасаси ходимлари (5-боб);

таълим олувчилар ва ота-оналар(қонуний вакиллар)нинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги (6-боб);

таълим жараёни қатнашчиларининг ижтимоий ҳимояси (7-боб); 

таълим муассасаларини лицензиялаш, давлат аккредитацияси, таълим тўғрисидаги ҳужжатлар нострификацияси ва апостиль қўйиш (8-боб);

таълим тизимида давлат назорати (10-боб);

таълим соҳасида халқаро ҳамкорлик (11-боб). 

Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда асосий эътибор қуйидагиларга қаратилди:

хорижий тажрибани чуқур ўрганиш асосида миллий таълим тизимини халқаро стандартларга мослаштириш;

таълим сифатини яхшилашга таъсир қилувчи омилларни ва унинг механизмларини қонуннинг мазмунида акс эттириш;

таълим сифатини яхшилашга тўсқинлик қилаётган омилларни бартараф этиш;

таълим жараёни иштирокчиларининг ўзаро муносабатлари, ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлигини тартибга солиш;

катта ёшдагилар таълими, инклюзив таълим, давлат-хусусий шериклик, таълим соҳасига инвестицияларни жалб этиш, мулкчилик шаклидан қатъи назар таълим хизматлари кўрсатувчи юридик шахслар ва бошқа бир қатор тушунчаларни алоҳида моддада очиб бериш ва бошқалар.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг