Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тошкентдаги Инҳа университети дастлабки қалдирғочларини учирма қилди

Тошкентдаги Инҳа университети дастлабки қалдирғочларини учирма қилди

Фото: «Inha.uz»

2018 йилнинг 14 август куни Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида Корея Республикаси ва Ўзбекистон ҳукуматининг расмий вакиллари иштирокида дастлабки битирувчи талабаларнинг тантанали маросими бўлиб ўтди.

Фото: «Inha.uz»

2014 йили Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил этилган Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ҳозирда ахборот технологиялари соҳаси учун мутахассислар тайёрлайдиган етакчи университетлардан бири ҳисобланади.

Тантанали тадбирда қатнашиш учун Корея Республикасидаги Инҳа университетининг Вице-президенти Чеонг ИнКё раҳбарлигидаги делегация ташриф буюрди.

Фото: «Inha.uz»

Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг «Компьютер ва дастурий инжиниринг» йўналишини 87 нафар талабалар битирди.

Барча битирувчиларга Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ректори в.б. Музаффар Жалолов ҳамда Корея Республикасидаги Инҳа университетининг вице-президенти Чеонг ИнКё икки университетнинг қўшма дипломини топширишди. 

Тошкент шаҳридаги Инҳа университетидаги ўқиш давомида ўзини кўрсатган талабалар махсус сертификатлар билан тақдирланишди.

Фото: «Inha.uz»

Бунёд Иброҳимов ва Юлдуз Хўжаева университетдаги ўқиш даврида қўлга киритган энг юқори баллари учун тақдирланишди. Азиз Сияев университетнинг ижтимоий ҳаётидаги фаол иштироки учун мукофотланди. Муҳаммадали Ҳаётовни ахборот технологиялари соҳасидаги турли танловларда ғолиб чиқиб, университетнинг обрўсини оширгани учун тақдирлашди.    

Тадбирда сўзга чиққан Корея Республикасидаги Инҳа университети вице-президенти Чеонг ИнКё шундай деди: «Умид қиламанки, битирувчилар Ўзбекистон келажаги учун ўзларининг бор кучларини аямайдилар. Ўзбекистон МДҲдаги бозор иқтисодиёти шароитига ўзига хос тинч йўл билан ўтаётган оз сонли давлатлардан биридир. Сизлар Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида ўқиган вақтингизда олган билимларингизни ишга солишингиз ҳамда ўз билимларингизни кенгайтириш йўлида тинмай изланасизлар деган умиддаман».

Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ректори в.б. Музаффар Жалолов ҳам битирувчиларни қутлади: «Сизларнинг кўпчилигингизнинг ишга жойлашгани, айримларнинг эса хорижий университетларга ўқишга киргани – муассасамиздаги академик дастурларнинг сифати юқори эканлигидан далолатдир. Мен барча педагогик таркибга, шунингдек, университетнинг барча ходимларига талабаларга, ҳукуматимизга бўлган фидойилиги, талабаларга яратиб берган ажойиб муҳитлари учун миннатдорлик билдираман. Университет маъмурияти олий таълим муассасасининг ишини такомиллаштириш ва таълимнинг янги йўналишларини очиш борасида иш олиб боради».

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг