Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Хорижлик эксперт Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясида фаолият бошлади

Хорижлик эксперт Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясида фаолият бошлади

Фото: Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси

Жаҳон банки билан ҳамкорликда амалга оширилаётган «Олий таълимни модернизация қилиш» лойиҳаси доирасида таълим сифатини ошириш бўйича халқаро эксперт Бастиан Бауманн Олий таълим тизимида таълим сифатини ошириш ва унинг халқаро рақобатдошлигини таъминлаш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси раҳбарининг маслаҳатчиси лавозимига тайинланди. Бу ҳақда инспекция матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Президентнинг 2019 йил 16 январдаги «Таълим сифатини назорат қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар» тўғрисидаги 4119-сонли қарори асосида Давлат инспекцияси таркибий тузилмасига Маслаҳатчи лавозими киритилган.

«Давлат инспекцияси фаолиятида таълим сифатини халқаро даражада кўтариш, тан олинган хорижий тажрибаларни миллий таълим тизими хусусиятларини инобатга ҳолда жорий этиш, бу борада бошқа давлатлар йўл қўйган хатоларни такрорламаслик, миллий таълим тизимини халқаро таълим тизимига интеграциясини жадаллаштириш каби устувор вазифалар белгиланган бўлиб, бу вазифаларни сифатли бажариш мақсадида таълим сифатини таъминлаш бўйича халқаро даражада тан олинган эксперт Бастиан Бауманн маслаҳатчи лавозимига тайинланди. У ўзининг узоқ йиллик тажрибаси ва малакаси билан таълим сифатини халқаро дарага кўтаришда бизга кўмаклашади» – деб таъкидлади Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи У.Ташкенбаев.

Ҳозирда тажрибали эксперт бошчилигида қуйидаги йўналишларда ишлар амалга оширилмоқда: Таълим муассасаларини аттестациядан ва давлат аккредитациясидан ўтказиш тартибини такомиллаштириш бўйича ҳукумат қарори лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Боиси, ҳозирда 2006 йил 10 февралда Вазирлар маҳкамасининг 21-сонли қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси таълим муассасалари ва нодавлат таълим хизматлари кўрсатувчи юридик шахсларнинг давлат аккредитациясидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом» асосида иш юритиб келинмоқда. Лекин мазкур қарорнинг кўплаб бандларига қўшимча ўзгартиришлар киритилганлигига қарамай, унинг мазмун-моҳияти ҳозирги шиддат билан илгарилаб бораётган таълим тизими талабларига деярли мос келмаслиги тез-тез кўзга ташланиб турибди.

Бу борада мамлакат раҳбарининг «Таълим сифатини назорат қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар» тўғрисидаги 4119-сонли қарорида таъкидланишича 2019 йил 1 апрелга қадар илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш натижаларига кўра, таълим муассасаларини аттестациядан ва давлат аккредитациясидан ўтказиш тартибини такомиллаштириш бўйича ҳукумат қарори лойиҳаси ишлаб чиқилиши кўзда тутилган. Режадаги қарор лойиҳаси Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси мутахассислари томонидан тайёрланган бўлиб, ундаги барча қисмлар халқаро эксперт иштирокида кўриб чиқилмоқда, хусусан жаноб Бауманнинг кўп йиллик фаолияти давомида эгалланган малака ва тажрибалари асосида янада такомиллаштирилмоқда.

Шунингдек иш жараёнида «Олий таълимни модернизация қилиш» лойиҳаси доирасида асосан қуйидаги вазифалар устида иш олиб борилмоқда:

а) Ўзбекистонда олий таълим тизимининг бошқарув салоҳиятини мустаҳкамлаш;

б) Меҳнат бозорида кадрлар сифати, долзарблиги ва танланган олий таълим муассасаларининг ўқув муҳитини яхшилаш.

Юқорида келтирилган таълим тизимига доир ечимини кутиб турган долзарб муаммолар ҳақида ҳам суҳбатлар олиб борилганда, тажрибали эксперт томонидан амалий натижалар бериши мумкин бўлган таклифлар билдирилди. Хусусан ОТМларда бошқарув жараёнини яхшилаш мақсадида янги асосий менежер лавозими таъсис этилиши тавсия қилинди. Мазкур лавозимга эса махсус малака ошириш курсларида бошқарувчилик тажрибаларини пухта эгаллаган мутахассислар тайинланиши таклиф сифатида келтирилди. Негаки, ОТМларда бошқарув тизимининг яхши йўлга қўйилиши мазкур муассасанинг кўплаб йўналишлардаги самарали фаолиятини таъминлаши мумкин.

Шу ўринда ОТМларга қабул квоталарини белгилашда мустақиллик бериш бирданига эмас, балки босқичма-босқич, турли факторларни инобатга олган холда амалга оширилиши мақсадга мувофиқ эканлигини ҳаётий мисоллар асосида таъкидлади, қолаверса мустақиллик бериш ёппасига эмас айрим олий таълим муассасаларида дастлаб синовдан ўтказиб кўрилиши келгусига келиб чиқиши мумкин бўлган кўплаб муаммоларнинг олдини олиши мумкинлиги қайд этилди.

Шунингдек, таълим муассасаларини аттестациядан ва давлат аккредитациясидан ўтказиш жараёнида иштирок этувчи экспертларни танлашда катта эътибор қаратилиши керак бўлган муҳим жиҳатлар муҳокама қилинди.

Бастиан Бауманн – Халқаро даражадаги ҳуқуқшунос, олий таълим тизимини ривожлантириш бўйича Европа сифат кафолати агентлиги(EQAA) бошқарувчи директори шу билан бир қаторда қуйидаги нуфузли халқаро ташкилотларда эксперт лавозимларида фаолият юритиб келмоқда: DAAD (Германия академик алмашинув хизмати), ADEC (Абу-Даби миллий сифатни кафолати агентлиги), EQE (Грузия миллий сифат кафолати агентлиги), QQA (Баҳрайн миллий сифат кафолати агентлиги), SKVC (Литва миллий сифат кафолати агентлиги) ва бошқалар. Шунингдек Белоруссия, Миср, Озарбайжон, Қозоғистон каби давлатларда олий таълим тизимида реформалар қилинишида катта ҳисса қўшган, бу борада 17 йиллик иш тажрибасига эга.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг