Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ягона мактаб формасини қаердан сотиб олиш мумкин?

Ягона мактаб формасини қаердан сотиб олиш мумкин?

Фото: Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати

Халқ таълими вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ягона мактаб формаси билан таъминлаш тўғрисидаги қарори ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолати тўғрисида видеоконференция тарзида йиғилиш бўлиб ўтди, дея хабар қилди вазирлик матбуот хизмати. 

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири ўринбосари Дилшод Кенжаев Вазирлар Маҳкамаси қарорида белгиланган вазифалар ва ҳудудлардаги ҳолат бўйича батафсил тўхталган.

2019-2020 ўқув йилидан бошлаб давлат умумий ўрта таълим муассасаларида замонавий ягона мактаб формаси жорий этилаётгани муносабати билан таълим муассасалари, жойлардаги халқ таълими бўлимлари ва бошқармалари раҳбарлари мактаб формаларини вақтида ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун ўқувчилар сони бўйича маълумотларни ўз вақтида шакллантириши лозимлиги таъкидланган.

Бундан ташқари, вазир ўринбосари томонидан мактаб директорларининг мактаб формаси хариди билан боғлиқ масалаларга аралашиши қатъиян тақиқланганлиги такрор ва такрор айтилишига қарамасдан айрим мактаб директорлари ота-оналарга қайси ишлаб чиқарувчининг мактаб формасини сотиб олишлари кераклигини «тавсия» қилиб келаётгани танқид остига олинди. Таълим муассасаси ходимлари ушбу жараёнларга аралашмаслиги ҳақида огоҳлантирилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 августдаги 666-сонли қарорига кўра, «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси мактаб формасини ишлаб чиқарувчи ташкилотлар рўйхатини ҳудудлар бўйича шакллантириши, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси билан биргаликда республиканинг ҳар бир туман (шаҳар) марказининг аҳолига қулай жойларида мактаб формасини ишлаб чиқарувчи ташкилотларнинг савдо шаҳобчаларини ташкил этишлари, савдо шаҳобчаларининг жойлашиш манзилларини оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилиниши белгиланган эди.

Йиғилиш якунида қарорда кўрсатиб ўтилган вазифалар билан биргаликда мактабларда ташкил этиладиган ота-оналар мажлисларида таълим муассасаларига мактаб формасининг афзалликлари тўғрисида тушунтириш ишларини доимий равишда олиб бориш, мактаб директорлари ёки синф раҳбарлари томонидан ягона мактаб формасини сотиб олиш жараёнига аралашувини қатъиян чеклаш бўйича чоралар кўриш каби қатор вазифалар белгилаб берилди.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг