Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси-2019» танлови видеокузатув остида ўтказилади

«Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси-2019» танлови видеокузатув остида ўтказилади

Фото: Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати

Жорий йилнинг 12 апрелидан 1 май кунига қадар «Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси-2019» республика танловининг биринчи (туман, шаҳар) босқичи ўтказилди. Танловнинг мазкур босқичида республика бўйича 80 минг нафарга яқин ўқитувчилар иштирок этди. Қизғин баҳслардан сўнг уларнинг 2376 нафари танловнинг иккинчи босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Жорий йилнинг 6 май кунидан бошлаб 13 та фан йўналишида танловнинг иккинчи босқичига старт берилади. Танлов Низомига мувофиқ, иккинчи босқични ўтказиш Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ таълими бошқармалари бошлиқлари зиммасига юклатилади. Танловнинг иккинчи босқичи 3 та шарт асосида бўлиб ўтади.

Танловни адолатли ўтказиш ва шаффофликни таъминлаш мақсадида тест топшириқлари Республика таълим марказининг ҳар бир ҳудудга бириктирилган масъул ходимлари кузатуви остида ўтказилади. Ҳудудий халқ таълими бошқармалари томонидан белгиланган таълим муассасалари тест жараёнларини бевосита кузатиб бориш мақсадида видеокузатув воситалари билан таъминланган.

Биринчи шарт натижаларига кўра 26 ва ундан юқори балл тўплаган иштирокчиларгина иккинчи шартда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлади.

Бундан ташқари, танлов шартларини бажариш жараёнларини тасвирга олиш тавсия этилади.

Танловнинг иккинчи босқичида учта шарт бўйича 76 балл ва ундан юқори кўрсаткич қайд этган иштирокчилар орасидан ҳар бир фандан энг юқори балл тўплаган бир нафардан 1-, 2-, 3-ўринни эгаллаган совриндорлар аниқланади.

Иштирокчиларнинг баллари тенг бўлиб қолган тақдирда, тегишли фан бўйича қўшимча 10 тадан тест саволлари бериш орқали ғолиб аниқланади. Ғолиб аниқлангунига қадар тест жараёни такрорий давом эттирилади. Бу эса танловда соғлом рақобатни янада кучайтиради.

Халқ таълими вазирлиги иккинчи босқични ўтказишга масъул ходимларни танловни адолатли ва шаффоф ўтказишга чақиради ҳамда барча иштирокчиларга омад тилайди!

Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг