Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ёш математикларимиз қаллоблик қилишдими?

Ёш математикларимиз қаллоблик қилишдими?

2018 йилги Халқаро математика олимпиадасидан.

Фото: «medium.com»

Бутун дунё футбол бўйича жаҳон чемпионати ўйинларини муҳокама қилаётган бир пайтда, ўзбекистонликларнинг бу йилги Халқаро математика олимпиадасидаги (International Mathematical Olympiad, IMO) иштироки кескин баҳсларга сабаб бўлмоқда.

Бу ҳақида IMOда турли йилларда иштирок этиб, турли медаллар соҳиби бўлган бир гуруҳ  математикларимиз хабар беришмоқда.

Гап шундаки, шу йилнинг 3–14 июль кунлари Руминия давлатининг Клуж-Напока шаҳрида ўтказилган дунёнинг энг нуфузли саналган фан олимпиадасида Ўзбекистон жамоасидан 3 нафар ўқувчи қаллобликда гумонланиб, олимпиададан четлаштирилган. «Wikipedia»га кўра, ҳозиргача бундай вазият фақат икки марта, 1991 ва 2010 йилларда Шимолий Корея жамоаси билан содир бўлган.

Воқеа тафсилотларидан аввал, олимпиаданинг ўтказилиш тартиби билан қисқача танишиб чиқсак.

IMO 1959 йилдан буён (1980 йилдан ташқари) ҳар йили ўтказилиб келинади ва бу ўқувчилар ўртасида ўтказиладиган барча математика олимпиадалари ичида энг обрўлиси. Олимпиада иштирокчиларига 6 та масала берилиб, ҳар бир масала 7 баллгача баҳоланади. Ҳар бир давлатдан 6 тагача ўқувчи қатнашиши мумкин ва улар кетма-кет 2 кунда 3 тадан масала ечишади. Ҳар бир кун учун 4,5 соат вақт ажратилган. Ҳар кунги 3 та масаладан биринчиси нисбатан осонроқ, иккинчиси ўртача ва охиргиси энг қийин масала бўлади.

Масалаларни танлаб олиш ҳам ўзига хос. Йил давомида барча математиклар ўз масаласини IMO кенгашига таклиф қилади. Йиғилган барча масалалар рўйхатидан (longlist) кенгаш томонидан алгебра, геометрия, сонлар назарияси, комбинаторика каби математиканинг турли соҳаларига оид 30 тача энг муносиблари танлаб олинади (shortlist). Олимпиада бошланишидан 1 ҳафтача аввал ҳар бир давлатнинг жамоа етакчилари (team leader) ва жамоа кузатувчилари (observer A) олимпиада ўтадиган давлатга етиб келишади ва сўнгги 6 та масалани танлашда ва шартини ўз тилига ўгиришда қатнашишади. Бунда уларга масала шарти ва унинг намунавий ечими тақдим қилинади. Ҳар бир масала овоз бериш йўли билан танланади. IMO низомига кўра, ушбу босқичда қатнашганлар ўз жамоаси билан олимпиада тугамагунча учрашиши ёки ҳар қандай тарзда маълумот алмашиши қатъиян тақиқланган.

Тақдирлаш эса қуйидагича: қатнашчилардан тенг ярмига медаль топширилади, шундан ярми бронза медалини, қолган қисмининг учдан иккиси кумуш медалини ва энг юқори балл олган охирги қисм олтин медалини қўлга киритади. Масалан, олимпиадага ҳаммаси бўлиб 600 та ўқувчи қатнашса, 150 та бронза, 100 та кумуш ва 50 та олтин медали топширилади. Албатта, икки хил медаль учун балл чегараси атрофида бир хил балл олганлар кўпайиб кетса, медаллар тақсимоти сал ўзгариши мумкин. Медал олмаганлардан битта масалани тўлиқ ечганларга фахрий ёрлиқ топширилади.

Олимпиадада масалаларни ечиш жараёни, Руминия, 2018

Ўзбекистон ушбу олимпиадага 1997 йилдан буён айрим йилларда узилишлар билан қатнашиб келмоқда. Келинг, юртимиз математикларининг ушбу йиллардаги кўрсаткичини таҳлил қилайлик. Олимпиадага қатнашувчи давлатлар сони 100 дан ошиқ бўлгани учун фақат Марказий Осиё давлатлари билан кифояланишни маъқул кўрдик.

Марказий Осиё давлатларнининг IMOда умумжамоа ҳисобида олган баллари бўйича ўринлари (юқори ўринни олганлар юқорироқда, паст ўринни олганлар эса қуйироқда).

Кўриб турганингиздек, бизнинг терма жамоамиз 1997 йилдан 2008 йилгача (2003 йилдан ташқари) Марказий Осиё давлатлари ўртасида иккинчи ўринни эгаллаб келган. 2011-йилдан бошлаб эса 4–5 ўринларга тушиб кетган. Айниқса, охирги уч йил ичидаги умумжамоа ҳисобида ўртача 110 давлат орасидан 77, 74, 86-ўринларни эгаллаб келмоқдамиз.

Энди шу йилги вазиятга қайтсак. Расмий натижалар чиқишидан аввалроқ таблодаги умумий натижалар расмга олиниб, интернетда тарқалди. Унга кўра, бизда камида 2 та кумуш медали бўлиши керак эди.

«IMO 2018»даги норасмий натижаларимиз.

Сал ўтмай, расмий натижалар IMO сайтига жойлаштирилди. Унда эса бутунлай бошқа вазият — фақат 2 та фахрий ёрлиқ билан чегараланганмиз ва 6 тадан 3 та ўқувчи умуман кўрсатилмаганини кўришимиз мумкин:

«IMO 2018»даги расмий натижаларимиз.

IMO президенти Жоф Смит (Geoff Smith) ўз баёнотида бу йилги олимпиадада жамоамиз билан айнан нима бўлгани ҳақида тўхталиб, хусусан, шундай дейди:

Таржимаси:

… «IMO 2018»да масала капитани қийин масалани битта давлатдан (Ўзбекистон) бўлган учта қатнашчи бир-бирига жудаям ўхшаш йўл билан ечганлиги ва бунда эҳтимолий қонун бузилиши бўлганлиги ҳақида хабар берди. Ахлоқ (этика) қўмитаси вакиллари ва IMO кенгашидан сайланган аъзолар томонидан текширувлар ўтказилиб ҳамда шу давлат терма жамоаси етакчиси билан (таржимон орқали) муҳокамалар олиб борилиб, IMO ҳакамлар ҳайъатига тавсия берилди. Ҳайъат муаммодан келиб чиқиб, ўқувчилар ечимларини ва алоқадор ҳисоб-китобларини ўрганиб чиқди. Жамоа етакчиси ечимдаги ўхшашликларни (чизмалар, методлар, тригонометрия ва масаланинг ечилиш тартиби) ўқувчилар битта мактабда ўқиганлиги ва битта ўқитувчидан дарс олганлиги билан изоҳлади.

Ҳайъат бунга ишонмади ва кўпчилик овоз билан уччала ечим ҳам ноқонуний манбага таянади деб топди. Жамоанинг бошқа қатнашчилари ва етакчилари томонидан қонун бузилишига алоқадорлик бўйича ҳеч қандай далил бўлмагани учун уларга нисбатан чора кўрилмади. «IMO 2018»дан ушбу қатнашчиларни четлаштиришга қарор қилинди ва улар «IMO 2018»да умуман қатнашмаган деб топилганлигига асосланган ҳолда охирги натижалар таҳлил қилинди ва медаллар тақсимланди…

Асли:

… At IMO 2018, a Problem Captain reported a possible irregularity concerning three students from the same country having extremely similar solutions to a hard problem. Following an investigation by members of the Ethics Committee and elected members of the IMO Board, and discussion with leaders of the team (who had a translator provided) a recommendation was made to the IMO Jury. The Jury considered the issue, and studied both the students’ scripts and the associated rough work. The relevant team leader proposed the theory that similarity of solutions (diagrams, methods, trigonometry, lay out on the page) could be because the students attended the same school and had the same teacher.

The Jury was not persuaded, and voted by a large margin that the three scripts had a common irregular source. Since there was no evidence presented of irregular conduct by the other three team members, nor by any of the leaders of the team, no sanctions were taken against them. It was decided to disqualify the three student from IMO 2018, and the final analysis of the results data to decide medal cuts was made on the basis that these three students had never attended the event…

Ҳозирча Ўзбекистон жамоаси етакчиси Шуҳрат Исмоилов ёки бошқа қатнашчилар томонидан ушбу ҳолат юзасидан ҳеч қандай расмий баёнот берилгани йўқ.

Изоҳлар 2

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг