2017 йилда провайдер ва операторлар учун интернет нархи 3 баробарга туширилди

2017 йилда провайдер ва операторлар учун интернет нархи 3 баробарга туширилди

Фото: «Podrobno.uz»

Яқин вақтларга қадар рақамли келажак ҳақида қизғин суҳбатлар кечарди. Бугун бунинг ҳеч қандай маъниси йўқ, чунки биз том маънодаги рақамли даврда яшамоқдамиз.

Статистик тадқиқотлар натижалари интернетнинг кенг тарқалгани ва ундан кундалик фойдаланиш имконияти яратилганини тасдиқлайди. Провайдерлар янада кўпроқ мижозларга хизмат кўрсатиш учун бор имкониятларини ишга солишмоқда. Бироқ шундай тенденция бор – тарифлар рўйхатидан паст тезликдаги арзон таклифлар ўчирилмоқда, мижозларга юқори тезликдаги қимматроқ тарифлар таклиф этиляпти. Эскирган тарифлар аввал архивга тушмоқда, сўнг ёпилмоқда. Мутахассислар МДҲ мамлакатлари телекоммуникация бозорини ўрганиб, шундай реал қарорга келишяпти.

«Ўзбектелеком» АК давлат сектори, операторлар, интернет провайдерлар, шунингдек Ўзбекистон аҳолиси учун телекоммуникация хизматларини кўрсатиб келади. Шу сабаб, мамлакатнинг ҳеч бир фуқароси ушбу компания хизматларидан четда қолмайди.

Ўтган йили «Ўзбектелеком» компанияси аҳолининг интернет хизматларига ошиб бораётган эҳтиёжини қондириш мақсадида қўшни давлат операторлари билан мавжуд чегара нуқталари ўтказувчанлигини ошириш ва янгиларини қуриш бўйича қатор лойҳаларни амалга оширди.

2017 йил бошидан интернет тармоғининг тезлигини ошириш мақсадида амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида тезлик 2 баравар ошди. Бу ҳақда «Podrobno.uz» хабар берди.

Ўзбекистонда ўтган йилнинг сентябрь ойида валюта сиёсатининг либераллаштирилиши муносабати билан «Ўзбектелеком» АКнинг халқаро транзит каналларини ижарага олиш валюта харажатлари ўртача икки баробарга ошди.

«Ўзбектелеком» компанияси интернет нархи кескин кўтарилиб кетишининг олдини олиш мақсадида ўтган йили сентябрь ойида провайдер ва операторлар учун 1 Мбит/с тезликдаги интернет нархини 244 958 сўм этиб белгилаганди. Шу тарзда миллий алоқа оператори 2017 йилда нафақат хизматлар ҳажмини шакллантирди, балки нархларнинг кескин ошиб кетиши олдини олди.

Бугунги кунда провайдерлар ва операторлар учун 1 Мбит/с тезликдаги интернет нархи 2017 йил бошидан сезиларли даражада пасайтирилиб, 91 доллардан 30 АҚШ долларига туширилди. Барча харажатлар  «Ўзбектелеком» АК ҳисобидан ёпилди.

2017 йилда компания «Digital» (замонавий рақамли технологиялар) сари дадил қадамлар қўйди, стратегиясини ўзгартирди, турли соҳалардан ижрочиларни жамлади. Бугун миллий оператор турли янги маҳсулот ва хизматлар ишлаб чиқяпти. Олдинда улкан вазифалар турибди, биринчи натижалар эса жорий  – 2018 йилдаёқ кўрина бошлайди.

Сўнгги 3 йилдаги интернет нархлари
Фото: «Podrobno.uz»