Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

64 МПлик камерага эга илк смартфон намойиш этилди

64 МПлик камерага эга илк смартфон намойиш этилди

Oppo компаниясининг Realme бренди яқиндагина иккита янги смартфони – Realme 5 ва Realme 5 Pro моделларини тақдим қилганди. Ўша тадбирда ваъда қилганидек, энди Realme XT ҳам намойиш этилди, деб хабар бермоқда «Терабайт».

Realme XT ўрта нарх тоифасига мансуб бўлса-да, камерасида 64 мегапикселлик Samsung ISOCELL Bright GW1 оптик датчиги қўлланган дунёдаги биринчи смартфондир. Мазкур модулга эга смартфонларини Xiaomi компанияси 29 августда, Samsung эса ҳали кейинги ойда намойиш қилади.

Рекорд аниқликдаги камера

Шундай қилиб, Realme XT қурилмасидаги рекордчи камера тўртта модулни ўз ичига олади. Лекин унинг асосий датчиги дастлабки созламалар бўйича максимал аниқликда суратга олмайди. Яъни, стандарт режимда ISOCELL Bright GW1 датчигидаги тўртта пиксел биттага жамланади ва 16 МПлик сифатли фотосурат олади. 64 мегапикселлик расмга тушириш учун камера созламалари орқали алоҳида режимга ўтилади; бу тарзда олинган битта суратнинг ҳажми нақ 21 мегабайтни ташкил этади.

Камеранинг иккинчи модули кенг бурчакли – 8 мегапикселлик ва 119 даражали кўриш бурчагига эга. Учинчи датчик 2 МПлик бўлиб, тасвирга олинаётган саҳнанинг чуқурлигини аниқлашга хизмат қилади. Тўртинчи сенсор ҳам 2 мегапикселлик аниқликда бўлиб, фақат макросъёмка учун қўлланади.

Қолган жиҳатлари

Realme XT диагоналига 6,4 дюймлик AMOLED-дисплей билан жиҳозланган, унинг тасвир аниқлиги Full HD+ форматида. Бармоқ изи ҳам экраннинг ўзига интеграция қилинган, яна 16 МПлик селфи-камера учун экраннинг юқори қисми ўртасида кемтик мавжуд.

Смартфон Snapdragon 712 процессори базасига қурилган, уни 4, 6 ва 8 ГБлик тезкор, 64 ва 128 ГБлик доимий хотираларга эга вариантларда таклиф этишади.

Realme XT аккумуляторининг ток сиғими 4000 мА/соатни ташкил этади ва у 20 ваттлик технология бўйича тезкор қувват ола билади. Қулоқчин учун стандарт 3,5 миллиметрлик аудиожек мавжуд, бироқ контактсиз тўловлар учун NFC модули қўлланмаган.

Realme XT асосий хусусиятлари:

  • Дисплей: 6,4 дюймлик, AMOLED, Ful HD+
  • Процессор: Snapdragon 712
  • Хотира: 4/6/8 ГБлик (LPDDR4X) тезкор ҳамда 64/128 ГБлик (UFS 2.1) ички
  • Камера: 64+8+2+2 МПлик асосий ҳамда 16 МПлик олд камералар
  • Аккумулятор: 4000 мА/соатлик, VOOC 3.0 тезкор қувватлаш
  • Операцион тизим: ColorOS 6.0.1 график қобиғи остидаги Android 9.0
  • Алоқа: Иккита SIM-карта, Bluetooth 5.0

Realme XT нархлари ҳали маълум қилинмади, қурилмани сентябрнинг иккинчи ярмида сотувга чиқаришади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг