Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

АКТ вазири: «2018 йилда интернет-канал ўтказувчанлик қобилияти 1,2 терабитгача ошади»

АКТ вазири: «2018 йилда интернет-канал ўтказувчанлик қобилияти 1,2 терабитгача ошади»

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Азим Ахмедхаджаев.

Фото: «Mitc.uz»

Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Азим Ахмедхаджаев Ўзбекистон Президенти матбуот хизматининг «Кабинет» махсус лойиҳаси доирасида видеоинтервью берди.

Интервьюда вазирлик олдида турган энг асосий вазифалардан бири — магистрал телекоммуникациялар тармоғини кенгайтириш, ички интернет-каналлар ўтказувчанлик қобилиятини ошириш ҳақида ҳам сўз борди.

Ушбу вазифаларни амалга ошириш учун Ўзбекистонга хориждан мутахассислар жалб этилган. Айни пайтда интернет имкониятларини кенгайтириш устида 20 нафардан ортиқ хорижлик экспертлар, шунингдек АКТнинг бошқа имкониятларини ривожлантириш устида 15 нафардан зиёд мутахассислар иш олиб бормоқда.

«Бу жамоа юқори малакали мутахассислардан иборат ва улар телекоммуникациялар ривожланишининг замонавий трендларини яхши билишади. Жаҳон тажрибасидан келиб чиқиб, биз алоҳида эътибор қаратишимиз ва ишлашимиз лозим бўлган оғриқли нуқталаримизни кўрсатиб туришади», — деди соҳа раҳбари.

«Интернет-каналнинг ўтказувчанлик қобилиятини 160 гигабитдан минимум 1,2 терабитгача оширишни режалаштиряпмиз. Аҳоли, сармоядорлар ва тадбиркорлар Ўзбекистон IT-соҳаси тақдим этаётган имкониятларни ҳис қила олишлари учун бу ишларни 2018 йил охирига қадар якунига етказиш кўзда тутилган», — қайд этди вазир.

Азим Ахмедхаджаевнинг сўзларига кўра, интернет-каналнинг кенгайтирилиши катта ҳажмдаги ахборотларни юклаш тезлигини оширади. Мисол учун, «YouTube»даги видеороликнинг юкланишини кутиб ўтиришга ҳожат қолмайди. Шу билан бирга, бизнес соҳасида ўзаро алмашиладиган катта ҳажмли маълумотларни узатиш тезлиги ошади.

Интервьюда электрон давлат хизматларини кенгайтириш, дастурий маҳсулотлар экспорти, инновацион стартаплар, коворкинг марказлари ишини йўлга қўйиш, инвестицияларни жалб этиш,  кадрлар тайёрлаш масалалари каби соҳа олдида турган қатор муҳим вазифалар ҳақида сўз боради.

Суҳбатнинг тўлиқ вариантини ушбу ҳаволада томоша қилишингиз мумкин.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг