Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Арзонлашган интернет, кенг полосали уланиш ва ҳудудлардаги ўзгаришлар ҳақида

Арзонлашган интернет, кенг полосали уланиш ва ҳудудлардаги ўзгаришлар ҳақида

Бугун, 22 апрель куни АОКАда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Ахборот хизмати раҳбари Ш. Ахматов иштирокида брифинг бўлиб ўтди.

Мазкур брифингда Ахборот технологиялари соҳасидаги телекоммуникация йўналишидаги ислоҳотлар, Самарқанд вилоятида телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш ва соҳада кадрларни тайёрлаш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида сўз борди.

2021 йилнинг биринчи чорагида бажарилган ишлар

2020 йилда оптик толали тармоқларнинг умумий узунлиги 68,6 минг километрни ташкил этган бўлса, 2021 йилда биринчи чорагида 81,7 минг километрга етказилди. Жорий йил охирига қадар эса ушбу кўрсаткични 118,6 минг киломертгача етказилиши режалаштирилган.

Бугунги кунда 1 миллионта Интернет тармоғига кенг полосали уланиш портлари ўрнатилиб, уларнинг умумий сони 3 миллионга етказилди. 2021 йил охирига қадар портларнинг сони 3,9 миллионгача етказилади.

Мазкур лойиҳа бўйича ишларнинг асосий қисми якунланганлиги муносабати билан, 2021 йил 1 январдан транспорт каналларини ижарага бериш хизмати жорий нархи 2 баробарга арзонлаштирилди.

2020 йилда Республика бўйича 31,7 мингдан ортиқ мобил алоқа база станциялари мавжуд бўлган бўлса, 2021 йил биринчи чоракда 945 та база станциялари ишга туширилиб, жами 32,68 мингдан ортиқ мобил алоқа база станциялари фаолият кўрсатмоқда.

Интернет нархлари

Бугунги кунда мобил интернет хизматлари нархларини яънада арзонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Қолаверса, 2019-2020 йилларда оператор ва провайдерларга интернет хизматлари учун тариф мавжуд техник қувватларни кескин ошириш ҳисобига 2021 йил январдан оператор ва провайдерларга халқаро пакетли коммутация маркази (ХПКМ) орқали тақдим этиладиган 1 Мегабит/с тезликдаги канал нархи 2 баробарга арзонлаштирилди ва ҳозирги кунда ушбу хизмат нархи 40 000 сўм деб белгиланган. Бу, ўз навбатида, оператор ва провайдерларнинг республикамизнинг чекка ҳудудларида фаолиятини ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратади. 2021 йил майдан ушбу хизмат жорий нархи яна 30 фоизга арзонлаштирилмоқда.

Олиб борилаётган ушбу  самарали ишларни халқаро порталлар ҳам эътироф этмоқда. Мисол учун, Британиянинг Cable.co.uk портали дунёдаги мобил интернет нархлари тўғрисидаги маълумотларни эълон қилди. Унга кўра Ўзбекистон 230 мамлакат орасида 21-ўринни эгаллади. Бир йил давомида мамлакатимиз кўрсаткичларини 33 поғонага кўтарди.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, 2020 йил феврал ойида ушбу сайтда  https://www.cable.co.uk/  Ўзбекистонда 1 Гигабайт мобил интернет нархи 1,34 АҚШ долларини ташкил этган. Мобил интернет нархи арзонлиги бўйича рўйхатда Ўзбекистон 54-ўринни эгаллаганини кўрсатган эди. 

Ижтимоий соҳа объектларини юқори тезликдаги интернет билан таъминлаш доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Республикада 10 минг 156 та умумтаълим мактаблари, 5 минг 625 та мактабгача таълим муассасалари ва 3 минг 401 та соғлиқни сақлаш объектлари мавжуд бўлиб, жорий ҳолатига 9 минг 347 та  халқ таълими, 5 минг 625 та  мактабгача таълим муассасалари ва 3 минг 401 та соғлиқни сақлаш объектларига жами 18 минг 373 километр оптик толали алоқа линиялари ташкил этилган ва юқори тезликдаги интернет тармоғига уланиш имконияти яратилган.

Ҳудудларда комплекс чоралар

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан сўнгги йилларда ҳудудларда ҳам бир қатор комплекс ишлар олиб борилди.

Президентимизнинг Самарқанд вилоятига жорий йилнинг 15-16 апрель кунлари қилган ташрифидан сўнг Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ишчи гуруҳ томонидан вилоятда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар белгиланиб, соҳанинг ҳар бир йўналиши жойида ўрганилиб вазифалар белгиланмоқда.

Соҳанинг устувор йўналишлардан келиб чиқиб, Самарқанд вилоятида телекоммуникация инфратузилмасини ва рақамли технологияларни ривожлантириш ҳамда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича 2021 йилда амалга ошириладиган вазифаларни белгилаб олинмоқда.

Биринчи навбатда, 3,7 минг км.дан ортиқ оптик толали алоқа линиялари қурилади ва 134,1 минг рақамли қурилмалар ўрнатилади.

125 та қўшимча мобил алоқа таянч база станцияларини ўрнатиш ва 156 та мавжуд таянч база станцияларини модернизация қилиш орқали ҳудудда юқори тезликдаги мобил интернет қамрови даражаси 82 фоизга етказилади.

Маҳалла фуқаролар йиғинларининг барчасида 1 минг 100 та (100 фоиз) юқори тезликдаги интернет хизматларидан фойдаланиш имконияти яратилади.

Иккинчидан, почта алоқаси соҳасини ислоҳ қилиш доирасида Пахтачи, Пайариқ ва Қўшработ туманларидаги почта алоқа боғламалари рақамли трансформация қилинади ва уларда 15 турдаги Электрон ҳукумат ва банк хизматлари кўрсатилиши йўлга қўйилади.

Учинчидан, вилоятда IT соҳасида ёшларга шароит яратиш, кадрлар малакасини ошириш ва мутахассисларни тайёрлаш мақсадида, Қўшработ, Пайариқ, Каттақўрғон, Нарпай ва Пахтачи туманларида «Рақамли технологиялар ўқув марказлари» ташкил қилинади.

Тўртинчи навбатда, туманлар ҳокимликлари билан биргаликда Жомбой, Қўшработ, Нарпай, Оқдарё, Пастдарғом, Самарқанд ва Тойлоқ туманларида информатика ва ахборот технологияларига ихтисослашган мактаблар ташкил этилади.

Ушбу белгиланган вазифалар Самарқанд вилоятида ахборот технологияларни жорий қилиш соҳасида асосий пойдевор вазифасини бажаради.

Самарқанд вилоятида 2021 йилнинг  биринчи чорагида телекоммуникация хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида 3,6 минг сиғимли замонавий қурилмалар ўрнатилиб, умумий сиғими 296 мингга етказилди. Шунингдек, 2 минг километр  оптик толали алоқа линиялари қурилиб, умумий узунлиги 10,1 минг километрга етказилди.

Кўрсатилаётган хизматлар ҳажмини кенгайтириш мақсадида телекоммуникация транспорт тармоғининг ўтказувчанлик қобилияти вилоят маркази даражасида 400 Гбит/секундга оширилди.

Вилоятдаги 1 минг 100 та маҳалла фуқаролар йиғинларидан 752 тасида  оптик толали алоқа линиялари қурилди. Мобил алоқа қамровини кенгайтириш ва сифатини яхшилаш мақсадида жорий йилда 46 та янги база станциялари ўрнатилди ва модернизация қилинди. Натижада ҳудуддаги аҳоли масканларида мобил алоқа қамрови 99,3 фоиз ҳамда тезкор мобил интернет қамрови 79,2 фоизга етди. Ҳозирги кунда мобил алоқа станцияларининг умумий сони 4 минг 113 тани ва мобил абонентлар сони 2,39 миллион нафарни ташкил этмоқда. Вилоят бўйича аҳоли яшаш масканлари 100 фоиз рақамли телевидение сигналлари билан қамраб олинган.

Бугунги кунда вилоят бўйича жами 212 та почта алоқа бўлимлари аҳолига почта алоқа хизматларини кўрсатиб келмоқда. «Ўзбекистон почтаси» АЖ Самарқанд филиали томонидан 2020 йилда жами 10,3 миллиард сўмлик почта алоқаси хизматлари кўрсатилди. Аҳолига интерактив давлат хизматларидан фойдаланишда қулайликлар яратиш мақсадида «Ўзбекистон почтаси» АЖнинг 23 та алоқа бўлимларида 15 турдаги электрон давлат хизматларидан фойдаланиш имконияти яратилди. Шунингдек, 15 та почта алоқа бўлимларида аутсорсинг асосида банк хизматларини кўрсатиш йўлга қўйилди.

«Беш муҳим ташаббус» жумладан, 3-ташаббус доирасида вилоятнинг 11 та шаҳар ва туманларда Рақамли технологиялар ўқув марказлари ташкил этилди. Мазкур ўқув марказларида жорий йилнинг ўтган даврида 978 нафар ёшлар ўқишга жалб қилиниб, 386 нафари ўқув курсларини муваффақиятли тамомлади. Шунингдек, «Ёшлар дафтари»га киритилган 155 нафар ёшлар ва «Аёллар дафтари»га киритилган 76 нафар хотин-қизлар ўқитилди. Шу билан бирга вилоятдаги умумтаълим мактабларида ташкил этилган 1минг 331 та рақамли технологиялар йўналишидаги тўгаракларга 38 минг 358 нафар ўқувчи - ёшлар жалб этилди.

«Бир миллион дастурчи» лойиҳа доирасида вилоятда ҳозирга қадар 19 минг 737 нафар ёшлар рўйхатдан ўтиб, улардан 4 минг 935 нафари битирувчи сертификатини олди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг