Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда бепул маслаҳат берувчи веб-портал яратилади

Ўзбекистонда бепул маслаҳат берувчи веб-портал яратилади

Фото: «Middlesbrough CAB»

Адлия вазирлиги «Xabar.uz»га маълум қилишича, Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда турли соҳалар (тадбиркорлик, ижтимоий ҳимоя, ҳуқуқий ҳимоя ва бошқалар) бўйича бепул маслаҳат берадиган «Advice.uz» ягона маълумотлар порталини яратиш ишлари бошланди.

Портални муваффақиятли ишга тушириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти маъмурияти ва Адлия вазирлиги вакилларидан иборат делегациянинг Лондон шаҳрига ташрифи уюштирилди.

Делегация Британиянинг фуқароларга маслаҳат бериш бўйича энг яхши амалиётлари, хусусан, 1939 йилда иш бошлаган «Citizens Advice» тармоғи фаолияти билан яқиндан танишди.

«Citizens Advice» — Буюк Британиядаги 316 та мустақил хайрия ташкилоти тармоғидир.

Бу тизим орқали ижтимоий ёрдам, меҳнат муносабатлари, қарздорлик, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, оила, уй-жой, суд-ҳуқуқ, миграция соғлиқни сақлаш каби соҳаларда электрон портал, телефон, электрон ва «Webchat» хизмати ёрдамида бепул маълумот ва маслаҳатлар тақдим этилади.

«Citizens Advice»нинг Буюк Британия ҳудудида 600 дан ортиқ бюроси мавжуд бўлиб, уларга аҳоли ўзининг муаммоси бўйича бепул маслаҳат олиш учун бевосита мурожаат қилиши мумкин.

2017-2018 йиллар давомида «Citizens Advice» жамоаси томонидан 2 млн. 700 минг нафардан ортиқ шахсларга бевосита ҳуқуқий ёрдам кўрсатилган. Онлайн маслаҳат сайтига 43 миллион фойдаланувчи кирган.

Ўзбекистон делегацияси ўз ташрифи давомида Фуқаролар маслаҳатлари бюроси миллий уюшмаси (National Association of Citizens Advice Bureaux – NACAB), мазкур уюшма билан ҳамкорлик қилувчи Буюк Британия ҳукуматининг электрон ҳукумат тизимини ривожлантириш бўйича хизмати (Government Digital Services-GDS), Бизнес, энергетика ва саноат стратегияси департаменти (Department for Business, Energy and Industrial Strategy) ҳамда Буюк Британияда мустақил маслаҳат хизматлари тармоғини қўллаб-қувватловчи «AdviceUK» хайрия ташкилоти вакиллари билан учрашди.

Учрашувлар доирасида делегация аъзолари ва хорижий ташкилот вакиллари ўртасида «Advice.uz» Ягона ахборот портали лойиҳасини Ўзбекистонда ишга тушириш истиқболлари бўйича фикрлар алмашилди.

«Citizens Advice» вакиллари Ўзбекистон делегациясига уюшма фаолиятига берилган юксак баҳо учун ўз миннатдорлигини изҳор қилди ҳамда мазкур лойиҳани амалга оширишда керакли бўлган барча ахборот ресурсларини тақдим этиш, эксперт ёрдамини кўрсатиш орқали Адлия вазирлиги билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканини билдирди.

«Government Digital Services» вакиллари билан бўлган учрашувда ахборот технологиялари, хусусан, мазкур порталнинг веб платформасини ишлаб чиқишда эксперт ёрдами кўрсатиш бўйича ҳамкорлик қилишга қарор қилинди. Томонлар Ўзбекистон делегациясининг келгуси ташрифида Ҳамкорлик меморандумини имзолашга келишишди.

Бепул маслаҳат берувчи веб-порталнинг яратилиши фуқароларнинг арзимаган масалалар бўйича турли идораларга мурожаат қилишини кескин камайтириши билан биргаликда, кундалик ҳаётда дуч келиши мумкин бўлган турли муаммоли масалаларнинг қонуний ечимини топилишини таъминлайди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг