Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Билл Гейтснинг «ака»си

Билл Гейтснинг «ака»си

Пол Аллен ва Билл Гейтс, 1987 йил.

Фото: «CNBC.com»

Оламга машҳур «Майкрософт» корпорацияси дейилганда ҳаммамизнинг кўз ўнгимизга албатта миллиардер Билл Гейтс келади. Лекин «Майкрософт» бир кишининг меҳнат маҳсули эмас. Унинг асосчилари икки киши – Пол Аллен ва Билл Гейтс бўлишган. Билл Гейтс ҳақида кўп ва хўб ўқиганмиз, навбат Пол Алленга.

«Майкрософт» ғояси кимдан чиққан деган саволга ҳали-ҳануз жавоб топилгани йўқ. Кимдир бу Гейтснинг иши деса, яна кимлардир ҳамма ишни бажарган инсон Пол Аллен дея эътироф этишади. Лекин шуниси аниқки, компания эндигина фаолият бошлаган, фақат икковигина ишлаган пайтларда Пол ғояларни амалга татбиқ этиш, янги маҳсулотлар яратиш билан, Билл эса маҳсулотларни реклама қилиш ҳамда мижозлар топиш билан шуғулланарди. Гап шундаки, юқори технологиялар барқ уриб ривожланган йиллар суронида Алленнинг номи бир қадар унутилгани боис ҳамма ютуқлар Гейтсга қолиб кетди.

Пол Гарднер Аллен Сиэтлда, 1953 йилнинг 21 январида туғилган (яъни Гейтсдан икки ёш катта). Мактабда ўқиб юрган чоғларида у электроникага қизиқиши туфайли худди ўзи каби қизиқишлар соҳиби Билл билан яқинлашади. Болакайларнинг техникага интилишлари уларни ўша пайтларда гўё ушалиб бўлмасдек туюлган орзулар сари етаклайди – бу икки билимдон компютерларни (тўғрироғи, электрон ҳисоблаш машиналарини) ҳар бир хонадонга, ҳар бир инсонга етказиб беришдек мураккаб ишга бел боғлашади.

Пол 18 ёшида Вашингтон университетига ўқишга қабул қилинади, лекин Билл билан дўстлиги давом этади. Уларнинг дастлаб очган компаниялари номи «Traf-O-Data» деб номланади, лекин бу компания бирор-бир фойда бермайди, фақат шафқатсиз бозор шароитида икковлоннинг тажрибаси ошгани қолди, холос. 1974 йилнинг қишида Пол «Popular Electronics» журналини варақлаётиб, MITS компанияси «Altair» илк персонал компютерини яратгани ҳақидаги хабарни ўқиб қолади. Зарур дастурларсиз «Altair» бефойда бир буюм эканлигини яхши англаб етган Пол Биллни етаклаб MITSга боради ва икки дўст компания раҳбариятини керакли дастурларни айнан уларга буюртма беришга кўндиришади. Бу юлдузли онларнинг бошланиши эди.

1975 йилда улар ўз компанияларига асос солишади. Компания номи устида икки дўст роса бош қотиришади. «Outcorporated Inc.» ёки «Unlimited Ltd.» номлари ҳеч кимга ёқмайди,  «Аллен ва Гейтс» эса адвокатлик бюросини эслатарди. Узоқ изланишлардан сўнг «MicroSoft» номига тўхталишди. Micro – бу микрокомпютерлар, Soft – эса дастурлаш дегани эди. Шунча йиллар ўтиб бу компания гигант корпорацияга айланган бўлса-да, ҳалигача шу номга мос фаолият юритиб келмоқда.

Билл Гейтс ва Пол Аллен 1981 йилда ва бугун.
Фото: «digitalic.it»

Ишлар жадал ривожланиб кетади, пуллар кўпаяди. Ҳаммаси кўнгилдагидек кетаётган бир пайтда, 1982 йили Парижда юрган Пол бўйнида кучли оғриқ сезади. Шифокорларнинг ташхиси даҳшатли эди – хожкин касаллиги, саратоннинг оғир бир тури...

Пол ҳамма ишларини йиғиштириб Сиэтлга қайтади ва машаққатли муолажаларни бошлаб юборади. Узоқ уринишлардан сўнг дард ортга чекинади. Соғайиб кетса-да, Пол «Майкрософт»га қайтишга шошилмайди. Касаллик уни ҳаётга ўзгача нуқтаи назар билан боқишга ундаганди. Ҳамма нарса ўткинчи эканлигини англаган Пол акцияларнинг йирик пакети ва директорлар кенгашидаги ўрнини сақлаб қолган ҳолда «Майкрософт»ни тарк этади.

Энди у фақат кўнгли нимани тусаса шу билангина шуғуллана бошлайди: дунё кезади, хайрия ишларига бош қўшади, қўшиқлар айтиб албом чиқаради, фойдали-фойдасиз лойиҳаларга аямай пул совуради. Зеро, у буни ўзига эп кўра олар, «Майкрософт» ортидан келаётган миллиардлар унинг ҳар қандай эрмагини оқларди.

Пул сарфлашнигина эмас, пул топиш тизгинини ҳам ўзида ушлаб турган Пол ҳозирги кунда 140дан ортиқ етакчи компаниялар акцияларига эга. Улар орасида катта-катта фойда оладиган «DreamWorks» кинокомпанияси, АҚШ кабелли телевидениеси, энг оммабоп шоуларни уюштирувчи компаниялар бор.

Алленнинг «Vulcan Ventures» сармоядорлик гуруҳи ажабтовур илмий лойиҳаларни молиялаштиради. Полнинг энг ҳайрон қоларли лойиҳаси 1992 йилда тузилган «Interval Research Corp.» компанияси бўлди. Унинг васийлиги остида энг етакчи олимлар ҳар қандай тижорат ишларидан холи тарзда фақат илм билан шуғулланишарди.

2000 йилга келиб Алленнинг ўзи 250 миллион доллар сарфланган бу лойиҳанинг ёпилишини эълон қилди. Олимларнинг барча ғоя ва янгиликларини шартномага кўра ўзиники қилиб олди. Лекин бу янгиликларни бирортаси ҳаётга татбиқ этилмади ва фойда бермади. Шундай бўлса-да, Полни яхши биладиганлар унинг келажакда албатта бу ғояларни яхшигина пуллашини таъкидлашмоқда. Зеро, ҳаёт йўлларининг шунча ўнқир-чўнқирларига қарамай «Форбс» рейтингида юқори ўринларни ва 12 миллиард долларни қўлга киритган инсондан мағлубият кутиш ноўрин.

Ўтган йиллар давомида  Аллен ва Гейтс компанияси томонидан турли даврларда айтилган ва тасдиғини топмаган, яъни қип-қизил хатодан иборат гаплар оммага эълон қилинди:

  • 1980 йил — «Дастурлар тузиш ортидан бойиб кетиш мумкин эмас» (аслида эса айнан дастурлар уларни миллиардерларга айлантирди);
  • 1993 йил — «Бизга интернетнинг мутлақо қизиғи йўқ» (бунинг мутлақо акси бўлди);
  • 1996 йил — «640 килобайт хотира ҳар қандай инсон учун етарли» (буниси ҳеч куракда турмайди, ҳозир битта сурат ҳам бундан оғир);
  • 2004 йил — «Кераксиз хатлар — спамлар яқин йиллар ичида унутилади» (бу гап ширин орзудан ўзга нарса эмаслиги аён бўлди).
Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг