Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Болаларни дастурлашга ўргатувчи энг яхши 9 ўйин

Болаларни дастурлашга ўргатувчи энг яхши 9 ўйин

Фото: «Wclub.ru»

Ёзги таътил вақтида болалар бирор юмуш билан банд қилинмаса, уларни назорат қилиш осон кечмайди. Бугунги ёш авлод ахборот технологиялари қуршовида улғаймоқда. Истаймизми-йўқми улар компютер ўйинлари қаршисида кўп вақтини ўтказишади. Бу ҳолатдан қандай қилиб самара чиқариш мумкин? Биз сизга болаларни дастурлашга ўргатувчи энг яхши ўйинларни тавсия қиламиз.

Фарзандингизни келажакда АКТ соҳаси мутахассиси ролида кўрмасангиз ҳам, уларнинг бу билимларни эгаллашига монеълик қилманг. Чунки дастурлаш мантиқий фикрлашни ва ўз хатти-ҳаракатларини режалаштириш қобилиятини ривожлантиради. Қуйида тавсия этиладиган ўйинларда ёш у қадар чегараланмаган ва уларни икки ёшли болакай ҳам, мактаб ўқувчиси ҳам бирдай ўйнаши мумкин.

  1. Kodable: ҳатто болакай ҳам дастурлашни ўргана олади!

Бошланғич дастурлаш таълимини беришга мўлжалланган ажойиб онлайн-сервис. У онлайн тарзда дарс берувчи ўқитувчиларга ҳам, ота-оналарга ҳам қўл келади. Лойиҳа муаллифлари ўйинни ҳатто икки ёшли болакайлар ҳам ўйнай олишларини таъкидлашади. Шундай экан, Kodable билан фарзандингиз дастурлашни ўқиш ва ёзишдан олдин ўрганиб олади.

Дизайни ёрқин ва қувноқ. Бола қувноқ «юзча»лар билан лабиринтларда ўйнайди, дастурлаш илмини эса параллел равишда ўзлаштириб боради. Барча маслаҳатлар мураккаб кўрсатмалар тарзида эмас, расм шаклида тақдим қилинади. Буни энг кичик иштирокчи ҳам тез тушуниб олади. Мазкур дастур бошланғич мактабда информатика фани учун идеал восита бўлади. Ўйиндаги топшириқлар бажарилишини ўқитувчилар ҳам, ота-оналар ҳам кузатиб боришлари мумкин. Унда мураккаблик даражасини белгилаб борса бўлади.

  1. Code Monkey

Ушбу ўйин реал дастурлаш тилини (CoffeeScript) таклиф қилади, унинг ёрдамида болалар HTML5 да ўз ўйинларини ёзиши мумкин. Бунда бошланғич тажриба талаб этилмайди: таълим нолдан бошланади. Информатика асослари ўзига хос қувноқ ўйин қаҳрамони саргузаштлари орқали ўзлаштирилади. Даражалар муҳаррири эса мустақил равишда ўйин жараёнлари кўринишини ўзгартириш имконини беради.

Бу ўйин айниқса бошланғич таълимда жуда фойдали. Антиқа маймунча ўқувчиларни бир қатор босқичлардан олиб ўтади ва болада кодлаштириш илми шаклланади. Бола дастурлашни ўрганиш билан бирга, компютер олдида вақтини самарали ва мароқли ўтказади. Энг асосийси, фойдасиз компютер ўйинларидан йироқроқ бўлади.

  1. Code.org

Бу сервиснинг қулайлиги ўйинни бошлашдан аввал тушунарли тилни танлаш мумкин. Юқорида Kodable ҳақида ёзаётиб, ўқитувчи ёки ота-оналарга бола учун таълим дастури тузишларига ёрдам беришини айтиб ўтгандик. Бу ерда ҳам шунақа: болалар учун, ўқитувчилар учун бўлимлар мавжуд, шунингдек, шахсий ўйинни яратиш имкони ҳам бор.

Саҳифа остида «Код студиясини тадқиқ эт» бўлими мавжуд бўлиб, унда мустақил синаб кўриш мумкин бўлган кўплаб ўйинлар бор.  «Flappy Bird» мисолидаги интерактив таълим фойдали ва қизиқарли: ўз шартларини киритган ҳолда тайёр ўйинни дўстларга улашиш мумкин. Бола дастурлашни ўзлаштиради ва алгоритм асослари базасини тушуниб етади. Вазифаларнинг бири бажарилганда болага бонус сифатида сертификат берилади.

  1. Vim Adventures

Лабиринтли «Vim Adven-tures» дастури ўйин форматида «Vim»ни ўрганишга кўмаклашади. Кўплаб персонажлар у ёки бу босқичда нима қилиш кераклиги ҳақида кўрсатмалар беради, шунингдек «Vim» билан ишлашда бошланғич фойдали кўникма ҳосил қилади.

Бу бошқотирма босқичдан-босқичга мураккаблашиб боради. Жуда фойдали ўйин. Битта «минуси» — унинг инглиз тилида экани: қаҳрамонлар сўзларини ё боланинг ўзи таржима қилишига тўғри келади (бир жиҳатдан тил ўрганишга стимул) ёки фарзандингизга ўйинни тушуниб ўйнаши учун ўзингиз кўмаклашишингиз зарур бўлади.

  1. Lightbot

Бу ўйин ҳам инглиз тилида, аммо у тавсия қилишга арзийди. Ўйинни планшет ёки смартфонга кўчириб олиш ҳам мумкин. Бош қаҳрамон — митти робот. У белгиланган шартлар бўйича топширилган ҳаракатларни бажаради. У бир жойдан иккинчисига ўтиб, белгиланган жойлардаги чироқларни ёқиб чиқади. Шартлар оддий, лекин бундан орттиладиган малака бола учун жуда фойдали.

Илова мактаб ёшдагилар учун ҳам, мактабгача ёшдаги болалар (4-6 ёш)га ҳам тавсия қилинади. Бундан ташқари, каттароқ ёшдаги (9-10 ёш) болаларга мўлжалланган қийинлаштирилган талқини ҳам мавжуд.

Ўйин шунчалик қизиқарлики, у ҳатто катталарга ҳам ёқади. «Lightbot» мантиқий фикрлашни ва вазифалар ечими алгоритмини тузиш кўникмасини шакллантиради.

  1. Cargo-Bot

Бошланғич босқичларини ҳатто боғча болалари ҳам тушуна олади. Матн деярли йўқ, шунинг учун кичик ёшдаги болаларга топшириқларни тушуниб олиш қийинчилик туғдирмайди.

Ўйин босқичма-босқич мураккаблашиб боради. У мантиқий фикрлашни ривожлантиради ва дастурлаш базаларини шакллантиришга кўмаклашади.

  1. Scratch

Махсус болалар учун ишлаб чиқилган энг машҳур лойиҳа. Бола ушбу ўйин орқали дастурлашни тез ўрганади. Аслида бу ўйин ҳам эмас, у кодлаштиришни тўлақонли ўргатувчи қўлланма. Аммо унинг ёқимли дизайн ва қизиқарли шартлар асосида қилингани болаларни ўзига жалб қила олади.

«Scratch кенг ёш аудиториясини қамраб олади, бироқ у кўпроқ 8 ёшдан катта болаларга мос келади.

  1. CodeCombat

«CodeCombat» ўйини анчагина мураккаб бўлган дастурлаш тиллари (JS, Python, Lua, CoffeScript)ни ўзлаштиришга кўмаклашади.

Мактаб ўқувчилари бу ўйин билан дастурлашни ўрганадилар ва информатика соҳасида ўзлари учун бутунлай янги чўққиларни кашф этадилар.

  1. СeeBot

C++ дастурлаш тилига яқинлаштирилган ўйин. Бир неча йиллар аввал яратилган ушбу ўйиннинг графикаси бироз камбағал бўлса-да, бу унинг фойдали жиҳатларини йўққа чиқара олмайди.

«СeeBot» воқеалари ўзга сайёрада кечади ва унинг қаҳрамонларини бошқариш учун кодлаштириш зарур. Мутахассислар ушбу ўйинни Java, C++ ва C# дастурлаш тилларининг бошланғич босқичи деб ҳисоблашади.  Агар фарзандингиз ушбу дастурлаш тилларини ўзлаштиришини истасангиз — «СeeBot» энг яхши вариант ҳисобланади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг