Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Деворларни олиб ташлаш вақти келмадими?

Деворларни олиб ташлаш вақти келмадими?

Фото: «Newsline»

Бугун технологиялар, интернет ривожланишда шу даражага чиқдики, инсонлар жуда катта миқдордаги ахборотларни қабул қилмоқда. Катта миқдордаги ахборотларни қабул қилиш — масаланинг бир томони, иккинчи масала эса ана шунча ахборот орасидан қай бири тўғри ё нотўғрилиги аниқлаш. Тўғрисини айтиш керак, бунга ҳар кимнинг ҳам онги бардош беролмайди. Жуда кўплаб, ҳатто инсон тафаккурига сиғмайдиган даражадаги гигант рақамли ахборотлар базаси — BIG DATAлар, булутли технология (cloud technology)лар пайдо бўлмоқда. Буни том маънода «рақамли инқилоб» дейиш мумкин. Чунки инсонлар онгида туб ўзгаришлар ясалмоқда.

Фикр-мулоҳазаларим, кузатувларим ушбу техножараённинг ажралмас бир қисми бўлган интернет телеканаллар ва рақамли телеканалларнинг фарқлари, уларнинг ютуқ ва камчиликлари билан чамбарчас боғлиқ.

Аҳволимиз

Мамлакатимизда ўтган йили рақамли телевидение қамрови 88 фоиздан 100 фоизгача етказилди. Мобил алоқадан фойдаланувчилар сони 7 фоизга ошиб, 22,8 миллионга етди. 2017 йилда ахборот технологиялари соҳасида 7,7 триллион сўмлик ёки 2016 йилга нисбатан 26 фоиз кўп хизмат кўрсатилди. Инвестиция дастури доирасида 260 миллион доллар ўзлаштирилди. Бу маълумотлар 9 январ куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ахборот-коммуникация технологияларини янада ривожлантириш ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлигига бағишланган йиғилишда айтиб ўтилган.

Интернет телеканаллар нима?

Энди умумий назариямиздан четлашмаган ҳолда интернет телеканалларга тўхталадиган бўлсак, уларни бугунги рақамли телеканалларимизнинг интернет аудиторияси учун ихтисослашган шакли дея тасаввур қилиш мумкин. Унда ҳам ахборотлар ва кўрсатувлар анъанавий телеканаллар сингари маълум вақт ичидаги даврийлик асосида бериб борилади. Кўрсатувлар йўналишларига қараб маълум тоифаларга бўлиниб, жойланиб борилаверади. Бунда бериладиган ахборотлар юқори сифатга эга бўлиши — бугуннинг энг катта талаби. Чунки бугун медиаконтентнинг ранг-баранглигига, инфографик эффектларга бойлигига қараб томошабинлар аудиторияси ошиб бормоқда. Чет элларда жуда кўплаб интернет телеканаллар бор. Масалан, МДҲ мамлакатлари ичида биринчи ўринда турган «CarambaTV.ru»ни олайлик. Ушбу интернет телеканал Беларусь мамлакатида 2010 йили ташкил этилган. Ушбу интернет телеканал ҳақидаги маълумотларни излаб «ru.wikipedia.org»га мурожаат қилганимизда қуйидаги маълумотларга кўзимиз тушди:

  • Сайтга кунига 120 мингта уникал фойдаланувчи киради.
  • «CarambaTV.ru»нинг «ВКонтакте» ижтимоий тармоғидаги гуруҳида 424000 аъзоси бор.
  • «CarambaTV.ru»нинг «Facebook.com» ижтимоий тармоғида 143639та «like»лар мавжуд.
  • «YouTube.com» медиахостинг каналидаги аъзолари сони 9 070 463 нафар (14.03.2018 ҳолатига кўра).

Яна бир қизиқ маълумот шуки, ушбу интернет телеканал «YouTube.com» медиахостинг канали билан ҳамкорликда ишлаяпти. Бу эса яхшигина даромад манбаи. Бундан ташқари, интернет телеканални дунёнинг турли бурчакларида, турли қурилмалар ёрдамида, исталган вақтда томоша қилса бўлади.

Деворлар

Интернет телеканалнинг анъанавий рақамли телеканалдан фарқли жиҳати ҳам шу — ундаги ахборотлар интернет фойдаланувчиларига ихтисослашган бўлиб, кам вақт ичида кўп ва фойдали ахборотлар бериш асосий вазифаларидан биридир. Рақамли телеканалларда эса бу қулайликлар йўқ. Фикримни мисоллар билан исботлашга ҳаракат қиламан.

Биринчидан, рақамли телеканаллар кўрсатувлари (60-70 фоиз) жуда ҳам кўп вақтни олади. Бу эса томошабиннинг меъдасига тегиши мумкин. «Рақамли телекўрсатувлар»нинг кўпи «муқимлик ботқоғи»га ўрнашиб қолган. Уларда анъанавийлик шу даражада кучлики, умуман одамга таъсир қиладиган, томошабинларнинг эътиборини тортадиган яратувчанлик, креатив ёндашув сезилмайди. Интернет телеканалларда эса қисқа, лўнда, аммо динамик кўрсатувлар тақдим этиб борилади. Томошабинларнинг сонини кўпайтириш, «ёқди»лар сонини ошириш учун доимо креатив ёндашув талаб қилинади. Интернет телеканалларда фаолият юритаётган ходимлар томошабинларнинг муносабатини ҳам ўрганиб боради. Бу эса умумий статистикани кузатиб бориш имконини беради.

Иккинчидан, анъанавий рақамли телеканалларда кўрсатувлар бир марта берилади. Айтайлик, сизнинг вақтингиз (ишга кетишингиз керак, йўлдасиз ва ҳоказо) ўзингиз ёқтирган телекўрсатув вақти билан мос келмайди. Лекин барибир ТВ шу кўрсатувни ўзи белгилаган пайтда кўрсатади, бироқ сиз уни кўра олмаслигингиз мумкин. Яъни, анъанавий рақамли телеканал томошабинлар билан ҳисоблашмайди. Бу эса биз каби томошабинларга «Хоҳласанг кўр, хоҳламасанг...» қабилида таъсир қилади. Интернет телеканалларда бунга йўл қўйилмайди. Унга жойланган кўрсатувни бир йил ўтгандан сўнг ҳам қайта-қайта кўраверасиз. Қизиқ кўрсатувни юклаб олиш ҳам мумкин. Бошқаларга улашсангиз ҳам бўлади.

Учинчидан, анъанавий телеканаллар юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, бир марта (кўп ҳолларда шундай) намойиш этилгани боис, баъзи бир ахборотлар чуқур ўрганилмайди. Ёки баъзида хато ўтиб кетиши мумкин: ким уни айтади? Кимнинг ортиқча вақти борки, алоҳида шу иш билан шуғулланса! Интернет телеканалларда эса томошабин «изоҳ» қолдира олади. Томошабин  реал вақт ичида ўз-фикр мулоҳазаларини, таклиф-танқидларини бериб бориши мумкин. Бу эса том маънода очиқликни таъминлайди. Шунингдек, кадрларнинг савиясини ҳам кучайтириб туради.

Тўртинчидан, интернет телеканаллар фойдаланувчилар хоҳишига кўра фаолият юритади. Анъанавий рақамли телеканалларда кўрсатув томошабинларни танласа, интернет телеканалларда томошабинлар кўрсатувларни танлайди. Ўзига мос кўрсатувларни кўриш мумкин. Хуллас, мутаносиб ва номутаносибликлар ортиб бормоқда. Давр ва ахборотлар оқимининг тезлиги бир-бирига тўғри пропорционал даражада ўсмоғи лозим.

Айтмоқчиманки, бугунги кунда анъанавий телеканаллар билан томошабинлар орасида жуда ҳам катта тўсиқ — девор пайдо бўлган. Бу деворни эса интернет ва интернет телеканаллар емира олади, холос.

Ҳамма ҳам қўл қовуштириб ўтиргани йўқ

Шуни таъкидлаш ўринлики, юртимизда аллақачон интернет телеканаллар яратиш ишлари бошлаб юборилган. Масалан, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг бир гуруҳ ижодкор талабалари томонидан ушбу лойиҳа амалга татбиқ этилмоқда. Лойиҳа «INTV.UZ» номи остида миллий интернет кенгликларимизда, чет эл медиахостинг каналларида ўз фаолиятини юритиб келмоқда. Қарийб икки йилга яқин вақт ичида ушбу интернет телеканал кўрсатувларини кўришлар сони бир миллиондан ошди. Шунингдек, бошқа медиахостинг каналлар, ижтимоий тармоқлар қамраб олинган. Ҳозирча «INTV.UZ» лойиҳаси ёшларга мос, уларнинг тилидан, дунёқарашларига хос кўрсатувлар тайёрлаб, жойламоқда.

Айни пайтда интернет кенгликларида ўз саҳифалари, каналларига эга анъанавий телеканалларни ҳам тилга олмасак адолатдан бўлмас. Масалан, «Ўзбекистон 24». Телеканалнинг «YouTube.com» хостинг каналида, «Facebook.com», «Twitter.com» каби ижтимоий тармоқларда саҳифалари, телеграм мессенжерида канали бор. Эътибор берган бўлсангиз, «Ўзбекистон 24» каналида берилган кўп соатли кўрсатув «майдаланиб», мағзи ҳам бериб борилади. Кўплаб изоҳлар мавжуд. Бу интернет-телеканал учун замин ҳозирланаётганидан далолатдир.

Чапаклардан амалий ишга ўтиш пайти

Каминанинг мақсади одамларни анъанавий рақамли телеканаллардан буткул воз кечишга чақириш ёки интернетга боғлаб қўйиш эмас. Ҳаммаси ўз вақти билан. Вақт ўтгани сайин инсонларнинг интернетдан фойдаланиши ошиши баробарида менталитетимизга хос медиа маҳсулотлар сони ошиб бораверади. Яъни, ўзбек тилидаги ишончли ахборотларнинг фойдаланувчиларни қониқтирадиган даражадаги контенти яратилсагина миллий интернет кенгликларимизни том маънода бой, деб айта оламиз. Бунинг учун эса бугундан тайёргарлик кўриб боришимиз лозим. Зотан, дунё шиддат билан ривожланяпти. Биз ҳам унинг бир бўлаги бўлмасак, яқин келажак авлодга бўм-бўш интернет маконини мерос қолдирамиз. Бундан ҳам ёмони, менталитетимизга ёт «ўзга дунё» вакилларига виртуал кенгликдаги ҳудудларимизни чапак чалиб топшириб қолаверишимиз мумкин.

Ғуломжон Назаров, ТАТУ 4-босқич талабаси, «INTV.UZ» муҳаррири

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг