Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Дунёни ўзгартирувчи технология. Биз учун янги атама бўлган «Big Data» ўзи нима?

Дунёни ўзгартирувчи технология. Биз учун янги атама бўлган «Big Data» ўзи нима?

«Microsoft», «Oracle», EMC ва IBM сингари йирик компаниялар «Big Data» ишланмаларидан биринчи бўлиб фойдаланишни бошлашди.

Фото: «Dashboard»

Хабарингиз бор, яқинда Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида Жаҳон банкининг Ўзбекистонда хусусий сектор фаолиятини ўрганаётган махсус гуруҳ вакиллари билан учрашув бўлиб ўтган эди. Учрашувда Ўзбекистон томони Жаҳон банки билан ҳамкорликда мамлакатда «электрон тижорат», «салмоқли маълумот» («Big Data»), шунингдек, ахборот-коммуникация технологияларининг бошқа замонавий тенденцияларини жорий қилиш бўйича таклиф билан чиқди.

Хўш, биз учун янги атама бўлган «Big Data» ўзи нима?

Маълумотлар 100 гб.дан кўп бўлса

Мутахассислар фикрига кўра, «Big Data», яъни салмоқли маълумот атамаси кунига 100 гб.дан кўп маълумот тушадиган оқимларга нисбатан қўлланилган экан. Кейинчалик маълумотларнинг кескин кўпайиши оқибатида бу тушунча кенг қамров касб эта бошлаган. Ушбу атама одатда (терабайт, экзабайт ва петабайтлар даражасидаги) катта ҳажмдаги маълумотларга нисбатан қўлланилади. 

Салмоқли маълумот атамаси илк бор матбуотда 2008 йили пайдо бўлган, ўшанда «Nature» журнали бош муҳаррири Клиффорд Линч ўз журналида катта ҳажмдаги маълумотлар билан ишловчи технологиялар ёрдамида илм-фан келажагини ривожлантириш мавзусида мақола чоп этган. 2009 йилгача бу атамага фақат илмий таҳлил нуқтаи назаридан ёндашилар эди, аммо матбуотда шу мавзуда яна бир неча мақолалар чоп этилганидан сўнг «Big Data» тушунчасидан кенг фойдалана бошланди.

2010 йилда салмоқли маълумотларнинг ўсиб бораётган муаммоларини ҳал этиш учун дастлабки уринишлар бошланди. Улкан ахборотлар оқимидан фойдаланганда хавфларни камайтириш учун мўлжалланган дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқишга киришилди.

2011 йилда «Microsoft», «Oracle», EMC ва IBM сингари йирик компаниялар салмоқли маълумотларга қизиқиб қолишди – улар ўз ривожланиш стратегияларида етарлича муваффақиятга эришиш учун «Big Data» ишланмаларидан биринчи бўлиб фойдаланишни бошлашди.

Олий таълим муассасалари салмоқли маълумотларни алоҳида фан сифатида ўргатишга 2013 йилдаёқ киришди – энди ушбу соҳа муаммолари билан нафақат маълумотлар ҳақидаги фан, балки ҳисоблаш объектлари билан бирлашган муҳандислик ҳам шуғулланади.

Салмоқли маълумот тушунчаси катта ўлчамдаги ишларни бажара оладиган операторларга нисбатан ишлатилади. Мисол учун ҳозирда «Google» компанияси бир кунда бир петабайтдан ортиқ маълумотларни қайта ишлайди. Ушбу кўрсаткич АҚШ Конгресси кутубхонасидаги материаллардан 100 баробар кўпроқ дегани.

VVV – ҳажм, тезлик, хилма-хиллик

Салмоқли маълумот атамаси орқали том маънода ҳар қандай ахборот ташувчида сақланаётган катта миқдордаги маълумотлар тушунилади. Бундан ташқари, бу миқдор жуда катта бўлиб, уни одатий дастурий ёки аппарат таъминотлари ёрдамида қайта ишлаш мумкин эмас, айрим ҳолларда эса умуман имконсиз.

«Big Data» — бу фақат маълумотларнинг ўзи эмас, балки уларни қайта ишлаш ва фойдаланиш технологияси, жуда катта оқим ичидан керакли ахборотни излаш услубидир.

Салмоқли маълумотлар билан ишловчи тамойиллар – «Volume» (ҳажм), «Velocity» (тезлик), «Variety» (хилма-хиллик) ифодалари ушбу атама билан чамбарчас боғланган. Бу бевосита сақланаётган ахборот миқдори, уларни қайта ишлаш тезлиги ва хилма-хиллигига боғлиқ жараёндир. Сўнгги пайтларда ушбу учта базавий тамойилга яна бири – ахборот қийматини англатувчи «Value» тушунчаси ҳам қўшилди. Яъни, маълумотни сақлаш ва қайта ишлаш харажатларини оқлаш учун у назарий ёки амалий жиҳатдан фойдали ва керакли бўлиши шарт.  

Салмоқли маълумотлар манбаи

 Масалан, йирик маълумотларнинг оддий манбаи ижтимоий тармоқларни ўз ичига олиши мумкин – ҳар бир профил ёки оммавий саҳифа ўзида гўё ахборот океанидаги кичик бир томчини ифодалайди. У ёки бу профилда сақланаётган маълумотлар сонидан қатъи назар, ҳар бир фойдаланувчининг ўзаро ҳамкорлиги максимал даражада тез бўлиши керак.

Салмоқли маълумот амалда инсон ҳаётининг деярли ҳар бир соҳасида тўпланади. Бунга инсон фаолияти билан боғлиқ исталган тармоқни киритса бўлади. Бу ижтимоий оммавий ахборот воситалари ҳам, тиббиёт ҳам, банк иши ҳам, шунингдек, қурилмалар тизими, ҳар куни қабул қилинадиган кўп сонли ахборотлар натижалари ҳам, масалан, астрономик кузатувлар, метрологик маълумотлар ва Ерни тадқиқ қилиш қурилмаларидан олинган метрологик маълумот ва ахборотлар бўлиши мумкин.

Реал вақт тартибида турли кузатув тизимларидан олинган ахборотлар у ёки бу компания серверларига тақдим этилади. Телевидение ва радиоэшиттириш, мобил алоқа операторлари қўнғироқлар базаси — булар билан ҳар бир конкрет одам минимал даражада ўзаро мулоқот қилади, аммо ушбу барча ахборотлар умумлашган ҳолда салмоқли маълумотга айланади.

Салмоқли маълумотлар технологиясини илмий-тадқиқот фаолият ва бизнесдан айро тасаввур қилиб бўлмайди. Бундан ташқари, улар давлат бошқаруви соҳасини ҳам эгаллашни бошлади – ҳамма жойда янада кўпроқ самарали сақлов тизимини жорий этиш ва ахборотларни манипулиация қилиш талаб қилинмоқда.

Амалда

Ер шарининг ҳар бир нуқтасида ўз мижозларига эга жаҳонга машҳур компаниялар («Facebook», «Google» ва IBM каби ижтимоий гигантлар, шунингдек, «Master Card», VISA ва «Bank of America» каби молиявий тузилмалар) улардан фойдалангандан сўнг «Big Datа» технологиясини замонавий дунё бозорига фаол татбиқ этиш бошланди. Масалан, IBM пул ўтказмалари операцияларида салмоқи маълумот услубидан фойдаланади. Мазкур услуб ёрдами билан ўтказмалардаги 15 фоиздан ортиқ қалбаки битимлар (товламачилик) аниқланган, ҳимояланган пул маблағлари эса 60 фоизга ошган. Шунингдек, тизимдаги ёлғон сигналлар билан боғлиқ муаммолар ҳал қилинди — уларнинг сони ярмидан қўпроғига камайтирилди.

VISA компанияси ҳам у ёки бу операцияда фирибгарликларни кузатиб бориш учун «Big Datа» технологиясидан фойдаланади. Натижада улар ҳар йили 2 млрд.дан ортиқ АҚШ долларини «оқиш»дан сақлаб қолмоқда.

Германия меҳнат вазирлиги ишсизлик бўйича бериладиган нафақа тизимига салмоқли маълумот тизимини киритиб, харажатларни 10 млрд. еврога қисқартиришга муваффақ бўлди. Бу фуқароларнинг ҳар бешинчиси ушбу нафақани ҳеч қандай асоссиз олишига чек қўйилди, деганидир.

Муаммолар

Салмоқли маълумотлар муаммоси шундаки, ўн йиллар давомида йиғилган турли ахборотлар ҳамон ҳар қандай тизим учун ўта муҳим ва очиқ бўлиб қолмоқда.  Яна бир энг катта муаммоси уларни қайта ишлаш харажатларидир. Бунга қиммат асбоб-ускуналар, катта миқдордаги ахборотларга хизмат қўрсатувчи малакали мутахассислар иш ҳақи харажатларини ҳам қўшиш мумкин. Шубҳасиз, асбоб-ускуналар мунтазам янгиланиб туришни талаб этади, улар маълумотлар ҳажми ошиши жараёнида иш самарадорлигини йўқотмаслиги керак.

Учинчи муаммо яна қайта ишлаш талаб этиладиган кўп сонли ахборот билан боғлиқ. Масалан, тадқиқотлар 2-3 мартада эмас, балки кўп сонли ўрганишларда натижа беради, чунки қайсидир ҳодиса бўйича ҳақиқий таъсирга эга бўлиш учун маълумотларни умумий оқимдан ажратиш ва объектив баҳо бериш жуда қийин.

Ахборотни йўқотиш муаммоси. Эҳтиёт чоралари бир марталик оддий захира маълумотларни чекламасликни, сақловнинг камида 2-3та захирасини тайёрлашни талаб этади. Аммо, ҳажмнинг ошиб бориши захиралашни янада мураккаблаштиради – АТ-мутахассислар мазкур муаммонинг оптимал ечимини топишга ҳаракат қилишмоқда.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, технологиялардан яшириниб ололмаймиз. «Big Datа» дунёни ўзгартиряпти, аста-секин шаҳримизга, уйимизга ва гаджетларимизга кириб бормоқда. Технология сайёрани қандай тезликда эгаллайди – айтиш қийин. Аммо, бир тушунча аниқ – «Клиника» сериалида Боб Келсо айтганидек, урф (мода)ни ушлаб қол ёки эскича яшаб ўтиб кет.

Усмонжон Йўлдошев

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг