Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Энди метрода ҳам мобиль телефон ишлайди. «Uсell» икки муҳим ташаббусни эълон қилди (видео)

Бугун, 25 сентябрь куни «Ўзэкспомарказ» миллий кўргазмалар мажмуасида «ICTWEEK UZBEKISTAN» АКТ ҳафталиги доирасида анъанавий «ICTEXPO» ахборот-коммуникация технологиялари кўргазмасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Кўргазманинг биринчи кунида «Uсell» компаниясининг икки муҳим ташаббусига старт берилди.

Биринчиси, «Huawei» компанияси билан ҳамкорликда ҳаракатланувчи мобиль радиоалоқа тармоқларида юқори тезликдаги кенг полосали симсиз технологияларнинг бешинчи авлоди (5G) жорий этилишининг бошланиши.

Иккинчиси, Тошкент метрополитенининг Чилонзор йўналишидаги «Амир Темур хиёбони» ва «Мустақиллик майдони» бекатларида «Metrotelecom» билан ҳамкорликда «Uсell» мобиль тармоғининг ишга туширилиши. Бу лойиҳа пойтахт метросида мобиль алоқанинг 3G ва 4G тармоқларидан фойдаланиш имконини беради. Шу тарзда эндиликда метрода мобиль алоқа ва интернетдан фойдаланиш босқичма-босқич йўлга қўйилади.

Икки муҳим ташаббуснинг старт берилишида Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов, Беларусь Республикаси алоқа ва ахборотлаштириш вазири Константин Шульган, Амити университети президенти Атул Чаухан ва бошқа мартабали меҳмонлар иштирок этишди.

Компания бош директори Владимир Кравченконинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, кўргазма доирасида иштирокчилар учун синов тартибидаги 5G қурилмасининг намойиши ўтказилди. Бу ерда 5G технологиясининг афзалликларини амалда синаш ҳамда ушбу инновацион технологияларнинг имкониятлари ҳақида батафсил маълумот олиш имконияти яратилди.

Қайд этилишича, 5G технологияси сайёрамизнинг саноқли мамлакатларида энди-энди татбиқ қилинмоқда. Бугунги «старт»дан сўнг ушбу мамлакатлар қаторига Ўзбекистон ҳам кирмоқда...

Барчаси ҳақида Владимир Кравченконинг «Xabar.uz»га берган юқоридаги видеоинтервьюсидан батафсил билиб олишингиз мумкин.

27 сентябрь санасига қадар давом этадиган «ICTEXPO-2019» ахборот-коммуникация технологиялари кўргазмасидан қизиқарли репортажларни давом эттирамиз. «Xabar.uz»ни кузатиб боринг.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг