Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Таҳририятга мурожаат: «Фарзандим АКТга ихтисослаштирилган мактабда ўқишини хоҳлайман»

Таҳририятга мурожаат: «Фарзандим АКТга ихтисослаштирилган мактабда ўқишини хоҳлайман»

Фото: «Inha.uz»

Яқинда таҳририятимизга қўнғироқ бўлди. Ўзини Соҳиба Бекмирзаеваман, деб таништирган аёл қуйидаги фикрларни билдирди:

— Мен Фарғона вилояти, Бағдод шаҳарчаси, Тадбиркор кўчаси, 6-уйда яшайман. Уйимизга яқин жойдаги цехда ишлайман. Бир неча йилдан бери «Xabar» газетасини мунтазам кузатиб бораман.

Ҳозир бирор соҳа йўқки, у ерга ахборот технологиялари кириб бормаган бўлса. «Xabar»да кетма-кет чоп этилаётган пойтахтимиздаги Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб ҳақидаги мақолаларни қизиқиш билан ўқиб чиқяпман. Бу борадаги охирги хабарда мактабнинг 10-синфига ўқувчилар қабул қилингани баён этилган.

Мен фарзандимнинг ҳам шу мактабда ўқишини, келгусида АКТ соҳасини ривожлантиришга ҳисса қўшадиган мутахассис бўлишини жуда-жуда истайман. Сизлардан илтимос, АКТга ихтисослаштирилган мактаб ҳақида тўлиқ маълумот берсангиз ва унда келаси йили синфларга қабул қай вақтда бошланади, вилоятдагиларнинг фарзандлари ҳам у ерда ўқий оладиларми, ётоқхона ҳам ташкил этиладими каби саволларимга жавоб берсангиз.

Фото: «Facebook» / AlKhorezmiySchool

Соҳиба Бекмирзаеванинг саволларига мазкур мактаб директори Амирулло Абдуллаев қуйидагича жавоб берди:

— Муҳaммaд aл-Xорaзмий номидaги иxтиcоcлaштирилгaн мaктaбимизда математика, физика, информатика ва инглиз тили фанлари чуқурлаштириб ўқитилади. 2017-2018 ўқув йили учун 5-синфларга қабул бўйича танлов эълон қилинганида, 189 нафар ўқувчи ҳужжат топширди. Танловдан сўнг математика ва инглиз тили фанларидан юқори натижага эришган 60 нафар ўқувчи қабул қилинди.

Шунингдек,10-синфга ҳам қабул учун танлов эълон қилинди. Математика, физика ва инглиз тили фанларидан бўлиб ўтган имтиҳон натижаларига асосан 100 нафар талабгордан бўш ўринга 14 нафар ўқувчи қабул қилинди.

5 ва 10-синфларга қабул имтиҳонлари Тошкент шаҳридаги ИНҲА университети биносида ўтказилди. Имтиҳон жараёнида иштирок этган ота-оналар барча жараённи бевосита видеокузатув орқали кузатиб боришди ва имтиҳон шаффоф тарзда, ҳеч қандай қонунбузарликларсиз ўтказилганлигига гувоҳ бўлишди.

Иxтиcоcлaштирилгaн мaктaбимизда дарслар 5-10-синфларда олиб борилади. Бугунги кунда мактабимиз ташкил этилгунга қадар ўқиш олиб борилган Тошкент давлат иқтисодиёт университети қошидаги мактаб ўқувчилари билан қўшиб ҳисобланганда жами синфлар сони 28та бўлиб, уларда 860 нафар ўқувчи таълим оляпти. Математика, информатика ва инглиз тили фанлари чуқурлаштирилиб, гуруҳларга бўлинган ҳолда ўқитилмоқда.Ўқувчиларга 60 нафар педагог таълим ва тарбия бераётир. Мактабимиз моддий-техник базаси бойитиб бориляпти. Информатика синф хоналари охирги русумдаги компютерлар билан жиҳозланди. Ихтисослаштирилган мактабимизнинг 5-синфига қабул учун ҳужжатлар Низомга мувофиқ ҳар йили 1 — 20 июл кунлари қабул қилинади. Танловни сифатли ва рақобат асосида ўтказиш мақсадида биз ҳужжатларни қабул қилиш бошланишидан камида бир ой олдин танлов ҳақида оммавий ахборот воситалари (республика, вилоят ва туман (шаҳар) газеталари)да эълон берамиз.

Танловнинг ёзма ва оғзаки синов саволлари Тошкент ахборот технологиялари университети ва Тошкент шаҳридаги ИНҲА университети мутахассислари жалб этилган ҳолда шакллантирилади. Ихтисослаштирилган мактабга кириш имтиҳонлари август ойида ўтказилиши белгиланган. 6-9-синфларда ўз хоҳишига ва бошқа сабабларга мувофиқ кетган ўқувчилар ўринларига қўшимча танлов эълон қилинади. Бунда танлов ўқувчининг битирган синф ҳажмидаги ўқув фанларидан  мактабимиз талабларидан келиб чиққан ҳолда ташкил этилади. Синовлар ёзма ва оғзаки шаклда, саволлари умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартлари доирасида ўзбек тилида ўтказилади.

Вилоятлардан келиб ўқиш масаласига келсак, бугунги кунда ўқувчиларимиз орасида бундай болалар ҳам бор. Улар ҳали мактабнинг ётоқхонаси бўлмаганлиги туфайли қариндошларининг васийлиги асосида ўқишга қабул қилинган. Ётоқхона ташкил этиш масаласи эса режамизда асосий масала сифатида турибди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг