Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

ФИДЕ президенти Кирсан Илюмжинов Ўзбекистон ёшлари билан учрашди (фоторепортаж)

ФИДЕ президенти Кирсан Илюмжинов Ўзбекистон ёшлари билан учрашди (фоторепортаж)

ФИДЕ Президенти Кирсан Илюмжинов.

Фото: «Xabar.uz»

Кеча, 14 май куни хабар берганимиздек, Халқаро шахмат федерацияси (ФИДЕ) Президенти Кирсан Илюмжинов Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT)да талабалар билан учрашди.

Кирсан Илюмжиновнинг учрашуви Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилди.

Мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Азим Ахмедхаджаев қатнашди.

Тадбирни Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ректори Сарвар Бабаходжаев очди. Университет раҳбари ўз чиқишида Кирсан Илюмжиновнинг ҳаёти ва фаолияти тўғрисида маълумот бериб ўтди. Шундан сўнг сўз навбати Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Азим Ахмедхаджаевга берилди.

Вазир ФИДЕ президенти билан IUTда шахмат факультетини очиш масаласини муҳокама қилганлигини қайд этди. Шунингдек, у мутахассислар томонидан шахмат билан шуғулланадиган болаларнинг фанларни ўзлаштириши ўртача 40 фоизга ортиши аниқланганлигини қўшимча қилиб ўтди.

Талабалар олдида чиқиш қилар экан, Кирсан Илюмжинов ўз ҳаёти ҳамда қандай қилиб биринчи миллион долларини ишлаб топгани, Калмиқ Республикаси болаларининг шахмат билан шуғуллана бошлаганларидан кейин математика, физика ва биология фанларидан доимий тарзда совринли ўринларни эгаллаб келишганлиги тўғрисида гапириб берди.

ФИДЕ раҳбарининг қайд этишича, унинг асосий мақсади Ер юзида 1 млрд. инсонни шахмат ўйнашга ўргатишдир. Унинг фикрича, бу билан дунёдаги кўпгина низоларнинг олдини олиш мумкин.

Агарда инсон шахматдаги каби ўз юришларини ўйлаб қиладиган бўлса, камроқ ножўя ҳатти-ҳаракатларни амалга оширади.

Кирсан Илюмжинов

Шахмат факультети очиш тўғрисида гапираркан, ФИДЕ Президенти, бундай факультет очилган тақдирда ўқув дарсликлари ва маҳорат дарслари билан кўмак беришга тайёр эканлигини билдирди.

ФИДЕ Президенти Кирсан Илюмжинов Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг меҳмонлар китобида ўз тилакларини ёзиб қолдирди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг