Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Фориш ва Ғаллаоролда 100 метрлик метеорологик минора ўрнатилди

Фориш ва Ғаллаоролда 100 метрлик метеорологик минора ўрнатилди

«Ўзбекгидроэнерго» АЖ ташаббуси билан Жиззах вилоятининг Фориш ҳамда Ғаллаорол туманларида ҳаво ҳарорати ҳамда шамол оқимини ўлчашга мўлжалланган, лойиҳавий баландлиги 100 метрлик метеорологик миноралар ўрнатилди.

Тизим ташкилотларидан бири ҳисобланган «Гидропроект» АЖ томонидан лойиҳалаштирилган мазкур миноралар (№1 – Фориш; №2 – Ғаллаорол) «1-сон Қурилиш Дирекцияси» унитар корхонаси томонидан ўрнатилди. Бош пудратчи сифатида «Ўзбекгидроэнергоқурилиш» АЖ таркибидаги «Махсусэнергомонтаж» унитар корхонаси иштирок этди.

Ушбу метеорологик минораларнинг техник тузилмасига тўхталадиган бўлсак, улар модулли турдаги «учбурчак фермлар» шаклида лойиҳалаштирилди. Бунда ҳар бир модулнинг узунлиги 3 метрни ташкил этади. Бу, ўз навбатида, уларни ўрнатишга қулай ҳамда тузилмасининг баландлигини аста-секин ошириб туришга имкон беради.

Ҳар бир метеорологик минора таянч темир-бетон билан мустаҳкамланган шарсимон пойдеворга ўрнатилган бўлиб, саккиз поғонали симли тизим кўринишидаги тик ҳолатидадир. Кабелга ўрнатилган тизим темир лангар орқали темир-бетон пойдеворга мустаҳкамланади.

Минораларда, шунингдек, об-ҳаво, шамолнинг метеорологик параметрларини автоматик равишда ўлчаш учун қуйидаги қурилмалар ўрнатилган:

– Анемометрлар (шамол тезлигини ўлчайдиган асбоб-ускуна) – 5 дона. Анемометрлар 90 м, 80 м, 50 м, 30 м, 10 м баландликдаги махсус масофали мустаҳкам кронштейнларга ўрнатилди;
– Флюгерлар (шамол йўналишини ўлчайдиган асбоб-ускуна) – 2 дона. Флюгерлар 100 м, 10 м баландликда ўрнатилди;
– Ҳарорат ўлчагич (минора ўрнатиладиган ҳудуддаги ҳаво ҳароратини ўлчовчи асбоб-ускуна – 1 дона. Ўрнатиш баландлиги – 10 м;
– Босим ўлчагич (барометр) – 1 дона;
– Компютер маълумотларини сақлаш блоки – 1 дона. Ўрнатиш баландлиги 10 м.

Таъкидлаш жоизки, метеорологик маълумотларни ўлчаш давомийлиги 10 дақиқалик интервал билан автоматик равишда амалга оширилади ва ушбу давр учун шамолнинг максимал ва минимал пасайишини ҳисоблаб чиқишга, шунингдек, шамол оқимининг йўналиши билан боғлиқ ҳолда ўртача тезлик кўрсаткичларини олишга имкон беради. Бу эса, кейинчалик ушбу ҳудудда шамол кўтарилишини яратишга имкон беради ҳамда келажакдаги шамол генераторларининг қувват ускуналари танловини малакали тарзда асослашга замин яратади.

Шу билан бирга, босим ва атроф-муҳит ҳароратини ўлчаш уларни келажакда шамол турбиналари томонидан электр энергиясини якуний ишлаб чиқаришга таъсир қилувчи омиллардан бири бўлган шароитда ҳаво зичлигини аниқлашга имкон беради.

Метеорологик минораларнинг яна бир самарали жиҳати шундаки, олинган метеорологик маълумотларнинг ёзуви ҳар бир минора устига ўрнатилган махсус компьютер блокида автоматик равишда амалга оширилади, уларни қайта ишлаш ва таҳлил қилиш учун лойиҳалаш ташкилотига масофадан узатиш имконияти мавжуд. Шунингдек, қурилма билан тўғридан-тўғри миноралар ўрнатилган жойларда қўлда ишлаш ҳам кўзда тутилган.

Ахборот хизмати

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг