Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Huawei» ўзбекистонлик иқтидорлар учун ноёб имконият тақдим этмоқда

«Huawei» ўзбекистонлик иқтидорлар учун ноёб имконият тақдим этмоқда

Фото: Компания матбуот хизмати

«Huawei» компанияси Тошкент ахборот технологиялари университети (ТАТУ) билан биргаликда «Келажак ниҳоллари» йиллик лойиҳаси иштирокчиларини тақдирлаш маросимини ўтказди. Унга кўра, уиверситетнинг 10 нафар талабаси амалий тажрибага эга бўлиш учун Хитойга юборилади.

«Huawei» тўрт йилдан буён ушбу лойиҳани ташкиллаштириб келади ва ҳар йили ТАТУ талабалари Хитойга саёҳат қилиб, компаниянинг илмий марказларида назарий ва амалий машғулотларда иштирок этадилар ҳамда илғор технологиялар ва АКТ соҳасидаги инновацион ечимларни ўрганадилар.

Бу йил компания вакиллари ТАТУ мутахассислари билан биргаликда 2018 йилнинг 25 майидан 8 июнигача Хитойда ўқитиладиган «Келажак ниҳоллари» лойиҳаси бўйича энг яхши 10 нафар талабани аниқлади. Амалиёт давомида талабаларга телекоммуникация соҳасидаги инновациялар намоён этилади ва 5G тармоғи ҳамда IOT ишланмаларини ўрганиш учун амалий машғулотлар ўтказадилар.

«Ўтган йили «Келажак ниҳоллари» лойиҳасининг 4 нафар иштирокчиси Пекинда бўлиб ўтган «Бир йўл, бир макон» халқаро саммитида иштирок этган ва мазкур лойиҳа имкониятларини 30 га яқин давлат ва ҳукумат раҳбарларига тақдим этганини таъкидлаш жоиз», — дейди «Huawei» компаниясининг корпоратив алоқалар бўлими раҳбари Даврон Азизов.

Фото: Компания матбуот хизмати

ТАТУ талабалари орасидан энг яхши 10 нафарини танлаб олиш учун ташкил қилинган танлов икки босқичдан иборат бўлди ва унда 100 дан ортиқ талаба иштирок этди.

«Ўтган йили талабаларимиз мобиль алоқа станциялари ва коммутация технологияларини монтаж қилиш бўйича ташкил қилинган мусобақаларда иштирок этиб, Миср ва баҳрайнлик тенгдошларини ортда қолдириб, биринчи ўринни қўлга киритганди. Талабаларимизнинг профессионаллик даражаси ҳамда илмий салоҳияти хорижда ҳам юксак эътироф этилганидан жуда фаҳрландик. «Huawei» каби бизнинг халқаро ҳамкорларимиз билан ишлашни давом эттириш иштиёқимиз баланд ва бу йилги «Келажак ниҳоллари» дастури талабаларга юқори даражадаги ютуқларни олиб келиб, таълим жараёнида қўлланиши мумкин бўлган кўникмалар, ғоялар ва янги тажрибаларни Ўзбекистонга олиб келишларига ишонч билдириб қоламиз», — дея таъкидлади ТАТУнинг Ўқув ишлари бўйича биринчи проректори Файзулла Агзамов.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг