Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Инҳа талабалари ёш даҳолар танловида совриндор бўлишди

Инҳа талабалари ёш даҳолар танловида совриндор бўлишди

Фото: «jinr.ru»

2018 йил май ойининг сўнгги кунларида ўтказилган «Falling Walls Lab» танловининг финал босқичида Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT)нинг икки нафар талабаси совринли ўринларни қўлга киритдилар. Бу ҳақда университет матбуот хизмати хабар берди.

«Falling Walls Lab» — Германияда Берлин девори қулашининг 20 йиллигига бағишлаб яратилган лойиҳадир. Бу янги ташкил этилган йиллик фанлараро конференция бўлиб, унда ёш даҳолар ўз инновацион ғояларини илмий, ижтимоий, саноат ёки бизнес соҳасида тақдим этишлари мумкин бўлади.

«Falling Walls Lab» ёш олимлар, мутахассислар ва тадбиркорларга жаҳон ҳамжамиятига инсон фаолиятининг деярли барча соҳаларида учрайдиган турли хил муаммо ва қийинчиликлар ечими бўйича ўз ғоялари, илмий-тадқиқот лойиҳалари ва ижтимоий ташаббуслари, илғор усулларини таклиф қилиш имконини беради. Берлинда ўтадиган конференциянинг финал босқичида, йирик сиёсатчилар, тадбиркорлар, иқтисодчилар, олимлар, журналистлар, фаоллар, медиа шахслар ҳакамлар ҳайъатини ташкил этишади.

25 май куни Ўзбекистонда иккинчи маротаба «Falling Walls Lab» танлови ўтказилди. Тадбир Германия элчихонаси томонидан ташкил этилди ва Тошкент шаҳридаги Инҳа университети уни қўллаб-қувватлади.

Foto: «Inha.uz»

Танловнинг финал босқичида 14 та лойиҳанинг тақдимоти ўтказилди. Ҳар бир лойиҳа муаллифларига ҳакамларнинг эътиборини қозонишлари учун 3 дақиқа вақт ажратилди.

IUT нинг иккинчи босқич талабаси Достон Мардиев «Автомобилни бошқараётганда ухлаб қолмаслик» лойиҳаси учун иккинчи ўринга лойиқ кўрилди.

IUT нинг учинчи босқич талабаси «Қишлоқ хўжалиги тизими мониторинги» лойиҳаси билан Дилмурод Мадраҳимов учинчи ўринни эгаллади.

— Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан иккинчи маротаба ташкил этилган ушбу танловнинг якуний тақдимотда IUT нинг олти нафар талабаси қатнашганидан фахрланаман, — дейди IUT Ректори Сарвар Бобохўжаев. — Ҳа, улар олий совринни қўлга киритмадилар, аммо ўзларининг қизиқарли лойиҳалари билан иштирок этдилар. Мен уларга изланишларини давом эттиришлари ва келгусида энг зўр лойиҳаларни тақдим этишларини тилайман.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг