Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Инҳа талабалари инновацион ишланма ва ечимлар тақдим этишди

Инҳа талабалари инновацион ишланма ва ечимлар тақдим этишди

Фото: «Inha.uz»

Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг (IUT) «Компьютер ва дастурий инжиниринг» факультети учинчи босқич талабалари «IUT Embedded Systems Design Exhibition 2018» кўргазмаси доирасида ўзларининг турли инновацион ишланмалари ва ечимларини намойиш этишди.

Уйғунлаштирилган тизим – ихтисослаштирилган микропроцессорли бошқарув, назорат ва мониторинг тизими бўлиб, у бевосита ўзи бошқараётган мосламага жойлаштирилади ва шу ҳолда ишлайди.

IUT профессори Ирфануд Дин учинчи босқич талабаларига «Embedded system», яъни уйғунлантирилган тизим (ихтисослаштирилган микропроцессорли бошқарув тизими) фанидан сабоқ беради. Дарс жараёнида университет талабалари турли ишланмалар ва ечимларни ишлаб чиқариш тўғрисидаги билимларни олишди.

Учинчи маротаба ўтказилаётган кўргазма доирасида IUT талабалари 20 та лойиҳа ва ечимларни тақдим этишди.

Хусусан, талабалар «Ақлли тўхташ жойи», «Метрода хавфсизликни таъминлаш ва огоҳ қилиш тизими», «кўзлар учун тренажёр», «Ақлли уй», «Роботлаштирилган қўл», «Инсоннинг жисмоний ҳолатини назорат қилиш учун девайс», «Ақлли бешик» ва шу каби йўналишлар бўйича ишланмаларни тақдим этишди.

Фото: «Inha.uz»

Талабаларнинг ишларини IUT профессорлари баҳолашди ҳамда ғолибларни аниқлашди.

Ҳакамлар ҳайъати қарорига кўра, «Interactive Water Curtain» лойиҳаси билан  Фаридун Кличев, Аваз Алимов, Насиба Лутфуллаева ва Баҳодир Солиҳовлар биринчи ўринни эгаллашди.

Иккинчи ўрин «Метрода хавфсизликни таъминлаш ва огоҳ қилиш тизими» лойиҳаси учун Мирзо-Ғолиб Сувонбердиев, Равшан Маҳмадаллиев, Раҳимжон Рустамов ва Ниғматжон Анваровларга насиб этди.

«Пианино» лойиҳаси билан  Бедилбек Ҳамидов, Мадина Саидова, Малика Анваржонова ва Наврўз Джандуллаевлар учинчи ўринга лойиқ деб топилдилар.

Мен мазкур кўргазмани ташкиллаштиргани учун доктор Ирфануд Динга миннатдорлик билдираман. Ишончим комилки, бундай кўргазмалар орқали талабаларнинг салоҳиятлари намоён бўлади. Дарс вақтида олган билимларидан фойдаланган ҳолда, ёшлар лойиҳаларни амалга ошириш бўйича кўникмаларга эга бўлиб, ностандарт фикрлашни ўрганадилар.

Сарвар Бабаходжаев, IUT ректори

«Embedded Systems» фанининг ривожланиши ва татбиқ этилишини, юқори инновацион маҳсулотларни ишлаб чиқариш салоҳияти ва жорий этилиш соҳасинининг ранг-баранглигини кўриб чиқарканмиз, айтиш мумкинки, кўп вақт ўтмай туриб, мазкур технологиялар барча соҳаларга татбиқ этилади, – дейди доктор Ирфануд Дин. –  Шуларни инобатга олган ҳолда, IUT нафақат сифатли дастурий муҳандислар ишлаб чиқарувчиларга, балки аппарат таъминлаш соҳасидаги экспертларга ҳам эътибор қаратади. Мен IUTда иккинчи маротаба «Embedded Systems Exhibition» кўргазмасини ўтказаётганимиздан хурсандман. Бу  бизга IUTдаги таълим сифатига назар солиш, талабаларнинг кўникмаларини баҳолаш ҳамда рағбатлантириш имконини беради.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг