Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Инсон териси бактерияларида саратонга қарши кураш кучлари мавжуд

Инсон териси бактерияларида саратонга қарши кураш кучлари мавжуд

Инсон терисида яшовчи «Staphylococcus epidermidis» бактериясининг лаборатория идишида ўстирилиши

Фото: R.GALLO AND TERUAKI NAKATSUJI/UC SAN DIEGO

Инсон терисида учрайдиган айрим бактерияларда шиш ҳосил қилувчи саратон ҳужайраларига қаршилик қилиш хусусияти аниқланди. Бундай ажабтовур кашфиёт келажакда тери саратонини даволашда қўлланадиган дори-дармонлар ишлаб чиқишда ёки саратонни буткул тўхтатишда қўл келиши мумкинлиги айтилмоқда.

Ултрабинафша нур таъсир эттирилганда олимлар томонидан инсон терисида учровчи «Staphylococcus epidermidis» бактериясининг айрим штамлари билан эмланган сичқонларда ушбу бактерия билан эмланмаган сичқонлардан кўра камроқ шиш ҳосил бўлгани аниқланган. Ушбу бактерияларнинг асосий қуроли ДНК репликациясини тўхтата олувчи махсус кимёвий моддалар бўлиб, бу ҳақида «Science Advances» хабар бермоқда.

Стафилакокклар соғлом одам терисида бошқа бактериялар каби табиий ҳолда яшайди. Ричард Галло ва унинг жамоаси ушбу бактерияларнинг антимикроб хусусиятларини ўрганиш жараёнида «Staphylococcus epidermidis» штамида ДНК репликациясини тўхтата олувчи моддалар гуруҳига мансуб 6-N-гидрокциаминопурин (6-HAP) кимёвий моддаси мавжудлигини аниқладилар. Лаборатория шароитида сичқонлар устида олиб борилган тажрибаларда ушбу бактерия штами таркибидаги 6-HAP кимёвий моддаси тери саратони ҳужайралари таркибидаги ДНК репликациясига жавобгар ферментлар ишини тўхтатган.

Фото: T.NAKATSUJI ET AL/SCI ADV 2018

Таркибида 6-HAP моддаси мавжуд бўлмаган «Staphylococcus epidermidis» штами билан эмланган ва ултрабинафша нур таъсир эттирилганда саратон шиши ҳосил бўлган сичқон териси (чапда) ва таркибида 6-HAP моддаси мавжуд бўлган бактерия штами билан эмланган сичқоннинг соғлом териси (ўнгда)

АҚШнинг Висконсин-Мэдисон университети биокимёгари Линдсей Колиннинг айтишича «Инсон терисидаги микробиом фаолиятини назорат қилишдан олдин уларнинг хўжайин организми билан муносабатларини ўрганиш муҳим ҳисобланади. Бу билан биз келажакда инсон терисига керакли пробиотиклар қўллаш билан саратоннинг олдини олиш ва ҳатто уни даволашга ҳам эришишимиз мумкин». Тадқиқотчиларнинг қайд этишича «Staphylococcus epidermidis» бактериясининг қандай қилиб 6-HAP моддасини синтез қилиши ва бундай бактерияларнинг инсон терисидаги миқдорини ўрганиш тадқиқотнинг навбатдаги вазифаларидан биридир.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг