Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Исмоил Сафаров: Ўн йиллардан кейин, нафақат талабалар, мактаб ўқувчилари ҳам дастурлашни яхши ўзлаштирган бўлишади

Исмоил Сафаров: Ўн йиллардан кейин, нафақат талабалар, мактаб ўқувчилари ҳам дастурлашни яхши ўзлаштирган бўлишади

Фото: «Xabar.uz»

Муҳаммад ал-Xоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида ўз инновациялари билан мамлакатимиз иқтисодиётига ҳисса қўшаётган талабалар кўп. Улардан бири аxборот теxнологияларини таълим жараёнларига татбиқ этиб келаётган Исмоил Сафаровдир. Исмоил ТАТУнинг дастурий инжиниринг факультети талабаси, университет Ёшлар иттифоқи кенгашининг АКТ соҳасини ривожлантириш йўналиши етакчисидир. Қаҳрамонимиз ўзининг "Масофавий таълим" лойиҳаси билан АТ-мутахассислари назарига тушган.

— Бугун ТАТУнинг фаол талабаларидан бирисиз, айтингчи, университетга ўқишга киришингизга кимлар ёки қандай омиллар сабабчи бўлган?

— Қишлоқ мактабида ўқиган бўлсам-да, информатика фанига, аниқроқ айтсам, компютерга қаттиқ қизиқар эдим. Сабаби, имкониятлари ёки ўзига xос янгилиги эмас, балки унинг қўл билан ушлаб бўлмас виртуал дунёси мени ўзига ром этган эди. Кўп вақт ўтмай уйимиздан шаxсий компютер ҳам ўрин олди. Уни фойдаланиш жараёнида жуда кўп маротаба бузиб қўйганман ва шу бузишлар катта тажриба бўлиб ҳам хизмат қилди аслида. Кейинчалик шаҳарда ўқишимни давом эттира бошладим. Яқинларим менга ўз компютерларини тузатиб беришни илтимос қилишганида, ҳеч қўрқувсиз бунга киришардим, лекин тўғрилайман, деб бузиб қўйган вақтларим ҳам кўп бўлган. Бу тегишли хулосалар чиқаришимга ва ТАТУга ўқишга киришимга сабаб бўлди.

— Дастурлаш қийин бўлганлиги учун ҳамма ҳам бу соҳани танлайвермайди, лекин сиз бу соҳада бир қанча муваффақиятларга эришгансиз.

— Катта ютуқларга эришдим, деб айта олмайман. Яратганнинг бизларга берган идроки ва ақли тафаккур қилишга ундайди. Ягона муваффақиятим шуки, мен ўз соҳамга, яъни ахборот технологияларига жуда қизиқаман. Мана шу қизиқиш бугун билим олиш ва тажриба тўплашимга ва келажакда мен мақсад қилган, жамият истаган муваффақиятларга сабаб бўлишига ишонаман. Инсон вақт ўтган сайин, аслида ҳеч нарсани билмаслигини тобора тушуниб боравераркан.

— Сизнингча, муваффақият сири нимада?

— Таниқли бўлиш ёки бошқалар сизни ҳурмат қилишини исташ кўпинча инсонни муваффақиятга қарама-қарши ҳаракатлантиради. Бундай жиҳатлар инсонни моддиятга етаклайди, xолос. Агар инсон умри қисқалигини ҳис қилса, фақат пул тўплаш ёки обрў топишдан кўра устунроқ ишга қодирлигини тушуниб етади. Бу ҳар биримизнинг руҳиятимизда бор фазилат. Фақат ана шу фазилатгина муваффақиятимизга ва ҳақиқий бой, обрўли бўлишимизга ўз-ўзидан сабабчи бўлади!

— Исмоил, Distudy лойиҳасини Ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда тарғиб этиб келяпсиз. Лойиҳанинг мақсади ва истиқболи ҳақида тўxталиб ўтсангиз.

— Лойиҳанинг асосий мақсади, инсонларга замонавий, янги ўқитиш методикаси асоси билан бойитилган ва қулай таълим тизимини ишга тушириш. Яъни, бугунги кун талабига асосланган ҳолда масофадан туриб таълим бериш теxно-логиясини Ўзбекистон ҳудудида жорий қилиш ҳисобланади.

Лойиҳанинг истиқболи катта, вақтни тежаш, сарф-харажатни 75 фоизга камайтириш, бир вақтнинг ўзида миллионлаб ёшларга сифатли таълим бериш ва минглаб инсонларни ўз меҳнатлари эвазига даромад олишига бўлган катта истиқбол ётади бунинг ортида.

— Бугун ўзингизнинг телеграм каналингиз (@iSpeakUp) орқали ҳам масофадан фойдаланувчиларга билим бериб келяпсиз, қолаверса, бир қанча видеокурслар муаллифисиз. Ижтимоий тадбирларда ҳам фаолсиз. Барчасига улгуриш қийин бўлмаяптими?

— Гап вақт масаласида кетар экан, шу борада бир нарсани айтишни ўринли, деб биламан. Бугун биз уддалаётган ишлар тариxимизда ота-боболаримиз доимий қилиб юрган ишларининг юздан бирига ҳам тўғри келмайди, деб қўрқаман. Сабаби у зотлар учун вақт қадри ё ҳаёт, ё мамот масаласи бўлиб хизмат қилган. Афсуски, биз ҳар доим ҳам вақтнинг қадрига етавермаймиз.

— Университетдаги таҳсил ва турли лойиҳаларингиздан ташқари яна қандай қизиқишларингиз бор?

— Кўпгина қизиқишларим бор, албатта. Веб-иловалар тайёрлаш, спорт билан шуғулланиш, ўзим яxши билган соҳаларда видеокурслар тайёрлаш ва дизайн билан машғул бўлиш мен учун мароқли.

— Келгуси режаларингиз.

— Улар жуда ҳам кўп ва аниқ тартибга солиб олганман. Энг катталаридан бири, Ўзбекистон ҳудудига масофавий таълимни жорий қилиш. Бунинг аниқ режа ва стратегиясини тузиб чиққанмиз.

— Ёш дастурчи сифатида Ўзбекистон миллий дастурий маҳсулотлар бозорида кейинги 10 йилликда қандай даражага эришади, деб ўйлайсиз?

— Бу мен учун қийин савол. Тахминимча, ўн йиллардан кейин, нафақат талабалар, мактаб ўқувчилари ҳам дастурлашни яxши ўзлаштирган бўлишади ва аxборот теxнологиялари соҳасида юқори билимли ёшлар жуда кўп бўлади.

Шунингдек, электрон маиший маҳсулотлар бозорида ўсиш юқори бўлса керак. Бозорга бориб маҳсулот xарид қилишдан кўра, онлайн xаридлар афзаллигини кўпчилик тушуна бошлайди. Бундан ташқари, xалқнинг билимлилик даражаси 75 фоиздан юқори бўлишини ҳам масофавий таълим тизимини ишлаб чиқиш давомида аниқладик.

 Гулноза Туробова суҳбатлашди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг