Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

IT-Парк икки ёшга тўлди (фото, видео)

Бугун, 24 июль куни IT-Парк шоу-румида компания ташкил этилганининг икки йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Айтиш мумкинки, ушбу тадбир компания жамоасининг икки йиллик ҳисоботи ва келгуси вазифалари тақдимоти бўлди. Унда Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги раҳбарияти, хорижий меҳмонлар, ҳамкор ташкилотлар, резидентлар ҳамда ахборот технологиялари соҳаси корхоналари ва ташкилотларидан вакиллар иштирок этди.

Меҳмонлар қутлуғ сана билан IT-Парк жамоасини табриклашди. Жумладан, тадбирда сўзга чиққан АКТ вазири Шуҳрат Содиқов компания ташкил этилганига кўп бўлмаса-да, билдирилган ишончни оқлаб, яхши натижаларга эришганини алоҳида қайд этиб, “айти” жамоасига улкан ютуқлар тилади.

Хўш, ўтган икки йил давомида IT-Парк нималарга эришди?

Бир сўз билан айтганда, IT-Парк мамлакатда ўз фаолиятини амалга ошираётган IT-компаниялар сони ва сифатининг ўсиши учун зарур шарт-шароитлар яратиб берди.

Ўтган даврда республика бўйлаб 14та ихтисослаштирилган IT-мактаб очилди. Эътиборлиси, ушбу мактаблар битирувчилари IT-марказларида ўқишни давом эттириш ва ахборот технологияларини чуқур ўрганиш имкониятини қўлга киритадилар.

Ёш авлод ўртасида ахборот технологиялари соҳасига бўлган қизиқишни ошириш мақсадида республика IT-Олимпиадаси ўтказилиб, унда барча IT-мактаб ўқувчилари иштирок этди.

IT-Паркда 147 та IT-марказ очилган бўлиб, унда 40 минг 255дан ортиқ тингловчи таълим олди. Ушбу марказларининг очилиши туфайли 294 дан ортиқ иш ўрни ҳам яратилди. Жорий йилда IT-марказлар сонини 205тага етказиш режалаштирилган, уларда кўпроқ иш ўринлари ташкил этилиб, янада кўпроқ ёшлар ўқитилади.

Бундан ташқари, One Million Uzbek Coders лойиҳаси ишга туширилди, унда икки йил давомида 469 260 фойдаланувчи рўйхатдан ўтди, 246 587 талаба гувоҳнома ва 176 883 битирувчи сертификат олди. One Million Uzbek Coders – IT-Парк томонидан яратилган бепул таълим платформаси Dubai Future Foundation жамғармаси билан биргаликда малакали халқаро экспертлар видеодарсларини бепул ўрганиш орқали маълумотлар таҳлили, frontend ва backend дастурлашнинг асосий тушунчаларини, шунингдек, мобил иловалар яратишни бепул ўрганиш имконини беради.

Асосий курсларни тугатгач, фойдаланувчиларга Udacity Nanodegree гранти эгалари бўлиш имконияти берилади, бу эса уларга One Million Uzbek Coders лойиҳаси доирасида янада кенг даражада сабоқ олиш имконини беради. Ушбу грант эгалари сони бугунги кунда 250 нафардан ортиқни ташкил этди.

Мамлакатимизнинг 16 та олий ўқув юртида IT-Парк ташаббуси билан инкубация марказлари ташкил этилди. Унда талабалар билан ишлаш ва уларнинг лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича кенг қамровли дастурлар амалга оширилмоқда. Ана шу марказларда 120дан ортиқ лойиҳа ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Икки йил ичида Гулистон, Марғилон, Андижон, Самарқанд, Жиззах, Навоий ва Бухоро вилоятларда IT-Паркнинг еттита филиали очилди. Шунингдек, республикамиз бўйлаб IT-Паркнинг 14та филиалини очиш режалаштирилган.

Яна бир муҳим янгилик – 2020 йилнинг 18 августида АҚШнинг Делавер шаҳрида IT-компанияларга АҚШ ички бозорига кириш учун шароит яратиб берувчи IT-Парк ваколатхонаси очилди. Ваколатхонанинг асосий вазифаси ички маҳсулот ва хизматларни экспорт қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, уларни рағбатлантириш, реклама кампанияларини ўтказиш, буюртмаларни қидириш, АҚШ мижозлари ва IT-Парк резидентлари ўртасида шартномалар тузишда ёрдам беришдир. Ваколатхона ҳар икки томон учун – буюртмачи учун бажарилган ишнинг сифати бўйича, пудратчи учун бажарилган иш учун ҳақ тўлаш бўйича ҳам кафил вазифасини бажаради. Бунинг учун халқаро стандартларга жавоб берадиган суғурта ва кафолат тизимлари жорий этилган.

IT-Парк корпоратив инновациялар доирасида ҳам фаол иш олиб боради, бу эса уларнинг ривожланиши ва ўсиши учун мавжуд компанияларга янги ғоя ва имкониятларни жорий этиш жараёнини ўз ичига олади. Бу соҳадаги қатор тадбирлар хакатонлар, танловлар, дастурлар, ихтисослаштирилган кўргазмалар, шунингдек, Ўзбекистонда IT-соҳасида стартап экотизимини ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича бошқа тадбирлар шаклида ташкил этилди. Ташкилот томонидан маҳаллий ва хорижий ҳамкорлар билан биргаликда жами мукофот жамғармаси 7 миллиард сўмдан ортиқ бўлган 30 дан ортиқ йирик лойиҳалар амалга оширилди.

2021 йилнинг 12 февралида IT-Парк CS:GO бўйича Cookie Crew жамоасини тузди ва улар Frag Season 5 республика турнирида ғолиб чиқди ва шу тариқа CS:GO ўйини бўйича республикамиз чемпиони бўлди.

IT-Парк фаолиятининг барча йўналишларида ахборот технологияларини ривожлантириш ва жорий этиш бўйича ўнлаб тадбирлар, танловлар, хакатонлар ва бошқа лойиҳаларни амалга оширди. Албатта, ишлар бу билан тўхтамайди ва компания республикамизни Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари орасида IT-етакчисига айлантиришни мақсад қилган.

Эслатиб ўтамиз, IT-Парк Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан стартап экотизимини ва стартап лойиҳаларини такомиллаштириш, уларни мамлакатимизда амалга ошириш мақсадида ташкил этилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг