Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Шуҳрат Сатторов

Ким нени изласа, топгай бегумон...

Жаҳоннинг энг қиммат компаниялари. Улар нимадан даромад қилишмоқда?

Жаҳоннинг энг қиммат компаниялари. Улар нимадан даромад қилишмоқда?

Фото: «MediaSole»

Қуйида сизни 2017 йил якунлари ҳамда 2018 йилнинг бугунги ҳолатида жаҳоннинг энг қиммат компаниялари билан таништирамиз. Мазкур рейтингни шакллантиришда компаниялар томонидан чиқарилган акцияларнинг ўртача баҳосига асосланган бозордаги капитал қиймати ҳисобга олинган.

#1 «Apple Inc.»

«Apple». Баҳоси: $618 млрд.
Фото: «SharkFX.ru»

Соҳаси: электроника, ахборот технологиялари.

Маҳсулоти: Персонал компютерлар ва планшетлар, мобил телефонлар, аудио плеерлар, смарт-соатлар …

Рейтингда яққол пешқадамлик «Apple Inc.» корпорациясига насиб қилган. Бугунга  келиб мазкур компаниянинг рамзи жаҳоннинг барча давлатлари ва ҳудудларини забт этишга улгурди. Шубҳасизки, жаҳон бўйлаб 116 минг ходимга эга «Аpple» дунёнинг энг муваффақиятли компаниясидир.

Унга 1976 йилнинг 1 апрелида Стив Жобс, Стив Возняк ҳамда Роналд Уэйн томонидан асос солинган. Улар аввалига гаражда персонал компютерлар йиғишган. «Apple»сўнгги йилларда мобил қурилмалар — «iPhone» смартфонлари ҳамда «iPad» планшетларидан ката фойда кўрмоқда. Бренднинг оммалашуви Стив Жобснинг сифатли, илғор, юқори дизайндаги ва қимматбаҳо маҳсулотлар ишлаб чиқаришга асосланган маркетинг ғояси билан узвий боғлиқ.

Корпорация бош идораси АҚШнинг Калифорния штатидаги Купертино шаҳрида жойлашган.

#2 «Alphabet Inc.»

«Alphabet Inc.». Баҳоси: $532 млрд.
Фото: «SharkFX.ru»

Соҳаси: интернет, дастурий таъминот.

«Google» компаниясини сайёрамизнинг ёшу қариси яхши танийди. У бир оз аввал ўз номини «Alphabet» деб ўзгартирди. Энди бу корпорация таркибида «Google» қидирув тизими билан бирга, кўплаб бошқа муассасалар ҳам бор.

Интернет-холдинг раҳбари Сергей Брин ҳамда Ларри Пейдж, улар биргаликда 1998 йили мазкур  мега-компанияга асос солишган.

«Google» бош идораси Калифорнияда жойлашган. У 40 га яқин хизматлар, жумладан, AdWords, Android, YouTube каби оммабоп хизматларни кўрсатиб келади.

#3 «Microsoft»

«Microsoft». Баҳоси: $483 млрд.
Фото: «SharkFX.ru»

Соҳаси: дастурий ва аппарат таъминот ишлаб чиқариш.

Маҳсулотлари: «Microsoft Office», «Microsoft Windows», «Xbox».

Жаҳонга маълум ва машҳур «MicroSoft» корпорациясига 1975 йили, яқин-яқингача ҳам жаҳоннинг энг бой кишиси ҳисобланган Билл Гейтс ҳамда Пол Аллен асос солишган. Ўша кезлари «Microsoft»  дунёдаги илк дастур ишлаб чиқарувчи компания сифатида персонал компютерлар учун дастурий таъминот воситаларининг пакетларини ишлаб чиқарган. Бу – ҳозирги «Windows» амалий тизимининг илк авлоди бўлган. Айни пайтда жаҳоннинг биринчи рақамли компютер тизими компанияга ниҳоятда катта даромад келтирмоқда.

Бугунги кунда «Microsoft» видео, аудио воситалар ва бошқа турдаги маҳсулотлар ҳам ишлаб чиқаради.

Идора бош қароргоҳи Вашингтон штатининг Редмонд шаҳрида жойлашган.

#4 «Berkshire Hathaway Inc.»

«Berkshire Hathaway Inc.». Баҳоси: $402 млрд.
Фото: «SharkFX.ru»

Соҳаси: суғурта, иқтисод, темир йўл транспорти, коммунал хизматлар, озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш.

Мазкур компаниянинг бир дона акцияси $215 минг доллар туради, яъни жаҳоннинг энг қиммат акцияларидан бири. Компания асосчиси ва эгаси Уоррен Баффет номининг ўзи муассасасидан ҳам машҳурроқ. Сармоядор ва тадбиркорликда донғи кетган бу шахс саховатпешалиги билан ҳам диққатга сазовор.

«Berkshire Hathaway Inc.» бош идораси АҚШнинг Небраска штатидаги Омаҳа шаҳрида жойлашган.

Унга қарашли компаниялар:

«GEICO» (авто-суғурта);

«General Re» (қайта суғурта);

«Berkshire Hathaway Primary Group» (суғурта);

«Berkshire Hathaway Reinsurance Group» (суғурта ва қайта суғурта);

BNSF (темир йўл транспорти);

«Berkshire Hathaway Energy» (электр ва газ таъминоти);

«McLane Company» (улгуржи савдо).

2015 йили йиллик акциядорлари сони 40 минг нафарга етган.

#5 «Amazon Inc.»

«Amazon Inc.». Баҳоси: $356 млрд.
Фото: «SharkFX.ru»

Соҳаси: чакана савдо.

«Amazon» — америкалик бу ритейлер, яъни маҳсулотни уйгача етказиб берувчи компания интернет орқали маҳсулотларга буюртма олади.

«Amazon» ёрдамида интернет фойдаланувчи, етказиб берувчи ҳамда ишлаб чиқарувчи ҳамкорлик ўрнатади. Маҳсулотлар сифати ва хизмат кўрсатишнинг арзонлиги ва тезкорлиги, танлов имкониятининг юқорилиги «Amazon» компанияси нуфузини оширди.   

Компанияга 1994 йили бугунги кунда жаҳоннинг энг бой кишиси бўлган Жефф Безос томонидан асос солинган. Идора бош қароргоҳи Вашингтон штатининг Сиэтл шаҳрида жойлашган.

Компанияда айни пайтда жаҳон бўйлаб 230 минг ходим меҳнат қилади. «Amazon» активларининг қиймати 55 млрд., йиллик айланмаси 75 миллиард доллардан ошади.

#6 «Exxon Mobil»

«Exxon Mobil». Баҳоси: $347 млрд.
Фото: «SharkFX.ru»

Соҳаси: нефтни қайта ишлаш.

«Exxon Mobil» — америка мултинационал нефт компанияси. Жаҳон миқёсида энг кўп нефт ишлаб чиқарувчи компаниялардан бири.

Машҳур бизнесмен Жон Д. Рокфеллернинг «Standard Oil Company» деб номланган машҳур компанияси меросхўри бўлган бу муассасага 1999 йилнинг 30 ноябрида асос солинган.

Компания ўз тарихида бирор маротаба нефтнинг оқиши ёки танкерлар чўкиши оқибатида табиатга зарар етказмагани билан ҳам ҳурматга сазовор.

Компания идораси Техас штати, биз билган Даллас шаҳрида жойлашган.

#7 «Facebook»

«Facebook». Баҳоси: $332 млрд.
Фото: «SharkFX.ru»

Соҳаси: интернет.

«Facebook» тармоғига 2004 йилнинг февралида Марк Цукерберг тамал тошини қўйган. Бугунги кунда бу ижтимоий тармоқдан 1,86 млрд.дан зиёд одам фойдаланади. Қисқа давр орасида фақатгина ижтимоий тармоқдан 332 миллиард доллар маблағнинг тўплангани ақлга сиғмас ҳодиса, дейишмоқда иқтисодчилар.

Бугун «Facebook» йилига 8 миллиард доллардан зиёд фойда қилмоқда. Бунинг ҳаммаси реклама ҳисобидан. Қолаверса, «Facebook» мазкур "ўнталик"да даромад келтириши бўйича етакчи ҳисобланади. Сўнгги йилларда соф даромад миқдори 54 фоизга ошди.

Идора қароргоҳи Калифорнияда, Менло-Парк шаҳрида жойлашган.

#8 «Johnson & Johnson»

«Johnson & Johnson». Баҳоси: $313 млрд.
Фото: «SharkFX.ru»

Соҳаси: фармацевтика ва тиббиёт маҳсулотлари ишлаб чиқариш.

Маҳсулоти: дори-дармон ва тиббиёт, косметика маҳсулотлари ишлаб чиқариш.

«Johnson & Johnson» америкалик мултинационал компания бўлиб, тиббиёт учун зарур маҳсулотлар, фармацевтика ва истеъмол маҳсулотлари ишлаб чиқаради. Компанияга 1886 йили уч оға-ини — Роберт Вуд Жонсон, Жеймс Вуд Жонсон ҳамда Эдуард Мид Жонсонлар томонидан асос солинган. Аввалига муассаса яра-чақаларни боғлаш учун материал ҳамда пластрлар ишлаб чиқариш билан шуғулланган. 1893 йилдан эса болалар учун сепиладиган упалар ҳам тайёрлаш йўлга қўйилган.

Корпорация таркибида айни пайтда 250 та "фарзанд" компаниялар 60 давлатда фаолият олиб бормоқда. Жаҳон миқёсида, аниқроғи 175 мамлакатда компаниянинг маҳсулотларини топиш мумкин.

Унинг штаб-квартираси Ню-Жерси штатининг Ню-Брансуик шаҳрида жойлашган.

#9 «JPMorgan Chase»

«JPMorgan Chase». Баҳоси: $309 млрд.
Фото: «SharkFX.ru»

Соҳаси: банк иши.

«JPMorgan Chase» — активлари бўйича АҚШда биринчи ва жаҳонда 5-рақамли энг йирик тижорат банки.

«Morgan» компанияси сармоявий ва банк хизматлари, хусусий капитал бошқаруви каби хизматларни кўрсатади.

Идора қароргоҳи АҚШ нинг Ню-Йорк шаҳрида жойлашган.

#10 «General Electric»

«General Electric». Баҳоси: $280 млрд.
Фото: «SharkFX.ru»

Соҳаси: электротехника, энергетика, тиббиёт жиҳозлари, маиший техника воситаларини ишлаб чиқариш, транспорт машинасозлиги.

«General Electric» — бу америка компаниясига таниқли ихтирочи Томас Эдиссон томонидан 1878 йили асос солинган.

Компания аввалига электр лампалари ишлаб чиқариб сотган. Бугунги кунда 300 минг ишчиси бўлган компания дунёни электрлаштириш ҳамда бошқа йўналишларда ҳам ўзини синаб кўрмоқда. Ҳар йили компания 13 миллиард доллар фойда кўради.

Идора қароргоҳи АҚШнинг Коннектикут штатидаги Фэрфилд шаҳрида жойлашган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг