Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

KOICA Ўзбекистон стартапларини қўллаб-қувватлаш имкониятларини кўриб чиқади

KOICA Ўзбекистон стартапларини қўллаб-қувватлаш имкониятларини кўриб чиқади

Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) делегацияси Ўзбекистонга ташриф буюрди.

Фото: «Muic.uz»

Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) делегацияси Ўзбекистонга ташриф буюрди.

Ташрифнинг мақсади «Ўзбекистон стартаплари салоҳиятини мустаҳкамлаш бўйича ташаббуслар» лойиҳаси бўйича дастлабки тадқиқотларни ўтказиш ҳамда бизнес ҳамкорлар, жумладан, «Mirzo Ulugbek Innovation Center» инновация маркази ва унинг резидентлари билан муносабатлар ўрнатишдир.

«Bloomberg» агентлигига кўра, Жанубий Корея сўнгги йиллар ичида «50 та энг инновацион давлат» рейтингини бошқариб келмоқда. Рейтинг тузилишида экспертлар томонидан илмий-техник тадқиқотлар (R&D) ва ишланмаларига сарф қилинаётган харажатлар, юқори технологияларни жалб этиш даражаси, олий таълимнинг кенг тарқалиши ва патентлар соҳасидаги фаоллик ҳисобга олинади.

«Mirzo Ulugbek Innovation Center»да бўлиб ўтган учрашув янги бизнес йўналишлари ва илғор технологик салоҳияти бор стартапларни қўллаб-қувватлашда Жанубий Корея тажрибасини ўрганишга бағишланди.

Учрашувда Агентлик бош штабидан бошқарув менежери Ли Санг Гип, Корея кўмаклашиш ассоциацияси президенти ҳамда «Rehoboth Business Incubator Ltd.» директори Парк Кван Хо, Ўрта ва кичик бизнес институтининг илмий ходими Нам Юн Ха, Фан ва техника соҳасидаги сиёсий институтнинг илмий ходими Парк Чан Су, шунингдек, Савдо-саноат палатаси ва MUIC вакиллари иштирок этишди.

Мулоқотда «Ўзбекистон стартаплари салоҳиятини мустаҳкамлаш бўйича ташаббуслар» лойиҳасининг мақсад ва вазифаларига эътибор қаратилди. Бунда кореялик мутахассисларга асосий ўрин берилган. Улар томонидан лойиҳа амалга оширилишида иқтисодиётнинг истиқболли тармоқлари ва инвестицион салоҳияти таҳлил қилиниб, стартаплар экотизимини тўлиқ яратишгача бўлган барча босқичлар назорат қилинади, шунингдек, инвестицияларнинг жалб этилиши ва иқтисодиёт, бошқарув ҳамда маркетинг соҳаларида кадрларни қайта тайёрлашга амалий ёрдам кўрсатишлари режалаштирилмоқда.

KOICA делегацияси MUIC резиденти — «FinTech» асосида дастурий маҳсулот ишлаб чиқарувчи «SSP-Maroqand» компанияси офисига ҳам ташриф буюрди. Ушбу компания томонидан амалга оширилган лойиҳалардан бири — UPAY универсал электрон тўловлар хизматидир.

— Учрашувимиз кўпроқ таништирув мақомига эга бўлиб, биз электрон тижорат бўйича ўз ишланмаларимизни, CRM, ERP ва бизнеснинг онлайн рўйхатга олинишини намойиш этдик, — деди компания директори ўринбосари Беҳзод Ботиров. — «Стартап ташаббуслар» лойиҳасида бизнес-маслаҳатчи сифатида иштирокимиз давомида орттирган тажрибамиз билан бўлишдик. Бизда салоҳият бор, аммо кўпгина стартапчиларимизда лойиҳалар фақатгина ғоя ҳолатида бўлиб, ўзида инновацион қарорларни мужассам этмаган ҳолда, уларни амалга ошириш учун ҳомий топишга боғланиб қолган. Ташқи кўмак жуда фойдали бўлиб, агар лойиҳа амалга оширилса, биз бизнес-маслаҳатчи ва ҳамкор сифатида иштирок этишимиз мумкин.

Қайд этиш жоизки, «Ўзбекистон стартаплари салоҳиятини мустаҳкамлаш бўйича ташаббуслар» лойиҳасини амалга ошириш 2019–2021 йилларга мўлжалланган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг