Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Менинг лойиҳам ҳам вақтингизни, ҳам нақдингизни тежайди». Иқтидорлар намойиши (фото)

«Менинг лойиҳам ҳам вақтингизни, ҳам нақдингизни тежайди». Иқтидорлар намойиши (фото)

Фото: ТАТУ матбуот хизмати

Янгилик ўз номи билан янгилик. У ахборот технологияларидами, тиббиётдами, техникадами, илм-фандами, ишлаб чиқаришда бўладами, шу кун, шу муддатгача ўхшаши йўқлиги, ижтимоий ҳаётга қайсидир жиҳати билан сингиб кетиши билан янгилик.

Бугун биз ҳар сонияда турфа янгилик, янгиланиш, тараққиёт замонида яшаяпмиз. Айниқса, бу борада  ўқиб, изланиб, замон билан одимлашга ҳаракат қилаётган ёшларимизнинг интилишларини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Муҳаммад Ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида ташкил этилган «Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар» кўргазмаси ҳам инновацион иқтидор эгаларининг намойишига айланди.

Кўргазмани очиб берган университет ректори Тўлқин Тешабоев бу тадбир илмий ишлар, лойиҳалар намойиши бўлибгина қолмай ушбу янгиликларнинг қанчалик ҳаётийлигини кўрсатиш, қиёлаш баробарида иқтидорли талабаларни эркин фаолиятга йўналтириш, уларнинг инновацион лойиҳа ва ғояларини қўллаб-қувватлаш қаратилганини алоҳида таъкидлади. Кўргазмада талабалар, мактаб ўқувчилари, ўқув марказида таълим олувчи ёшларнинг 100 дан ортиқ ишланмалар тақдим этилди.

 – Бугунги кўргазмада ўзимизнинг «ҳалқа» – мактаб, коллеж-лицей ҳамда дастурлаш соҳасидаги олийгоҳларда таълим олувчи ёшлар учун мўлжалланган лойиҳамиз билан қатнашмоқдамиз, – дейди ТАТУнинг 3-босқич талабаси Жасур Нурбоев. – Бу бизнинг жамоавий ишимиз бўлиб, дастурлашни ўрганувчилар учун масофадан таълим олиш, дарсларни бепул ва қулай тарзда ўрганишда жуда қўл келади. Айниқса, бу лойиҳа ёрдамида ёш дастурчилар содда ва илғор технологиялар ёрдамида интерактив дарслар жараёнини автоматлаштирилган ҳолда онлайн тарзда фойдаланишлари мумкин. Эндиликда лойиҳани фақатгина дастурлашда эмас, балки  абитурент ёшлар учун энг зарурий фанлар бўйича билимларни қисқа ва лўнда, содда шаклда ташкиллаштиришни режалаштиряпмиз.

Менинг лойиҳам ҳам вақтингизни, ҳам нақдингизни тежайди, – дея гап бошлади ТАТУнинг 3-босқич талабаси Нурдиёр Бўронов. – Бу асосан автоулови йўқ йўловчиларга мўлжалланган бўлиб, 100 метр радиусдаги йўли бир йўловчилар ўзаро алоқа боғлаб, келишиб, такси тўловини киши бошига тақсимлаган ҳолда исталган манзилга арзон ва тез етиб олишлари мумкин. Айни кунларда лойиҳа тест режимида ишлаяпти. Яқин икки-уч ойда «Play market»га жойлаштирамиз.  

Кўргазманинг энг ёш иштирокчиларидан бири пойтахтимиздаги 8-умумтаълим мактаби ўқувчиси Абдуҳолиқ Азимовнинг «Ақлли симёғоч»лари ҳам кўпчиликнинг эътиборини тортди.  

Абдуҳолиқ устози Рустам ака ёрдами билан оддий елим машинани бемалол телефонда ёки пултда бошқариладиган кўринишга келтирган. Кўргазма майдонида балонлари ғизиллаб айланиб юрган машинани тайёр сотиб олган бўлса керак дейсиз. Яна бир жиҳати шундаки, Абдуҳолиқнинг машинаси ўзи ясаган йўлдаги фоторезисторлар ёрдамида бошқариладиган «Ақлли симёғоч»ларга яқинлашиши билан симёғочлардаги чироқлар ёнар экан. Буни қандай уддаладинг, деган саволга у шундай жавоб қилди: «Мен техникага қизиқаман. Кейин бирор нарса ясамоқчи бўлсам, албатта, биринчи навбатда тежамкорликни, келтирадиган фойдани ўйлайман. «Ақлли симёғоч»нинг ақллилиги нимада: машина ёки йўловчи маълум масофага етиб келганда ёниб, унинг йўлини ёритиши ва кейин яна ўчишида. Бунда электр тежалади».

Абдуҳолиқнинг сўзларини тинглаганларнинг кўпчилиги бу болакайнинг нафақат «Ақлли симёғоч»лари, балки унинг илмга, янгиликка иштиёқи келажакда унинг ҳаётини чароғон этишига ишонишди. Аслида бундай тадбирларнинг асл моҳияти ҳам шунда.

Кўргазма  доирасида «Энг яхши мустақил иш», «Энг яхши ижодий ёндашув», «Энг яхши иннавоцон ғоя», «Иннавоцон таълим» йўналишларида кўргазма иштирокчиларининг танловлари ташкил этилди.

«IT-park» директори маслаҳатчиси Говиндасвами Партасартининг «Startup лойиҳаларида муваффақиятга эришиш» номли тақдимоти соҳа вакилларининг қизиқишга сабаб бўлди.

Шунингдек, «Киберспорт» йўналишида иқтидорли талабалар ўртасида  мусобақа ташкил этилди.

Ярмарка якунида танлов ғолиблари диплом ва эсталик совғлари билан тақдирланди. Бундан ташқари, энг яхши ишланмалар эгалари июль ойида Берлинга (Германия) малака ошириш ўқув-курсларига юборилиши режалаштирилган.    

Гулноза Турғунбоева

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг