Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шахсий сирнинг интернетда «достон» бўлишига фақат телефон усталари сабабчими?

Шахсий сирнинг интернетда «достон» бўлишига фақат телефон усталари сабабчими?

Шахсий расм ва видеоларнинг ижтимоий тармоқларда тарқаб кетишига телефон усталари ҳам сабабчи.

Фото: «Androidov.Net»

Смартфонлар чиқди-ю қўлсоат, калкулятор, радиоприёмник, фотоаппарат, видеокамера деган нарсаларни бир қурилмада «жамлаб олди». Мобил интернет, мессенжерлар унинг қиймати ва оммабоплигини оширгандан оширяпти. Хуллас, бугунги ҳаётий ҳақиқат шуки, дунёнинг энг бой компанияси нефт, газ ёки олтин қазиб олмаяпти, автомобиллар ясамаяпти, у «ақлли» гаджетлар сотяпти.

Шахсий «ижод маҳсуллари»

Шунча афзалликлари бўлганидан кейин, албатта, бу қурилма доимий йўлдошимизга, яқин сирдошимизга айланади-да. Шахсий маълумотлар, банк ҳисобрақамлари ёндафтарчалардан телефонларга кўчиб ўтяпти, эрнинг хотиндан, хотиннинг эрдан хуфиёна сирлари, боланинг ота-онасидан яширган (уларнинг кўриб қолишларидан қўрқадиган) маълумотлари...

Илгари интернетда хорижда содир бўлган нохуш воқеаларга кўзимиз тушиб қолса, ёқамизни ушлардик. Энди-чи? Кунда-кунора ҳали мамлакатимизнинг у бурчагида, ҳали қай юртдадир юрган миллатдошимиз ҳақидаги видео ёки фотохабар интернетни «портлатяпти», телефондан-телефонга кўчяпти... Шундай тасаввур уйғонадики, интернет кенгайиб, мобил қурилмалар кўпайгани сайин, интернетдаги мазмун-савия ботқоққа чўкиб бораётгандек. Ҳар ҳолда жоиз-ножоиз лавҳалар ёмғир эмаски, осмондан ёғса, эътибор берилса, уларнинг кўплари мобил телефонларда олинган шахсий «ижод маҳсули».

Бир танишим билан шу мавзуда суҳбатлашиб қолдик. У бозорда савдо қилади. Айтишича, бундай расм ва видеоларнинг ижтимоий тармоқларда тарқаб кетишига айрим тарбиясиз, масъулиятсиз телефон усталари сабабчи.

Эртага бу қизнинг расмларини интернетда беҳаё сўзлар билан кўрган яқинлари нима деб ўйлашади?

«Яқинда 18-19 ёшлар атрофидаги бир қиз рўпарамизда ишлайдиган уста болага смартфонини тузатиш учун олиб келди. Уста телефонни кўздан кечириб, тузатиб қўйишини, эртага олиб кетиши мумкинлигини айтди.

Эртаси куни бозорда ҳар доимгидек ғала-ғовур, шовқин-сурон остида иш бошладик. Тушликка яқин қўшни устахона олдида болаларнинг бақир-чақири, хо-хо-лаб кулишлари эътиборимни тортди. Кейин кечаги қизнинг телефонидаги селфи қилинган расм ва видеоларни муҳокама қилишиб, бир-бирларига телеграм орқали узатишаётганига гувоҳ бўлдим.

Энди тасаввур қилинг, эртага бу қизнинг расмларини интернет тармоқларида беҳаё сўзлар билан кўрган яқинлари нима деб ўйлашади, унинг тақдири нима кечади?..»

Бу каби ғирром усталар жуда кўпайиб кетган, улар мижоз олдидаги  масъулиятни, жавобгарликни унутиб қўйишган.

Бундай номақбул хатти-ҳаракатларнинг олдини олишимиз ва телефоним шахсий буюмим, деб ҳар қандай нарсаларни сақлаб юрувчи ҳамюртларимизни, ёшларимизни огоҳликка чорлашимиз лозим. Бунақа ҳолатлар жуда ҳам кўп учраяпти, айримларининг оиласи бузилиб кетяпти, дейди танишим афсус билан.

Қўлидаги телефони унинг кимлигини англатиб қўяди

— Баъзи бир мижозлар тарбияли кўрингани, башанг кийингани билан қўлидаги телефони унинг кимлигини, қанақа инсонлигини англатиб қўяди, — дейди пойтахтда ишловчи мобил қурилма устаси (айрим сабабларга кўра унинг исмини келтирмадик). — Баъзи телефонларни тузатиш жараёнида жудаям хунук манзараларга гувоҳ бўламиз. Бу матоҳ орқали разил ишлар қилаётганидан нафратланиб кетаман. Қаршингизда савлат тўкиб турган инсонга нисбатан фикрингиз мутлақо ўзгаради.

Дарғазаб уста ўқитувчининг беҳаё суратларини интернет тармоғига жойлаштириб юборди

Яқинда вилоятларнинг бирида ўқитувчининг видеоси интернетда  тарқаб кетди. Ўзининг беҳаё қилмишларини телефон аппаратида сақлаб келган «педагог» телефони бузилиб қолгач, шаҳардаги устахоналарнинг бирига учрайди. Уста телефонни олиб қолади. У тузатиш чоғи қурилма хотирасидаги беҳаё тасвирларни кўриб қолади ва ўз компютерига ўтказиб олади. Телефонини олгани келган мижозга ҳазиломуз гаплар билан ҳалиги видеоларга шама қилади. Бу ҳолдан эсанкираб қолган ўқитувчи уста билан тортишиб қолади. Уста бу видеотасвирларни йўқотиш учун ўқитувчидан пул талаб қилади. Ўқитувчи айтилган пулни олиб келгунига қадар, мижозининг ҳақоратли сўзларидан дарғазаб уста беҳаё тасвирларни интернет тармоғига жойлаштириб юборади...

Бу воқеа ўқитувчининг ҳаётини остин-устун қилиб юборди, шармандаларча ишдан ҳайдашди, маҳалла-кўй олдида бош кўтаролмай қолди.

Мижозига товламачилик қилган устага қонуний жазо борми?

Мижозига товламачилик қилган устачи? Унга ҳам жазо борми. Умуман, бировнинг шахсий маълумотини ёки унинг шаънига зарар етказиши мумкин бўлган маълумотни рухсатсиз тарқатганлик учун қонунчиликда қандай чора бор?

Инсон ҳаётида шаъннинг тутган ўрни ва аҳамияти, шахси, ҳаётий қарашларини ҳимоялашга оид энг асосий қоидалар Конституциямизда белгилаб қўйилган.

Инсоннинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш халқаро-ҳуқуқий нормаларда ҳам назарда тутилган. Жумладан, бундай қоидалар 1948 йилги Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларациясининг 12-моддасида ва 1966 йилдаги Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар ҳақидаги халқаро Пактнинг 17-моддаси 1-қисмида акс эттирилган бўлиб, унга мувофиқ «Ҳеч кимнинг шаъни ва обрўсига қонунга хилоф равишда тажовуз қилиниши мумкин эмас».

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 46-1-моддасига кўра, шахснинг шахсий ёки оилавий сирини ташкил этувчи шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни унинг розилигисиз қонунга хилоф равишда йиғиш ёки тарқатиш, — энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан қирқ бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

«Xabar.uz» тавсия қилади

Шахсий маълумотларимиз дахлсизлигини сақлаймиз:

Биринчи қоида. Смартфонингизни ўғирлатиб қўйишдан эҳтиёт бўлинг.

Иккинчи қоида. Шахсий маълумотларни (суратлар, видеолар, пароллар ва ҳоказо) имкон қадар смартфонда сақламанг.

Учинчи қоида. Мобил антивируслардан фойдаланинг.

Тўртинчи қоида. Бепул Wi-Fi ҳудудларида смартфон ёки планшетдан фойдаланганда эҳтиёт бўлинг. Танланг: сизга бепул интернет керакми ё шахсий маълумотларингиз дахлсизлиги.

Бешинчи қоида. Телефонингизга иловаларни ҳар ердан, ҳар кимдан кўчириб олиб ўрнатманг. Энг яхши жой –  AppStore (айфонлар учун) ва Google Play (андроидлар учун).

Олтинчи қоида. Янги телефон харид қилишимиз билан эскисининг баҳридан ўтишга шошиламиз. Бу ҳар доим ҳам тўғри чора эмас. Сиз ўчириб юбордим деб ўйлаган маълумотлар телефон хотирасида қолиб кетган бўлиши мумкин. Уларни, масалан, маълумотларни шифрлаш (Созламалар> Хавфсизлик> Қурилмани шифрлаш) орқали буткул йўқотса бўлади. Бунда маълумотлар аралашиб кетади ва махсус калит билан ҳимояланади — шифрланган маълумотларни махсус кодни термасдан тиклаб бўлмайди. Смартфондаги маълумотлар шифрланиб, завод созламаларига қайтарилгач, хотирасини бошқа кераксиз маълумотлар билан тўлдириш ва яна завод созламаларига қайтариш керак.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг