Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мобил телефон ва саратон — боғлиқлик борми?

Мобил телефон ва саратон — боғлиқлик борми?

Фото: «Business-reporter.co.uk»

Охирги маълумотларга қараганда, мобил телефонлар кўпайгани сайин одамларда бош мия ўсимтасининг агрессив кўриниши — глиобластома кўп учраяпти. Тадқиқотчилар бу икки факт ўртасида боғлиқлик борми-йўқми — аниқ бир нарса дейишга иккиланиб туришибди, балки шунчаки тасодифдир…

«Medkafa.com» хабар беришича, британ олимлари ўтказган сўнгги ўрганишлар яна мобил телефонлар хавфсизлиги ҳақида бош қотиришга ундайди — охирги 20 йилда бош мияда глиобластомалар учраши икки марта кўпайган. Аниқ сабабини ҳеч ким билмайди, аммо олимларда шубҳа уйғотаётган нарсалардан бири айнан мобил телефонлардир. Мазкур тадқиқот «Journal of Environmental and Public Health» нашрида батафсил ёритилди.

Олимлар Буюк Британияда охирги 20 йил давомида кузатилган 80 мингта мия ўсимтасига доир ҳолатни чуқур таҳлил қилишди. Агарда 1995 йили глиобластомадан 1250 киши азият чеккан бўлса, 2015 йилга келиб бир йил давомида қарийб 3000 кишида саратоннинг шу тури аниқланган.

Йигирма йиллар олдин ҳар 100 минг кишидан 2,4 кишида глиобластома учраган бўлса, ҳозир ҳар 100 минг кишидан 5 кишида шу касаллик топиляпти.

Ўсимта бошнинг айнан чакка қисмида ўрнашиб қолаётгани тадқиқотчиларнинг диққатини тортди: «Балки мобил ва симсиз телефонлардан фойдаланиш ўсимтани юзага келтираётгандир».

«Тадқиқотлар мобил телефонларни эмас, балки ўсимталарни ўрганишга бағишланган. Шунга қарамай, телефонлар катта эҳтимол билан уларнинг пайдо бўлиши бош сабабчисидек туюлмоқда», — дейди тадқиқот етакчи муаллифи Аласдер Филипс.

Филипснинг қўшимча қилишича, глиобластомалар жуда кам учрайди, ҳатто мобил телефонлар уларнинг пайдо бўлиши эҳтимолини келтириб чиқарганда ҳам, хавотирга тушиш учун жиддий асослар йўқ.

 «Биз олган натижалар ушбу тенденцияни келтириб чиқарган механизмларни янада чуқурроқ ўрганишга ундайди. Хавф омилларини инкор этиш, фақат даволанишга эътибор қаратиш нотўғри» — дейди шу тадқиқотда қатнашган профессор Денис Хеншоу.

Мобил телефонларнинг мияга таъсирига бағишланган бошқа тадқиқотлар натижалари бир-бирини инкор этмоқда. Бирида мобил телефон зарарсиз дейилса, бошқасида бунинг акси.

«Journal of Environmental and Public Health» журналидаги мақолада, назаримда, ўсимталар сони ўсиб боришини тасдиқловчи статистик маълумотлар етарли эмас», — таъкидлайди Оксфорд университетининг тиббиёт физикаси ва клиник муҳандислик бўлими директори Малколм Сперрин.

«Мақолада ўсимта бир турининг сони ўсиб бораётгани кўрсатиб берилган. Аммо ўсиш мобил телефонга боғлиқлиги исботлаб берилмаган. Тадқиқот қамраб олган йилларда аҳолининг мобил телефонлардан фойдаланиши 15 фоиздан 95 фоизга чиққан, ҳолбуки, бош мия ўсимталари сони бу даврда бунчалик кўпаймаган. Бу шундан далолат берадики, мабодо мобил телефонлар саратон хавфини туғдираётгани рост бўлса ҳам, бу жуда оз миқдорда”, — дейди эпидемиолог Лев Шаҳаб.

Тадқиқотчиларнинг фикрича, глиобластомалар кўпайишига инсонлар турмуш тарзининг ўзгараётгани кўпроқ сабаб бўляпти.

«Айни пайтда мобил телефонлар ва бош миядаги ўсимталар ўртасидаги боғлиқлик — фараз, холос. Бироқ саратон хавфни келтириб чиқарувчи бошқа омиллар ҳам борки, буларга қатъий риоя қилишимиз керак. Соғлом овқатланишга ўтиш, алкогол ва тамаки маҳсулотларидан воз кечиш керак», — дейишмоқда тадқиқот муаллифлари.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг