Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Немисча сифат: Германияда стандартларни ким ишлаб чиқади?

Немисча сифат: Германияда стандартларни ким ишлаб чиқади?

Фото: «RT»

Германиядаги кўплаб меъёр ва стандартлар халқаро даражада қўлланилади. «Дойче Велле» ёзишича, бугунги кунда 34 мингдан ортиқ немис саноат стандартлари бор.

Коник штифтлар

Берлинда 1917 йилнинг 22 декабрида Германия саноатини стандартлаштириш қўмитаси ташкил этилган, ҳозир унинг давомчиси — Германия стандартлаштириш институти (DIN). Ташкил этилганидан ўн ҳафта ўтиб қўмита биринчи расмий стандартни қабул қилган. Бу машинсозлик учун коник штифтлар ўлчамлари эди.

Оддий сўрғич, лекин...

Ҳатто сўрғич учун ҳам стандарт бор. DIN турли ёшлар учун турли стандартларни белгилайди — янги туғилган чақалоқлар, 2 ойликкача бўлган гўдаклар, 2 ойликдан 6 ойликккача бўлган гўдаклар, 6 ойликдан 18 ойликкача бўлган гўдаклар учун. Бу биз ўйлаганимизчалик оддий иш эмас. Ишлаб чиқарувчилардан сўрғичлар гардишини (болалар ютиб юбормаслиги учун) кенгроқ ва бола эркин нафас олиши учун тирқишли қилиб ишлаб чиқиш талаб этилади.

А4 ва бошқа форматлар

Ўзаро ҳужжат алмашинишда қоғозлар катта роль ўйнайди. Илгари ҳар бир қоғоз фабрикасининг ўз стандарти бўлган ва қоғозлар турли ўлчамларда чиқарилаверган. Германияда 1922 йили бу муаммога чек қўйилди. Немис муҳандиси ва математиги Вальтер Порстман ишлаб чиққан форматлар қабул қилинди. Масалан, энг кўп ишлатиладиган А4 формати ҳам Порстманнинг иши.

Гриль

Дунё бўйлаб урфга кирган гриллар ҳам немис стандартларига асосланган. Грилда одатда чўян ёки зангламас пўлатдан ясалган панжаралар ишлатилади. DIN стандартига кўра, панжара симлари оралиғи 20 миллиметрдан ошмаслиги керак, шундагина пиширилаётган гўшт бўлаги пастга тушиб кетмайди ва куймайди.

Тиш чўткаси

Стоматологлар тиш чўткасини ҳар уч ойда алмаштириб туришни тавсия қилишади. Тиш чўткаси қандай танланади? DIN сифат белгиси қандай?

Чўтка толалалари қаттиқлиги индекси квадрат миллиметрга тушадиган ньютонларда ўлчанади. DIN стандартларига кўра, бу кўрсаткич 15 ньютон бўлиши шарт. Бу энг мақбул ечим.

Эко ёрлиқли кир ювиш машинаси

Немислар Европа стандартлаштириш қўмитаси билан биргаликда электр асбоблари сифатига талабларни ҳам ишлаб чиқишмоқда. Масалан, кир ювиш машинасини сотиб олувчилар унинг маркировкасига эътибор беришлари керак. Агарда машинада стандарт «экологик» ёрлиқлар (масалан, электр сарфи нормалари) бўлса, билингки, у   CEN ва DIN халқаро талаблари асосида йиғилган.

Стандартлар етакчиси

Германия стандартлаштириш институти(DIN)нинг асосий вазифаси — норматив-техник ҳужжатларни ишлаб чиқиш. Бу жараёнга фан ва техниканинг турли йўналишларида фаолият олиб бораётган 26 мингдан зиёд экспертлар жалб этилган. DIN — стандартлар ва бошқа норматив ҳужжатлар ишлаб чиқариш бўйича жаҳон етакчиларидан бири.

Суратда: ушбу нотижорий ташкилотнинг 100 йил олдинги бош офиси.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг