Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Нол»дан IТ-бизнес: «Loftschool» асосчиларидан қимматли маслаҳатлар

«Нол»дан IТ-бизнес: «Loftschool» асосчиларидан қимматли маслаҳатлар

Фото: news.ifmo.ru

Ҳар бир инсон ҳаётида бир марта бўлсин, ўз шахсий бизнесини бошлаш ҳақида ўйлаб кўрган бўлиши табиий. Бунга сабаблар кўп — эркин, озод ва мустақил бўлиш, ўзинг энг муҳим деб ўйлаган ишларни амалга ошириш. Айнан мана шу сабаблар «Loftschool» асосчилари, IТ-мутахассислари Николай Чернобаев ва Дмитрий Ковалчукни ҳам илҳомлантирган.

Дмитрий Ковалчук:

— Биз Коля билан ёнма-ён ишлардик. Университетдан сўнг мен электр жиҳозлари ва «ақлли уйлар» билан шуғулланувчи компанияга, Коля эса IТ-лойиҳасига ишга жойлашди. Биз тушлик маҳаллари тез-тез учрашар, режалар тузардик ва шу тариқа ўзимизнинг келажак режаларимизни белгилаб олган эдик.

Энг аввало, ишни IТ-лофт ва веб-студиядан бошладик, чунки бизга бунинг учун мутахассис, менежер ва реклама агентлари керак эмасди — бу ишларни ўзимиз эплардик. Офис учун қариндошимизнинг уйини танлаб олдик, улар кундузлари ишга кетганда у ерда ишлардик, кечқурун эса уйга қайтардик. Чунки, ҳатто ижарага пул сарфлашни ҳам истамадик, боиси бошланғич капиталимиз — ҳар биримизда 30 минг рубл бор ва бу пул агар ҳеч қанча пул ишлай олмасак, бир ой яшашимизга етарди, холос.

Д.Ковалчук.
Фото: news.ifmo.ru 

Яна бир муҳим жиҳати шунда эдики, биз Коля билан ишдан бўшаган ва ўз бизнесимизни бошлаган пайтда қизим ҳали ёш эди, аёлимга қандай иш ва нима учун бошлаётганимни тушунтиришимга тўғри келди. Бундай паллаларда оила аъзоларининг қўллаб-қувватлаши жуда муҳим.

Ишни бошлашимиз ҳамоно мижоз ахтаришга тушдик. Биринчи буюртмани танишлардан олдик ва биринчи сайтимизни яратдик. Кейинроқ ўз сайтимизга эга бўлдик — бу бизга дарслар ҳамда мақолалар учун зарур эди. Ҳозирда у «YouTube»да IТ-мавзу бўйича йирик медиага айланган.

Биз кўп ишлардик, дарсларни эса тунда ёзиб олардик. Технологияларни ўрганиш учун деярли ухламасдик, чунки рус тилидаги манбалар деярли йўқ эди. Бир қатор қизиқарли лойиҳаларни амалга оширгач, аудиториямиз кенгая бошлади. Бошланишида бир нечта хатлар олдик, кейин эса турли фикрлар билдирила бошланди. Энг асосийси, бу соҳага қизиқувчи одамлар борлиги бизни хурсанд қиларди.

Николай Чернобаев:

— Бизнес-режа ҳақида айтадиган бўлсак, биз амалда ҳеч қандай суммани ёзганимиз йўқ. Шунчаки, ўзимизга керак ва етарли бўладиган минимал пул миқдорларини белгилаб олдик.

Биз ҳар куни биттадан ўргатувчи ролик тайёрлашга келишиб олдик. Ғоямиз шундай эди: биз етарлича аудитория тўплаймиз ва шундай кейин у орқали пул ишлаш ҳақида бош қотирамиз. Блогдаги энг биринчи пулимизни бир ярим йилдан кейин топишни бошладик.

 Н. Чернобаев.
Фото: news.ifmo.ru

Албатта, биринчи жиддий даромадгача деярли текин ишлашга тўғри келишини тушуниш ва бунга тайёр бўлиш лозим. Агар бошқа IТ-лойиҳалар тарихини кузатсангиз, шунга гувоҳ бўласиз, ҳаттоки, «Google» ва «Яндекс» ҳам ишни ана шундай бошлаган.

Маслаҳатлар

Қарор қабул қилишда, энг аввало, ўзингиз учун энг муҳим жиҳатни аниқлаб олишингиз лозим. Турли «тебранишлар»дан қочиш учун сизда муайян фалсафа бўлиши лозим, акс ҳолда йўлини йўқотган, қаерга сузишни билмаётган кемадан фарқингиз қолмайди.

Фото: «Loftschool» ўқувчилари.

Ўз принципингизга содиқ бўлинг. Ҳатто, энг бошида ҳам. Ўз вақтида айрим шубҳали ташкилотлар бизга сайт яратишни таклиф этган, бироқ рад этганмиз. Чунки принциплар пулдан қиммат туради.

Фойдали бўлинг. Ана шундагина бошқаларга маъқул келасиз.

Бўлажак ҳамкасбларингизни илҳомлантиринг. Шунақа вақтлар келадики, барча вазифаларни ўзингиз эплай олмайсиз. Ана шундай вазиятларда сизга қўшимча иш кучи қўл келади. Агар бошқалар сиз унга таклиф этаётган маошдан бир неча баробар кўпроқ бермоқчи бўлса, нима қилиш керак? Бу жуда мушкул. Шунинг учун ҳам сизда ҳамиша уларни илҳомлантирадиган, ҳаётий ва жуда зўр ғоялар керак бўлади. Аммо ёдда тутиш керакки, ғоянинг ўзи билан узоққа бориш мумкин эмас: зўр ғоя уларни кўпи билан икки ой ушлаб тура олади, ундан кейин натижа бўлмаса, улар кетишади.

Қизиқарли ғояларни ёзиб юринг. Агар сиз ёзиб олмаган бўлсангиз улар билан хайрлашасиз — у аллақачон йўқ.

Турли муносабатларга тайёр туринг. Сизнинг меҳнатингиз барчага бирдек манзур келиши мумкин эмас ва нормал ҳолат.

Одамлар билан дўстона муносабат ўрнатинг. Компанияда ҳамиша барча тенг эканини намоён этинг. Ўзидан буюк раҳбар ясаб олиш каби ҳолатлар бизнинг компанияда ҳеч қачон кузатилмаган. Аммо дўстона муносабатларнинг энг хавфли томони — айримлар буни суиистеъмол қилиши ва ўз вазифасини ёмон бажаришга ўтиб олиши мумкин.

Конференцияларда қатнашинг. Соҳага доир конференция — ўзингизни таништириш учун имконият. Айнан мана шундай тадбирларда ўнлаб йирик компаниялар билан танишганмиз. Одамларга қандай фойда келтиришингиз мумкинлигини сўзлаб беринг.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг