Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Олимлар: «100 фоиз тоза энергияга ўтиш учун ҳеч қандай тўсиқ йўқ»

Олимлар: «100 фоиз тоза энергияга ўтиш учун ҳеч қандай тўсиқ йўқ»

Фото: «Хайтек»

Халқаро олимлар гуруҳи компьютер симуляциясини ўтказиб, 2050 йилга қадар қайта тикланадиган энергия манбаларига тўлиқ ўтиш нафақат мумкинлигини, балки бу — электр узилишлари хавфини ҳам йўқотиб, энергия нархини бир неча баравар камайтиришини маълум қилди, деб хабар берди «Хайтек».

Стэнфорддан Марк Жейкобсон ҳамда унинг АҚШ ва Дания университетларидаги ҳамкасблари олиб борган тадқиқотда иккита компьютер моделидан фойдаланилган. Биринчиси 2050 йилдан 2054 йилгача бўлган шароитларни прогноз қилган. Унда шамол турбиналари, қуёш панели ва гелиотермик қурилмалар ишлаб чиқарадиган энергия миқдорини тахмин қилиш имкони бўлди. Кейин улар ушбу маълумотни янада барқарор энергия манбалари — геотермаль, тўлқинли станциялар ёки АЭСлардан олинадиган энергия ҳисоб-китоблари киритилган иккинчи модель билан бирлаштиришди.

Иккала модель ҳам турли манбалардан олинадиган энергия миқдорини ва дунёнинг 20 та ҳудудида 2050 йилдан 2054 йилгача электр энергиясига бўлган ўзгарувчан эҳтиёжни қанчалик қондира олишини прогноз қила олди. Моделларни турли шароитларда, учта сценарий бўйича синаб кўрган олимлар электр тармоқлари қайта тикланадиган энергия манбаларига тўлиқ ўтиши билан барқарор ишлай олиши мумкин, деган хулосага келишди.

Ушбу натижаларга асосланиб, мен бутун дунёнинг камхарж, барқарор, 100 фоиз тоза ва қайта тикланадиган энергияга ўтишига ҳеч қандай техник ва иқтисодий тўсиқ йўқлигини ишонч билан айтишим мумкин.

Марк Жейкобсон

Бундан ташқари, Жейкобсон таклиф қилган вариантда энергия бирлиги нархи, жаҳонда амалдаги энергетик ривожлантириш стратегияси сақланиб қолса, энергия нархининг тўртдан бирига тенг экани маълум бўлди. «Stanford News» нашри хабарига кўра, табиий ёнилғидан фойдаланиш натижасида юзага келаётган иқлим ўзгаришларига қарши кураш ҳамда соғлиқни сақлаш харажатлари ҳисобга олинган ҳолда шундай иқтисод юзага келади.

Қайта тикланадиган энергия манбалари бўйича халқаро агентлик раҳбари ҳисоботига кўра, икки йилдан сўнг қайта тикланадиган энергия табиий ёқилғидан ишлаб чиқарилган электр энергиясидан арзонроқ бўлади. Шундай қилиб, тоза энергетикага ўтиш нафақат атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг йўлидир, балки иқтисодий жиҳатдан тўғри ечим ҳамдир.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг