Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Омадсизлар қироли». «Марслик»нинг ердаги саргузаштлари

«Омадсизлар қироли». «Марслик»нинг ердаги саргузаштлари

Элон Маск.

Фото: «The Syrup Trap»

Омад бир кетмасин экан. Ҳаммаси «Netscape» компанияси 24 ёшли бу йигитга чиқиш эшикларини кўрсатиб қўйганидан сўнг бошланди...

«Суғур кунлари»

Сўнг ўз компаниясига асос солиб, номи чиқди. Бироқ ўзбилармонлигидан ўз компаниясига ҳам бегона бўлди. Кейин қанча меҳнат, уйқусиз тунларни сарфлаган лойиҳаси йилнинг энг ёмон 10та бизнес-ғояси қаторига киритилди. Фалокат оёқ остида... ўша йили нақ 1 миллион доллар турувчи яп-янги «Maclaren F1» автомобили билан аварияга учради. Ўзи ва шериги омон қолишди, аммо машинага қараб бўлмасди.

Орадан бир йил ўтиб, уйланди. Бахтли онлар узоқ чўзилмади — асал ойида юрганида янги компаниясидан ҳам қувилди. Аммо энг даҳшатлиси олдинда эди. Ўша йили бош чаноғи безгаги уни тўшакка михлаб қўйди. Хасталик азоби-ку ўз йўлига, суткасига 20 соат ишлашга одатланган одам учун уззукун шипга термилиб ётишдан оғири бўлмаса керак. Ҳайтовур, яхши шифокорлар, турган гапки, пулнинг зўри билан дард чекинди.

Янги аср унинг фаолиятида янги даврни бошлаб берди. Фазони ўзлаштириш, Марсга парвоз қилиш орзусига бутун вужуди билан киришиб кетди. Аммо омадсизликлар уни соядек таъқиб этишдан чарчамасди. Ҳаво кемаси сотиб олмоқчи бўлиб қилган мурожаатини руслар икки маротаба ҳам рад этишди. Кейин NASA билан ҳамкорлик. 2006 йили биринчи парвознинг ўзидаёқ фазо кемаси портлаб кетди. Янаги йили яна парвоз — яна портлаш. Хуллас, «суғур куни»нинг охири йўқдек эди, 2008 йилги учинчи парвоз-портлашдан сўнг унинг ўрнида бошқа одам бўлганида бу ишга қўл силтаб кетган бўларди. Аммо у эмас. Бу томонда яна иккита компанияси инқироз ёқасида турарди.

Бу орада амаллаб ракеталарини фазога чиқаришни уддалаган қаҳрамонимиз энди уларни Ерга эсон-омон қайтариш билан ҳалак эди. 2013—2015 йилларда фазодан қайтган учта кемаси портлаб кетди. Энг қизиғи, ўша йиллари унинг компанияси чиқараётган электромобиллардаги энг катта муаммо ҳам аккумуляторларнинг портлаши эди.

Аммо улар бошқача фикрда

Шунча ишлар, шунча воқеалардан кейин бундай инсонни ким дейиш керак? «Омадсизлар қироли»ми? Хулоса қилишга шошилмайлик. Ҳар ҳолда фаолиятида ёрқин паллалар бўлгандирки, 2008 йили «Esquire» журнали уни сайёрамизнинг энг нуфузли 75 инсони қаторида санаб ўтди. 2013 йили «Fortune» журнали йил тадбиркори дея эътироф этган бўлса, «The Wall Street Journal»  уни йилнинг энг яхши раҳбари сифатидан тан олди. Энг сўнгги сўзни «Forbes» айтди: 2016 йил якунига кўра бу инсоннинг шахсий сармояси 10,7 миллиард долларни ташкил этди.

Ҳа бу ўша: «SpaceX» бош ва техник директори; «Tesla» бош директори ва архитектори; «SolarCity» директорлар кенгаши раиси; «Neuralink» асосчиси;  «PayPal»га тамал тошини қўйганлардан бири; «OpenAI» раҳбарларидан бири, олти ўғилнинг отаси Элон Маск.

Нега фазони ўзлаштирмоқчи?

Маскнинг ўзи таъкидлашича, унда фазони ўзлаштириш ғояси пайдо бўлишида олим ва фантаст ёзувчи Айзек Азимовнинг қарашлари ҳамда «Асос» туркумига кирувчи илмий-фантастик романларининг таъсири катта бўлган. Яъни, ёзувчи фазовий пучмоқларни ўзлаштиришни инсоният мавжудлиги ва тараққиётининг кафолати деган ғояни илгари сурган. Шундан ҳам кўриниб турибдики, Маскнинг Марсга экспедицияси ҳали бу бошланиши, олдинда «Азимовнинг узоқ ва улкан сайёралари» турибди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг