Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Openbucks» компанияси раҳбари Инҳа университетига ташриф буюрди

«Openbucks» компанияси раҳбари Инҳа университетига ташриф буюрди

Openbucks» компанияси асосчиси ва президенти Марк Рочман ва IUT ректори Сарвар Бобохўжаев.

Фото: «Inha.uz»

«Openbucks» компанияси асосчиси ва президенти Марк Рочман Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT)га ташриф буюрди.

Марк Рочманнинг Ўзбекистонга ташриф буюришидан асосий мақсади АКТдан фойдаланишга асосланган ҳолда иқтисодиётнинг юқори технологик тармоқларини шакллантириш ва фаол ривожлантириш шароитлари, жумладан, яқинда ташкил этилган Ахборот технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий қилишни қўллаб-қувватлаш бўйича «Mirzo Ulugbek Innovation Center» Инновация марказининг фаолияти билан танишишдир. Шунингдек, у Ўзбекистондаги АТ-бозорни ривожлантириш бўйича ўз тавсия ва таклифлари билан ўртоқлашади.

«Openbucks» раҳбари АКТ вазирлиги ҳамда БМТТДнинг «Самарали Давлат Бошқарувини ривожлантириш ва Рақамли Трансформацияга кўмак» қўшма лойиҳаси орқали таклиф қилинди.

IUT ректори Сарвар Бобохўжаев меҳмонни қутлади ҳамда ахборот технологиялари ва логистика бўйича мутахассислар тайёрлайдиган Ўзбекистондаги энг ёш университетлардан бирининг фаолияти, ҳамда олий ўқув юртини ривожлантириш режалари тўғрисида гапириб берди.

Учрашув давомида томонлар «Silicon Valley Talks» қўшма лойиҳаси бўйича ҳамкорликнинг устувор йўналишлари ва «Кремний водийси» тажрибасини ўрганиш масалаларини муҳокама қилишди.

Марк Рочман Ўзбекистондаги энг ёш университетлардан бирида талабалар ва ўқитувчи-профессорлар учун яратилган шарт-шароит ва имкониятлар билан танишди.

Маълумот учун:

2010 йилда асос солинган «Openbucks» компанияси электрон тижорат соҳасида инновацион хизматларни тақдим этади. Компания тўловларни интернет орқали амалга оширишга ёрдам берувчи хизматни тақдим этади. Хизмат кредит картани аккаунт билан уйғунлаштириш ҳамда махсус код ёрдамида товарлар учун тўловни амалга оширишни таклиф қилади.

IUT ва АҚШнинг «Openbucks» корпорацияси ўртасидаги ўзаро англашув меморандуми 2017 йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга қилган давлат ташрифи вақтида имзоланган эди.

Имзоланган меморандум доирасида IUT ва «Openbucks» АТ-таълим соҳасида ҳамкорлик қилишади. Хусусан, томонлар «Кремний водийси»даги турли компания вакиллари иштирокида «Silicon Valley Talks» тадбирини ўтказишмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг