Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

ОТМлардаги инкубация марказлари нима учун керак?

ОТМлардаги инкубация марказлари нима учун керак?

Фото: IT Парк

Яқин вақтгача талабалар ўзларининг ғояларини лойиҳага айлантириш учун маслаҳат ва кўрсатма бериб борадиган стартап платформа, ментор ва мураббийлар ёрдамида ишлаш имконияти йўқ эди. Лекин, бугунги кунда IT Парк ва университетларнинг ўзаро ҳамкорлиги туфайли талабалар инкубация марказларида таълим олиш имкониятига эга бўлишди.

IT Парк ва ОТМ томонидан кўрсатиладиган ёрдам туфайли, улар нафақат ўз ғоялари ва лойиҳаларини амалга оширишлари ёки устоз, мураббий ва мутахассислардан ёрдам сўрашлари мумкин, балки стартап экотизимнинг ўзида бўлиш ва тадбиркорлик муҳитини тўлиқ ҳис қилиш имконига эга бўлишади.

Давлатимиз раҳбари Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида иқтисодиётнинг барча соҳалари ва ахборот технологиялари ўртасида синергия яратиш мақсадида ОТМлар, илмий-тадқиқот институтлари ва IT Парклар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисида қарор қабул қилди.

Ушбу топшириқдан сўнг, университетлар ёш ихлосмандларга ўз ғояларини инновацион лойиҳаларга айлантиришда ёрдам берадиган инкубация марказларини ташкил этишга ҳаракат қилишмоқда.

«Инкубация маркази» нима?

IT Паркнинг бир ярим йиллик фаол фаолияти давомида Ўзбекистонда кўплаб ёшлар ҳалигача «стартап» нима эканлиги тўғрисида асосий тушунчаларга эга эмаслиги аниқланди. Буни тузатиш мақсадида, IT Парк ўз фаолиятини тубдан бошлашга, шунингдек, нафақат ташкил этилган тадбиркорлар ва йирик IT компаниялар билан, балки тадбиркор бўлиш ёки йирик IT компанияларга раҳбарлик қилиш истагида юрган салоҳиятли ёш ва истиқболли ёшлар билан ишлашга эътибор қаратишга қарор қилди.

Шу тарзда, талабалар учун мўлжалланган юқори технологияли стартап лойиҳаларни ишлаб чиқиш платформаси бўлиб хизмат қиладиган инкубация марказларини яратиш ғояси пайдо бўлди.

«Инкубация маркази»да талабалар нима олади?

Инкубация марказлари фаолияти доирасида талабалар учун турли хил консультация, мусобақа, хакатон ва семинарлар ўтказилади. Шунингдек, университет талабаларининг инкубация марказларида вақтини самарали ва сифатли ўтказишига ёрдам бериш мақсадида, улар инкубация дастурлари ва иш жойлари билан таъминланади.

Олий ўқув юртлари қошидаги инкубация марказлари ёшларга бошланғич экотизим ҳақида асосий ва фундаментал билимларни бериш билан бир қаторда, уларга ўзларини ахборот технологиялари соҳасида тадбиркор сифатида намоён этишларига ёрдам беради. Шу тариқа, «стартап» тушунчаси Ўзбекистондаги бирон бир талаба учун бегона бўлмайди.

Иқтисодий тармоқлар билан IT синергияси қай тарзда яратилади?

Барчамизга маълумки, иқтисодиётнинг барча соҳалари ахборот технологиялари, технологик маҳсулотларни жорий этиш ва улар билан ўзаро боғлиқликка муҳтож. Бу нафақат Ўзбекистонга, балки бутун дунёга тегишлидир. Агар биз жаҳон тажрибасини мисол қилиб қарайдиган бўлсак, унда ишонч билан айтишимиз мумкинки, IT мутахассиси мустақил равишда иқтисодиёт, тиббиёт, туризм ва бошқа йўналишнинг хусусиятларини қамраб ололмайди. Инновацион лойиҳани яратиш учун «соҳа мутахассиси + IT мутахассиси» ҳаволасидан иборат бўлган жамоа керак.

Ўзбекистонда бундай алоқани инкубация марказлари орқали амалга ошириш мумкин. Бу ерда турли йўналишдаги талабалар мавжуд бўлган муаммолар ва уларнинг ечимини аниқлаш, шунингдек, ноёб технологик лойиҳаларни яратиш мақсадида IT мутахассислари ва давлат идоралари вакиллари билан ҳамкорлик қилиш имкониятига эга бўлишадилар.

Нималар яратилди?

Бугунги кунга қадар мамлакатимизнинг қуйидаги олийгоҳларида инкубация марказлари очилди: Тошкентдаги Турин политехника университети, Г.В. Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетинг Тошкент шаҳридаги филиали, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Тошкент шаҳридаги ИНҲА университети ва Тошкент шаҳридаги Амити университети. Ҳозирги кунда ушбу марказларда стартап лойиҳаларни янада ривожлантириш мақсадида фаол ишлар олиб борилмоқда.

Яқин орада Тошкент молия институти, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети, Тошкентдаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Тошкент шаҳридаги Вебстер университети, шунингдек, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида инкубация марказларини очилиши кутилмоқда.

Манба: it-park.uz

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг