Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон IT-саноатига хорижлик сармоядорлар қизиқиш билдирмоқда

Ўзбекистон IT-саноатига хорижлик сармоядорлар қизиқиш билдирмоқда

«Exadel Inc.» корпорацияси вакиллари.

Фото: «Mitc.uz»

Бугун Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида «Exadel Inc.» корпорацияси вице-президенти Грегорий Кацман билан учрашув бўлиб ўтди. Компания вакиллари айни пайтда Ўзбекистонда бўлиб, бу ердаги IТ-бозорда ҳамкорлик ўрнатиш имкониятларини ўрганмоқда.

Дастурий таъминот ишлаб чиқариш учун мақбул муҳитни яратиш ва ахборот технологиялари соҳасини ривожлантиришга масъул «Mirzo Ulugbek Innovation Center» инновация маркази бугунги кунда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, халқаро компаниялар билан яқин алоқаларни ўрнатиш юзасидан фаолиятини кенгайтирмоқда. Жумладан, юқори тажрибага эга «Exadel Inc.» корпорацияси ҳам юртимизда фаолиятини ташкил қилишга қизиқиш билдирмоқда.

Қизғин кечга учрашувда жаноб Г.Кацман корпорация фаолияти ҳамда уни ривожлантириш бўйича истиқболдаги вазифалар хусусида сўзлаб берди.

Ўз навбатида, вазирлик раҳбарияти меҳмонларга юртимизда иқтисодиёт соҳаларига юқори технологияларни жорий қилиш, ахборот технологиялари соҳаси учун яратилаётган имконият ва имтиёзлар, хусусан бир муддат аввал иш бошлаган  «Mirzo Ulugbek Innovation Center» инновация марказининг аҳамияти тўғрисида маълумот берди.

Учрашувда ёш дастурчиларни компаниялар амалга ошираётган лойиҳаларга жалб қилишнинг, уларни талабалик давридаёқ ишга йўналтиришнинг зарурати қайд этилди. Бу борадаги ишларда Инновациялар маркази аъзолари ташаббуси билан таълим муассасаларида ўтказилаётган малака ошириш машғулотлари, уларни қўллаб-қувватлаш ишлари ҳам алоҳида ўрин тутмоқда.

Ўзбекистон томони «Exadel Inc.» корпорацияси билан «Mirzo Ulugbek Innovation Center» инновация марказининг ҳамкори сифатида ишлашга ҳар томонлама тайёр эканини билдирди.

Корпорация делегацияси Ўзбекистондаги ташрифи мобайнида Тошкент шаҳридаги Инҳа университети, Тошкент ахборот технологиялари университети, Халқаро Вестминстер университети, Турин университети, Бухоро юқори технологиялар муҳандислик-техника университетларида бўлиб, уларнинг ректорлари билан ҳамкорлик ўрнатиш юзасидан музокаралар олиб боради.

«Exadel Inc.» раҳбарига ҳамроҳлик қилаётган «Technics and Communications JSC» компанияси раҳбари, жаноб Игор Филлипёнок ҳам Ўзбекистон IТ-саноатида фаолиятини йўлга қўйишга қизиқаётганини маълум қилган.

«Exadel Inc.» вакилларининг Ўзбекистонга ташрифи ҳақида хабар берган эдик. Хорижлик мутахассислар бугун «Mirzo Ulugbek Innovation Center» резидентлари билан ҳам учрашди. Ушбу учрашув тафсилотлари ҳақида «Xabar.uz»да хабар берамиз.

Эслатиб ўтамиз, «Exadel Inc.» — дастурий таъминотни ишлаб чиқиш ва IТ-консалтинг билан шуғулланадиган халқаро компаниядир. У 1998 йилда ташкил топган. Бош офиси Калифорния(АҚШ)да жойлашган. Компания олти давлатда ишлаб чиқариш марказлари ҳамда АҚШ, Беларусь, Украина, Литва, Россия ва Польша давлатлари шаҳарларида 800 нафардан ортиқ ходимига эга. Компания ташкил этилган кундан бошлаб дунёнинг йирик компаниялари: Deutsche bank, Bank of America, eBay, Sears, Abn-AMRO Bank, RBS, Sears, SAMSUNG ва бошқа компаниялар учун 500 дан ортиқ лойиҳани амалга оширган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг