Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистонда «Oracle» компанияси академияси очилди

Ўзбекистонда «Oracle» компанияси академияси очилди

Фото: «Inha.uz»

2018 йил 28 март куни Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT)да «Oracle Academy»нинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда IUT расмий сайтида хабар берилди.

«Oracle Academy»ни IUT биринчи проректори Чо Ву Суг ва академиянинг EMEA минтақаси бўйича раҳбари Дэни Гурис очишди.

«Oracle Academy» — бу «Oracle» компанияси томонидан ташкил қилинган. У ўқитувчиларнинг малака ошириши ҳамда мактабларда, коллежлар ва университетларда талабалар учун ахборот технологияларини узлуксиз ўрганиш учун барча зарур ресурсларни тақдим этиш мақсадида ташкил этилган таълим ташаббуси ҳисобланади.

Ҳар йили «Oracle Academy» курсларида 120 мамлакатдаги 3,5 миллион нафардан ортиқ талабалар ўқийди. Академия дастурлари ёшларга реал ҳаётга тайёргарлик кўриш ва замонавий глобал иқтисодий шароитларда ишлаб кетишига ёрдам беради. 

Бу ерда энг машҳур академик курслар — Java Fundamentals, Java Foundations, Java Programming, Database Foundations, Database Design and Programming With SQL, Programming with PL/SQL, APEX – Application Development Foundations ва шу кабилар бўйича бепул таълим олиш мумкин. Улар орасида маъруза ва мустақил ўқиш, амалий машғулотлар, билимларни назорат қилиш, курс лойиҳасини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш киради.

Ҳар бир кейинги курс олдингисининг мантиқий давоми (Fundamentals, Foundations, Programming) ва уни ўрганишни бошлаш учун АТ соҳасидаги чуқур билимларга эга бўлиш шарт эмас. Курсларнинг давомийлиги 90-180 соатни ташкил этади. Курслар академик дастурга киритилиши мумкин, улар аниқ илмий мақсадларни ўз ичига олади ва кўплаб амалдаги халқаро стандартлар ва синовларга жавоб беради.

— «Oracle» компанияси Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида ўз академиясини очганидан хурсандмиз, — деди IUT ректори Сарвар Бабаходжаев. — «Oracle Academy» курслари ёшларга карьераларини қуришлари учун ўзларининг малака ва кўникмаларини оширишга ёрдам беришига ишончимиз комил.

«Oracle Academy»нинг очилиш маросими доирасида университетда «Oracle Academy Student Day»  тадбири ҳам бўлиб ўтди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг