Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Президент фармони билан «Ўзбеккосмос» агентлиги ташкил этилади

Президент фармони билан «Ўзбеккосмос» агентлиги ташкил этилади

Президент Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон Республикасида космик фаолиятни ривожлантириш тўғрисида»ги фармонни имзолади.

Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги ташкил этилади.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш бош бошқармасининг Йўлдош алоқа технологиялари бошқармаси тугатилиб, унинг бўшайдиган 5 та штат бирлиги «Ўзбеккосмос» агентлигига ўтказилади.

«Ўзбеккосмос» агентлиги космик тадқиқотлар ва технологиялар соҳасида ягона давлат сиёсати ва стратегик йўналишларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун масъул бўлган давлат бошқаруви органи ҳисобланади.

Қуйидагилар «Ўзбеккосмос» агентлигининг асосий вазифалари этиб белгиланди:

  • космик тадқиқотлар ва технологиялар соҳасида ягона давлат сиёсати ва стратегик йўналишларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
  • Ўзбекистон Республикасида космик тармоқни ривожлантиришнинг давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
  • космик фаолият, космик тадқиқотлар ва технологиялар соҳасида қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш, шу жумладан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш;
  • космик фаолият соҳасининг лозим даражада ривожланиши, соҳага тегишли ва у билан боғлиқ ишлар, хизмат кўрсатишнинг бажарилишини таъминлаш мақсадида космик фаолият соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш;
  • космик тармоқ инфратузилмаси, космик тадқиқотлар ва технологиялар, илмий-изланиш, тажриба-конструкторлик ва инновацион ишларни ривожлантириш бўйичакомплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
  • космик фаолиятнинг барча йўналишлари бўйича кадрларни, жумладан, етакчи хорижий олий таълим муассасаларида тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш;
  • стратосфера ва бошқа учувчисиз учиш аппаратлари, шунингдек, ерни масофадан туриб зондлаш ва йўлдошли алоқа космик аппаратларини қўллаган ҳолда давлат органларига масалаларни ҳал этиш самарадорлигини оширишда кўмаклашиш;
  • космик тадқиқотлар ва технологиялар соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга ошириш;
  • хорижий инвестициялар ва илғор технологияларни космик фаолият соҳасига, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик шартлари асосида жалб қилиш мақсадида манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда халқаро молия институтлари, донор-мамлакатлар, компаниялар ва банклар билан ҳамкорликни ривожлантириш;
  • космик ва йўлдош технологияларни жорий этиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун маҳаллий тижорат тузилмалари, ишлаб чиқарувчилар ва молия ресурсларининг кенг жалб этилишини таъминлаш;
  • космик фаолиятнинг айрим йўналишлари тижоратлаштирилишини рағбатлантириш.
Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг