Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Озод Ражабов: Ёшларимиз дастурлаш тиллари асоси бўлган аниқ фанларни мукаммал ўзлаштиришлари керак

Озод Ражабов: Ёшларимиз дастурлаш тиллари асоси бўлган аниқ фанларни мукаммал ўзлаштиришлари керак

Тошкент ахборот технологиялари университети илмий-тадқиқот бўлими бошлиғи Озод Ражабов.

Фото: «Xabar.uz»

«Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили давлат дастури» доирасида жорий йил АКТ соҳасида кўплаб қилиниши зарур бўлган, амалга татбиқ этилиши кутилаётган илмий ишлар, инновацион ишланмалар турибди. Бу борада ёшларимизнинг ҳеч бир ташаббуси эътибордан четда қолмаслигини таъминлаш муҳим вазифа. Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети илмий-тадқиқот бўлими бошлиғи Озод Ражабов билан айни шу мавзуда суҳбатлашдик.

— Озод ака, университет илмий ва илмий-тадқиқот бўлимлари (ИТБ) фаолияти ҳақида маълумот берсангиз. Уларнинг асосий мақсади нима?

— Бўлимларнинг асосий мақсади — университет илмий-текшириш лабораториялари, гуруҳлари ва кафедраларига фундаментал, амалий-тадқиқот ишлари, инновацион лойиҳалар танловларида иштирок этишга ва хўжалик шартномаларини шакллантиришга ёрдам бериш ҳамда илмий ишланмаларни амалиётга жорий қилиш, маркетингини ўтказиш ва республика кўргазмаларида намойиш қилишга кўмаклашишдан иборат.

Жумладан, ИТБ фундаментал, амалий тадқиқот, инновация лойиҳалари ва хўжалик шартномаларини шакллантириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирликлари билан ҳамкорлик қилади. фундаментал, амалий тадқиқот, инновация лойиҳалари танловида кафедралар, илмий лаборатория ва гуруҳларининг фаол иштирокини таъминлаб, уларга кўмаклашади. техник ва технологик асбоб ускуналар, қурилмалар, материаллар олиш учун тендер ҳужжатларини тайёрлаш, оралиқ-босқич ҳисоботлари бўйича Молия вазирлиги билан мунтазам молиялаштиришни таъминловчи чора-тадбирларни бажариш, илмий-тадқиқот ишлари натижаларини ишлаб чиқаришга, ўқув жараёнига татбиқ этиш бўйича ахборотлар ва ҳисоботлар бўлишини таъминлаш, ихтиро ва техник-иқтисодий таҳлилларни амалга ошириш, халқаро ва республика миқёсидаги семинарлар ва конференцияларни ўтказишда қатнашиш ҳамда ташкилий ишларни амалга ошириш ва бошқа шу каби вазифаларни бажаради.

— Ўтган йили қандай лойиҳалар, дастурий ишланмалар амалга оширилди?

— 2017 йилда университет Илмий-техник дастурлари доирасида бешта фундаментал, 25та амалий, олтита инновацион иш олиб борилди ва бу борадаги ишлар ҳамон давом этмоқда.

— Ҳозир-чи?

— Университетда Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва унинг тасарруфидаги корхона ва ташкилотлар билан 24та хўжалик шартномаси тузилган. Шунингдек, университет JICА, КОICА, Европа Иттифоқининг Эрасмус+ дастури лойиҳасида иштирокчи сифатида қатнашмоқда.

— Ташаббускор, иқтидорли талабалар билан ишлаш ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.

— Улар билан ишлашда инновацион гуруҳлар ташкил этилиб, гуруҳларда Ўзбекистон тарихи, объектга мўлжалланган дастурлаш, замонавий менежмент муаммолари, чет тили, информатика ва ахборот технологиялари, телекоммуникация тармоқларида сигнализация тизимлари, рақамли коммутация тизимларининг амалий тизимлари, рақамли телевидение ва махсус фанлардан қўшимча дарслар ташкил қилинган. Иқтидорли талабаларни илмий раҳбарларга бириктириш йўли билан илмий изланишга жалб этиш юзасидан факултетларда ишлар олиб борилди. Ҳар бир иқтидорли талабага мутахассис кафедралардан профессор-ўқитувчилар бириктирилди.

Иқтидорли талабалар фаолиятини мустаҳкамлаш мақсадида INTV.UZ ижодий гуруҳи ташкил этилган. Гуруҳ университет интернет тармоғида медиа тарғибот ва ахборот таъминоти билан шуғулланиб келмоқда.

— Ўтган йили Муҳамммад ал-Хоразмий фонди ташкил этилган эди. Ушбу фонд ҳақида батафсилроқ маълумот бериб ўтсангиз.

— Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 июндаги «Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ҳузурида Илмий-инновацион ривожлантириш жамғармаси фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори университетда илмий-инновацион фаолиятни ривожлантиришда асосий омил бўлмоқда. Айни дамда жамғарма ҳисобидан университет моддий-техник базасини яхшилаш, ўқув лабораториялари ташкил этиш бўйича лойиҳалар олиб бориляпти.

— АКТ соҳаси шиддат билан ривожланаётган бугунги кунда ёшларга қайси дастурлаш йўналишлари маъқул, деб ҳисоблайсиз?

— Ахборот технологиялари бугун тўхтов ва чегара нималигини буткул унутиб қўйди. Қандайдир инновацион янгилик бутун дунёга соатлар ичида тарқалиб кетмоқда. Дастурлаш тиллари ва йўналишлари ҳам АКТ билан ҳамжиҳатликда ўсиб боряпти. Аниқ бир йўналишни ёки дастурлаш тилини тавсия қилиш, менинг фикримча, мумкин эмас. Ёшларимиз, энг аввало, дастурлаш тиллари асоси бўлган аниқ фанларни мукаммал ўзлаштиришлари керак. Ушбу фанлардан мустаҳкам билимга эга инсон ҳар қандай дастурлаш тилини бемалол ўзлаштира олади. Бу борада Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактабнинг ташкил этилганлиги фикримизни асослаб беради.

— АКТ соҳасига қизиқувчи ёшларга таклифларингиз.

— 2018 йилда халқаро тажрибани, замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг ривожланиш тенденцияларини инобатга олган ҳолда, ахборот технологияларини ривожлантириш, ахборот технологиялари фаолияти билан шуғулланувчи ташкилотларга «Мирзо Улуғбек инновация маркази» резидентлари бўлишларини тавсия этган бўлар эдим.

Дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва миллий кадрлар тайёрлаш ишларини ривожлантириш, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги корпорациялар билан тенглаша оладиган миллий операторларимиз ва дастурчиларимизнинг фаолиятини такомиллаштириш асосий мақсадимиз бўлиши ва шу мақсад йўлида ҳаракат қилишимиз керак.

— Суҳбатингиз учун раҳмат!

Ғуломжон НАЗАРОВ суҳбатлашди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг