Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Қишлоқ ва шаҳар ўртасидаги тафовут қисқартирилади

Қишлоқ ва шаҳар ўртасидаги тафовут қисқартирилади

Фото: АКТ вазирлиги ахборот хизмати

28 июнь куни Алоқа тарихи музейида қишлоқ ва шаҳар ўртасидаги турмуш шароитидаги тафовутни қисқартириш мақсадида телекоммуникация инфратузилмасини жадал ривожлантириш масалаларига бағишланган давра суҳбати ўтказилди. Бу ҳақда АКТ вазирлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Унда АКТ вазирлиги мутасаддилари, оператор ва провайдерлар, соҳада фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари энг чекка ҳудудларда телекоммуникация инфратузилмасини жадал ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар. Йиғилишда вазирлик ҳудудий бошқармалари мутасаддилари видеоконференцалоқа орқали иштирок этди.

Фото: АКТ вазирлиги ахборот хизмати

Аҳолининг турмуш шароитларини яхшилаш мақсадида амалга оширилаётган «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла» давлат дастурлари жойларда телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантиришни талаб қилмоқда. Жорий йил 22 майда имзоланган «Ўзбекистон Республикаси аҳоли пунктларида телекоммуникация инфратузилмасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори айнан телекоммуникация тармоқларини жадал ривожлантиришга салбий таъсир этувчи омилларни бартараф этиш, электрон давлат хизматларининг оммабоплигини таъминлаш, шунингдек, ҳудудларда рақамли иқтисодиётнинг ривожланиши учун зарур инфратузилмани яратишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Тадбирда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири ўринбосари Қ.Юлдашев сўзга чиқиб, «Президент қарорини амалга ошириш орқали ўз саъй-ҳаракатларимизни мамлакатимиз барча ҳудудларига тенг йўналтира оламиз ва соҳамиз хизматларининг ялпи ички маҳсулотдаги улушини янада оширишга эришишамиз. Умид қиламизки, бу борадаги долзарб муаммоларни ҳал қилишда биргаликда ҳаракат қиламиз», – дея таъкидлади.

Айни пайтда АКТ вазирлиги манфаатдор идоралар билан ҳамкорликда мазкур қарорда белгиланган вазифаларни бажариш бўйича ишларни бошлаб юборган. Жумладан, операторлар ва провайдерлар учун интернет нархларининг пасайишига эришилди. Яъни, нархлар ўтган йилга нисбатан 3 баробар пасайтирилди. Ўтган йили 2300 км. атрофида оптик толали алоқа линиялари тортилган бўлса, охирги беш ойнинг ўзида бу 6000 км.дан ортиқни ташкил этди. Сўнгги олти ой ичида 1245 та мактаб, 734 та мактабгача таълим ва 349 та соғлиқни сақлаш муассасалари маълумотлар узатиш тармоқларига уланган. Йил охиригача яна 5000 ижтимоий объектни тармоққа улаш режалаштирилган. Бундан ташқари, кенг полосали уланишнинг 1,4 млн.дан ортиқ порти ишга туширилди, шундан жорий йилда 300 мингдан ортиғи ўрнатилди ва 690 минг абонент уланди. Мобил алоқа операторлари томонидан икки мингдан ортиқ база станциялари қурилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг