Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Қуруқ гап нимага кeрак? Борини бор дeб кўрсатайлик! (фото)

Қуруқ гап нимага кeрак? Борини бор дeб кўрсатайлик! (фото)

Фото: «Xabar.uz»

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида «Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар» ярмаркаси ташкил этилди. Талаба ва магистрлар, ёш олимлар дастурий ва технологик, жами 100дан ортиқ ишланмаларини тақдим этишди. Булар шунчаки лойиҳа эмас — тайёр, қўллаш бошлаб юборилган ишланмалар.

— Менинг лойиҳам — «Тиббий ташхис қўйишда автоматлаштирилган тизим» асосан болалар касаллигига ихтисослашган, — дейди лойиҳа муаллифи, ТАТУ IV босқич талабаси Феруза. Умаралиева. — Бу автоматлаштирилган тизим орқали қон таҳлиллари ва анализ натижаларисиз ҳам маҳаллий кенг тарқалган касалликларни аниқлаш мумкин. Ҳозирча комппьютерларда ишлайди. Агар лойиҳамиз фойдали деб топилса мобил иловасини ҳам ишлаб чиқамиз.

Феруза Умаралиева, «Тиббий ташхис қўйишда автоматлаштирилган тизим» лойиҳаси.

Ярмаркада фойдаланишга тайёр, барча техник жиҳатлари ишлаб чиқилган «Ақлли иссиқхона» лойиҳаси ҳам эътиборимизни тортди. «Ақлли иссиқхона»да ҳаво ҳарорати, ер ва ҳаво намлиги, сув даражаси мунтазам ўлчаб борилади. «Ақлли иссиқхона»нинг андроид телефонлар учун иловаси ҳам бор. Иловада юқорида саналган барча кўрсаткичлар акс этиб туради. Энг муҳими, у реал вақт давомийлигида бу жараёнларни масофадан бошқариш имконини беради.

— Лойиҳани такомиллаштириб камера ва турникетлар ўрнатишни режалаштирганмиз, — дейди «Ақлли иссиқхона» муаллифи, IV босқич талабаси Зоирхўжа Ўлмасхўжаев.

Зоирхўжа Ўлмасхўжаев, «Ақлли иссиқхона» лойиҳаси.
«Ақлли иссиқхона» мобил илова орқали бошқарилади.

ТАТУ махсус факультети талабаси Алишер Ибрагимовнинг «Универсал кузатув мосламаси» ишланмаси тунги кўриш мосламаси, сувда кузатиш мосламаси каби ускунлар билан ишлайди. Ташқи таъсирларга, айниқса, зарбага чидамли эканлиги билан ажралиб туради.

Алишер Ибрагимов, «Универсал кузатув мосламаси» лойиҳаси.

«Атроф-муҳит экологик мониторинги» ишланмаси сув-ҳаво, тупроқ шароитларини реал вақт режимида ўлчаб боришда қўл келади. Ҳар бир вазифа учун турли кўрсаткичлар (датчиклар) ўрнатилган. Улар ҳаво ҳароратини, тупроқнинг намлигини, шунингдек, ер ости сувининг кўтарилиши ва пасайишини, ернинг шўрланиш даражасини аниқлайди. Ушбу кўрсаткичларни онлайнда махсус ускуна ва дастур маълумотлар базасига етказиб туради.

— Бу дастур ва ускуналар қишлоқ хўжалигимиз учун фойда келтиришига, бир қанча муаммоларни ечишига ишонаман, — дейди лойиҳа муаллифларидан бири Темур Қўчқоров.

Темур Қўчқоров, Атроф-муҳит экологик мониторинги» лойиҳаси.

— «Ichat.uz» дастури ҳамма ижтимоий тармоқлар сингари ишлайди, — дейди ТАТУ III босқич талабаси Жасурбек Баҳодиров. — Асосий фарқи — базаси ва сервери Ўзбекистонда жойлашган. Бу унинг ахборот хавфсизлиги ва ишончлилигини таъминлайди. Буни бемалол ёшларимизга тавсия қилиш мумкин.

Жасурбек Баҳодиров, «Ichat.uz» сайти лойиҳаси.
«Ichat.uz» сайтининг фойдаланувчи интерфейси.
ТАТУ илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Ботир Усмонов.

— Бу йил талабаларимиз ҳар йилгига нисбатан ҳам кенг кўламлироқ ва аниқ бир муаммони ечишга қаратилган дастурий ишланмаларини яратишди, — дейди ТАТУ илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Ботир Усмонов. — Масалан, «Веб-ресурсларни DDoS-ҳужумлардан ҳимоя қилувчи дастур», «My School» дастури, «Интернет ТВ», «Ақлли катакча», «Smart Credit», «goTrip.uz» каби амалда ишлаб турган бир қанча дастурларни санаб ўтишим мумкин. Ярмаркада тақдим этилган дастурлар ва ишланмалар ҳам деярли фойдаланишга тайёр. Бу дастурларнинг каталогини ишлаб чиқдик, каталогни корхона-ташкилотларга тақдим этамиз. Ўзларига маъқул дастурни танлаб олиб биз билан ҳамкорлик қилишлари мумкин. Ярмаркани ўтказишдан мақсадимиз ҳам шу — қуруқ гап нимага керак? Борини бор деб кўрсатамиз.

Ғуломжон Назаров, ТАТУ талабаси

Изоҳлар 2

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг