Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Рақамли таълимни жорий қилишга оид лойиҳа Тошкент шаҳри мактабларида тақдим этилди

Рақамли таълимни жорий қилишга оид лойиҳа Тошкент шаҳри мактабларида тақдим этилди

2020 йилнинг 16 сентябр куни Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида жойлашган 250 - умумтаълим мактабида ва Олмазор туманида жойлашган 133 – умумтаълим мактабида рақамли таълимни сингдиришга оид бошланғич лойиҳа тақдим этилиб, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги кўмагида Huawei компанияси ва Ўзтелеком миллий оператори ҳамкорлигида амалга оширилди. Мазкур синов лойиҳаси ушбу икки мактабда жорий қилиниш билан бир қаторда, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги АКТ фанларига ихтисослашган махсус мактабда ҳам тадбиқ этилди.

Мазкур бошланғич лойиҳа Халқ таълими вазирлиги ва Huawei компанияси ўртасида ўтган йили тузилган «Халқ таълими соҳасига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш тўғрисида»ги Меморандум доирасида амалга тадбиқ этилди. Лойиҳа доирасида иккита мактабда унга ажратилган ўқув хоналари Wi-Fi тармоғи билан қопланди, масофавий таълим ва реал вақтда машғулотлар ўтказиш учун видеоконференцалоқа тизимлари йўлга қўйилди. Ахборот технологияларини ўрганишга хизмат қиладиган аудиториялар планшетлар, булутли хотира учун зарур сервер ускунаси билан жиҳозланди, шунингдек, Ўзбектелеком миллий оператори билан ҳамкорликда ахборот узатиш тармоғига оид инфратузилма яратилди. Ҳар бир мактабда бештадан ўқув хонаси тўлиқ таъмирдан чиқарилди.

«Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йил «Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» деб номлангани ҳам бежизга эмас. Зеро, Муҳтарам юртбошимиз 2020 йилнинг номида рақамли иқтисод атамаси борлигини таъкидлаб ўтди ва бу борада кенг оммага, мактаб болаларига тушунчалар бериш учун педагогларга тинмай мурожаат қилмоқдалар. Халқ таълими соҳасида ҳам рақамли тизимни ривожлантиришда бир қанча ишлар амалга ошириб келинмоқда», — деб таъкидлади Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирининг ўринбосари Рустам Каримжонов.

«Ўтган йили Ўзбекистон Республикаси Президентининг Huawei бош қароргоҳига қилган ташрифи давомида давлат раҳбари ахборот технологиялари йўналишида кадрлар тайёрлаш учун ҳамкорлик зарурлигини алоҳида таъкидлаб ўтди, бинобарин, бу омил мамлакатда рақамли иқтисодиётни ривожлантиришда пойдевор ҳисобланади. Ўқув жараёнида юқори технологиялардан фойдаланиш — мамлакат кадрлар захирасини тайёрлашда муҳим рол ўйнайди. Мазкур муассасаларда йўлга қўйилган бошланғич лойиҳалар Ўзбекистондаги бошқа мактабларни ҳам келгусида рақамлаштириш учун зарур бўлган имкониятларни ўзида акс эттиради. Биз ушбу йўналишда ҳамкорликни давом эттиришдан фақат мамнун бўламиз», — деди Huawei компаниясининг корпоратив алоқалар департаменти раҳбари Даврон Азизов.

Сўнгги ойлар мобайнида пандемия шароитида рақамли технологиялардан фойдаланишнинг аҳамияти ҳар қачонгидан-да ортди. Таълим ва тиббиёт сингари ижтимоий соҳаларнинг рақамлаштирилиши, биринча галда, аҳолига хизмат кўрсатиш самарадорлигини оширишда ўзининг ижобий жиҳатларини намоён қилмоқда. Технологиялар педагогика ва тиббиёт ходимларининг елкасига тушадиган юкни енгиллаштириш, шу билан бирга, ахборот алмашиш жараёнининг сифатини ошириш ва уни тезлаштиришга хизмат қилиши лозимдир. Айни шу сабаб мактаб партасиданоқ ёш авлодда рақамли кўникмаларни ҳосил қилиш ва уни юқори технологиялар оламига уйғунлаштириш жуда муҳимдир.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг