Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сергелидаги «Хавфсиз шаҳар» қандай барпо этилди?

Сергелидаги «Хавфсиз шаҳар» қандай барпо этилди?

Янги Сергели-6А мавзеси.

Фото: «Uza.uz»

Ҳар бир инсон мустақил ҳаётга қадам қўяр экан, ўз уйига, бошпанасига эга бўлиш, шу ерда палак ёзиб, ували-жували бўлиш орзуси билан яшайди. Орзусидаги шинамгина уй эса унда эртанги кунга ишончни янада мустаҳкамлаб, жамият ҳаётига дахлдорлик, масъулият ҳиссини оширади.

Пойтахтимизнинг Сергели туманида янги Сергели-6А мавзеси пайдо бўлди

Жорий йилнинг бошида қурилиши бошланган мазкур уй-жойлар бугун тўлиқ якунига етказилди. Мавзедаги бу маҳаллага «Бунёдкор» номи берилди.

13 гектар майдонда қад ростлаган 1, 2, 3 хонали 66та кўп қаватли бу уйлар аҳолига имтиёзли кредитлар асосида берилди. Уйлар атрофида 240 ўринли мактабгача таълим муассасаси, 630 ўринли ўрта таълим мактаби, 61-сонли оилавий поликлиника, ёпиқ турдаги сузиш ҳавзаси, шаҳар милиция бўлинмаси, почта ва китоб дўкони, велотрассалар барпо этилган.

Янги мавзе «Хавфсиз шаҳар» номи билан эл оғзига тушди

Қувонарлиси, уйларни ҳар томонлама мустаҳкам ва сифатли барпо этиш фидойи қурувчи-муҳандисларимиз зиммасига юкланган бўлса, истиқомат қилувчиларнинг хотиржамлиги, хавфсизлигини таъминлаш учун у ерда ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларини жорий этишга Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги корхона ва ташкилотлари ходимлари бош-қош бўлишди.

«Хавфсиз шаҳар»ни барпо этишга биз ҳам ўз ҳиссамизни қўшганимиздан жуда хурсандмиз. Қурувчилар ўз ишларини, биз ўз вазифамизни сидқидилдан бажаришга интилдик. Барча уйларнинг кириш йўлакларига жами 104 та, теварак-атрофга 24 та кузатув камераси ўрнатилди. Хонадонларга, ижтимоий объектларга оптик толали алоқа кабеллари тортилди, телефон алоқаси, интернет ва IPTV хизматлари олиб кирилди.

Суннатулла Ҳакимов,
 «Ўзбектелеком» АКнинг «ТШТТ» филиали
 мултимедиа хизматлари бўлими олий тоифали муҳандиси

Маҳалла кафтдек намоён

Мавзеда Сергели тумани ички ишлар бошқармасининг 50-сонли шаҳар ички ишлар бўлими ҳам ҳар томонлама замонавий талаблар асосида барпо этилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев мавзега ташрифида бўлимимиз фаолияти билан ҳам танишди. У кишининг биринчи берган саволи шундай бўлди: Хўш, янги бўлим сизларга нима берди? Бу саволга иккиланмай айтишим мумкинки, бу бўлим бизга замонавий стандартларда ишлаш имконини берди.

Аслиддин Убайдуллаев,
бўлим бошлиғи подполковник

Уйлар йўлаклари ва гавжум жойларга ўрнатилган кузатув камералари катта экранли мониторларда акс этиб туради.
Фото: «Xabar.uz»

Уйлар йўлаклари ва гавжум жойларга ўрнатилган кузатув камералари бўлим навбатчилик хонасидаги катта экранли мониторларда акс этиб туради. Бундан ташқари, маҳаллалардаги еттита мактаб ва болалар боғчалари ҳам камералар орқали бўлимга онлайн уланган. Бу орқали таълим-тарбия муассаларидаги давомат, ўқувчиларнинг хатти-ҳаракатлари назоратда.

Почта алоқаси бўлимида китоб савдоси ҳам йўлга қўйилган

Кенг ва ёруғ, барча шароитлар яратилган 88-алоқа бўлими дизайнига ўзгача ёндашилган. Яна бир янгилик шундаки, бўлимнинг катта бир хонаси китоб ва ўқув қуроллари савдоси учун ажратилган. Маҳалла аҳли бу ердан ўзлари истаган адабиётни сотиб олишлари мумкин.

Почта алоқаси бўлимида китоб савдоси ҳам йўлга қўйилган.
Фото: «Xabar.uz»

Шифокор қабулига онлайн ёзилиш мумкин

Ҳудудда қад ростлаган 61-оилавий поликлиника энг юқори даражадаги шароитларга эга тиббий муассаса ҳисобланади.

— Поликлиникамизда терапевт, педиатр, жарроҳ, отоларинголог, окулист, невролог, иммунолог сингари тор соҳа мутахассислари аҳолимизга малакали тиббий хизмат кўрсатишга бел боғлашган, — дейди муассаса бош шифокори Шаҳзода Алимова. — Замон талабидаги қулайликлардан яна бири беморларни навбатга ёзиш бўйича электрон тизим жорий қилинганидир. Бунда бемор поликлиникага келмасдан туриб ҳам шифокор қабулига телефон ёки интернет орқали онлайн ёзилиши мумкин. Рўйхатхонадаги компютер ёрдамида қабул қилинган онлайн навбатлар кутиш залидаги мониторларда акс этиб туради. Бу ортиқча оворагарчиликларга чек қўйиб, вақтни тежайди ва еттита маҳалладаги икки ярим мингдан ортиқ аҳолини сифатли тиббий хизмат билан қамраб олади.

«Хавфсиз шаҳар» комплекси ички ишлар, давлат органлари ва уларнинг муассасалари ахборот, видеокузатув, қонун бузилиши ҳолатларини қайд этиш, қўриқлаш объектлари, юзага келиши мумкин бўлган таҳдидларга чора кўриш ва огоҳлантириш, таҳлилий «ақлли датчик»лар тизимлари, шунингдек, қонун бузилишларининг олдини олишга қаратилган бошқа ахборот тизимлари, навбатчи-диспетчерлик марказлари ва маълумотларни қайта ишлаш марказларини интеграция қилишга қаратилган.

Асаджон Хўжаев,
«Ахборот хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлашга
кўмаклашиш маркази» директори биринчи ўринбосари

Сергелида бунёд этилган янги мавзе бу бир дебоча, лойиҳанинг биринчи босқичи. Қурилиш ишлари авжида, яна янгидан-янги ана шундай замонавий уйлар — орзулар ошёнлари қад ростлайди. Иккинчи босқичда (2019—2021 йиллар) «Хавфсиз шаҳар» вилоят марказлари ва йирик шаҳарларда жорий этилади. Учинчи босқичда (2021—2023 йиллар) эса комплекс бутун мамлакатни қамраб олади. Демак, бу мавзуга яна қайтамиз.

Усмонжон Йўлдошев,
«Xabar» мухбири

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг