Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Siemens» Ўзбекистонда «хавфсиз шаҳар» қуриш концепциясини тақдим қилди

«Siemens» Ўзбекистонда «хавфсиз шаҳар» қуриш концепциясини тақдим қилди

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Азим Ахмедхаджаев ҳамда Германия Федератив Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Гюнтер Оверфелд.

Фото: «Mitc.uz»

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида лойиҳаларни бошқариш тизимларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида «Хавфсиз шаҳар» лойиҳасини ташкил этиш ва ривожлантириш концепцияси тасдиқланган. Унинг асосида мамлакатимизда хавф-хатарларни, фавқулодда вазиятларни, ҳодисаларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни комплекс бошқариш тизимини яратиш кўзда тутилган.

Шу кунларда жаҳон IT-саноатининг йирик ишлаб чиқарувчилари Ўзбекистонда «хавфсиз шаҳар» лойиҳасини амалга оширишда ҳамкорлик қилиш истагини билдирмоқдалар ва мамлакатимизда ахборот технологиялари компанияларига яратилган қулай имкониятлардан фойдаланган ҳолда бу йўналишда инновацион ғояларни амалга ошириш бўйича концепцияларини тақдим қилмоқдалар. Улар орасида Германиянинг «Siemens» концерни ҳам бор.

2018 йилнинг 28 феврал куни пойтахтимиздаги «Алоқа тарихи» музейида «Хавфсиз шаҳар» концепциясини амалга оширишда «Siemens» халқаро концерни тажрибасига бағишланган семинар бўлиб ўтди. Семинарни Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Азим Ахмедхаджаев ҳамда Германия Федератив Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Гюнтер Оверфелд кириш сўзи билан очиб бердилар.

Тадбирда «хавфсиз шаҳар» тенденциясининг аҳоли ҳаёти ва фаолиятини табиий, техноген, ижтимоий-биологик, экологик, жиноий ва бошқа барча ташқи таҳдидлардан муҳофаза қилишдаги ўрни ҳамда уй-жой коммунал хўжалиги ва бошқа ижтимоий обектларни ягона ахборот маконига бирлаштиришнинг афзалликлари таъкидланди.

«Siemens» илгари сураётган саноат, энергетика, соғлиқни сақлаш соҳаларида АКТни жорий қилиш, транспорт логистикаси ва автомобиллар ҳаракатини «ақлли» бошқариш, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ҳамда электр тармоқларида «ақлли тармоқлар» (Smart-Grid) технологиясидан фойдаланиш шаҳар инфратузилмасини ривожлантириш ва хавфсизлигини таъминлаш, мавжуд ресурслардан унумли фойдаланиш, рақобатбардошликни ошириш ҳамда барқарор тараққиётга хизмат қилиши қайд этилди.

Ўзбекистонда «хавфсиз шаҳар» лойиҳасини яратишда халқаро ҳамкорларни аниқлаш бўйича тендер танловлари давом этмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг