Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Telegram»да ўз каналини очишни истаган, аммо ишни нимадан бошлашни билмаганлар учун 11 маслаҳат

«Telegram»да ўз каналини очишни истаган, аммо ишни нимадан бошлашни билмаганлар учун 11 маслаҳат

Фото: «РИА Новости»

1. Канални яратиш ва номлаш

Сиз контент (видео, аудио, фото, матн) яратаркансиз, бу тўппа-тўғри ўқувчингизнинг чўнтагига, яъни мобил телефонига бориб тушишини унутманг. У хабарингизни очади ва ўқийди. Канал муаллифининг аудитория билан мулоқоти шундай бошланади.

«Telegram»да канал очаркан, муаллифда бир саволга жавоб олдиндан тайёр бўлиши лозим: «Канални нима учун очаяпман?».


2. Тўғри танланган мавзу каналнинг муваффақияти калитидир

Истанг одамларга латифа улашинг, истанг пазандалик сирлари билан ўртоқлашинг ёки автосаноат янгиликларидан хабардор қилиб боринг. Аммо бунақа каналларни сизсиз ҳам кўп очишган, улар билан рақобатга киришишни ҳам ўйланг. Шундай мавзу топингки, теша тегмаган бўлсин, мабодо бу ерни ҳам эгаллашган бўлса, уларнинг фаолиятини яхшилаб ўрганинг. Балки сиз ишни улардан ҳам яхшироқ уддаларсиз.

Демак, мавзуга аниқлик киритилди, энди зўр ном топиш керак. Мавзуни очувчи битта ёки иккита сўздан иборат, эсда қоладиган, кўпчиликнинг кўнглига яқин сўзларни топинг. Масалан, «Ҳайдовчилар» — автомобиллар ва йўллар ҳақида, «Зумрад» эса қимматбаҳо тошлар ва тақинчоқлар ҳақида бўлиши мумкин.

Умуман, буёғи фантазиянгизга боғлиқ, жиддийми ёки ҳазилнамоми, ўзингизга хос ва мос номни топинг.


3. Логотип танлаш

У албатта ёрқин ва кўринарли бўлиши керак. Мессенжердаги иконкалар ҳажми кичик, буни эътиборга олиб логотипингизда кичик деталларни ишлатишдан қочинг — улар барибир кўринмай кетади. Истасангиз, сифатли логотипни дизайнчиларга ясатиб олишингиз ҳам мумкин.


4. Биринчи босқичда нима қилиш керак?

  1. Канал муаллифи ўз телефон дафтарчасидаги 200 кишини бу каналга қўшиб олиши мумкин. Фақат улар орасидаги инжиқроқ одамларнинг олдидан ўтганингиз яхши, кимгадир бу ёқади, кимга эса йўқ.
  2. Каналингизнинг ҳаволасини жойлаштиринг ва ижтимоий тармоқларда пост қолдиринг.
  3. Каналингизни имкон қадар турли каталогларга қўшинг. Бу бепул.

5. Биринчи босқичда нима қилмаслик керак?

  1. Кунига бештадан ортиқ пост қолдирманг. Одамларга суратлар, инфографикалар, гифлар («жонли» суратлар), видеолар ёқади.
  2. Қиммат турувчи рекламага алданманг. Мессенжернинг реклама бозорида қиммат рекламали каналлар жуда кўп, уларнинг орасида кўринмай кетасиз. Яхшиси, аста-секин ўсиб борган маъқул!
  3. Матнга смайлларни кўп жойламанг. Бу ўқувчиларнинг жиғига тегади.
  4. Янги пост ҳақида овозли хабар бериш функциясини ёқманг. Матн қаторининг чап томонида қўнғироқча бор, уни боссангиз ўчади.
  5. Ўқувчиларингизни бездирмаслик учун постларни кечаси ёзманг.

6. Канални реклама қилиш

Сизни таниб олишлари учун бошида пул сарфлашингизга тўғри келади. Мессенжердаги рекламалар нархлари кескин фарқ қилади. Сиз рекламани арзонидан бошланг, ўқувчилар асосан қаердан келаётганига қараб каналлар рўйхатини шакллантиринг.

Обуначилари сони сизники билан бир хил каналларни ўрганинг. Уларга ўзаро пиар таклифи билан чиқсангиз бўлади.

Канал ҳақидаги маълумотларни ижтимоий тармоқлардаги ҳар хил мавзули гуруҳларга тарқатинг. Каналингиз номи ОАВда тилга олинишига эришинг.


7. Статистика керакми?

Статистика — исталган лойиҳанинг асоси. «Excel»да жадвал тузиб, қуйидаги кўрсаткичларни қайд этинг: ўқувчилар сони, постлар ва канални кўришлар сони, реклама қиймати, ўзаро пиар, келган ўқувчилар сони. Булар каналнинг ўсишини холис кузатиш ва бошқариш имконини беради. Кўпинча, масалан, реклама сотиб олишингиз, аммо у ишламаслиги мумкин. Ўзингиз учун қаердан энг кўп ўқувчиларни жалб этганингиз ёки бунинг аксига қараб топ-каналларни шакллантириб олишингиз ва рекламани қаерда бериш-бермасликни  ҳал қилишингиз мумкин.


8. Энг асосийси: мен қанча пул ишлайман?

Каналларнинг муаллифлари ҳар хил пул топишади.

Айрим маълумотларга қараганда, «Telegram»даги айрим аудиторияси катта ўзбекча каналлар битта рекламадан 800 долларгача пул ишлайди.

Канал — кичик ОАВ. Жамғармангизни пулга айлантиришнинг икки йўли бор — ё реклама берувчилар билан ўзингиз мустақил келишиб оласиз, ё сизга реклама топиб берувчи агентликлар ва биржалар билан ишлайсиз.

Мижозлар ҳар хил бўлади. Шуниси ҳам кузатилганки, масалан, буюртмачи сизга рекламага пул беради, аммо бу рекламага ташрифлар сони озлиги учун кейинчалик у пулини қайтариб олиш фикрига келиб қолади. Бунақа мижозлар билан аудиториянинг рекламага муносабатини олдиндан баҳолаб бўлмаслигини келишиб олишингиз керак.


9. Канал ривожланмаса нима қилиш керак?

  1. Каналнинг ривожланиши сизнинг фаоллигингизга боғлиқ. Агар эътиборсизлик қилсангиз ўқувчиларингиз сони нафақат ўсишдан тўхтайди, балки камайиши ҳам мумкин.
  2. Бир ҳафтага ёки ойга мўлжаллаб медиарежа тузинг. Унда ўзингиз пост қилмоқчи бўлган контентни, бошқа каналлар билан ўзаро тавсиялар ва рекламалар режасини белгилаб олинг.
  3. Ўзаро тавсияларни олиш учун бошқа каналлар муаллифларига мурожаат қилинг. Сизга биринчи бўлиб мурожаат қилишларини кутманг.

10. «Telegram»даги трендлар

Мессенжердаги трендлар жуда ўзгарувчан. Масалан, матнни ўзгартирадиган, ҳаволаларни яширадиган, сўзларни белгилайдиган, матн остига иконкаларни қўядиган @mrkdwnrbt ва @ControllerBot каби фойдали ботлар бор. @vote ёрдамида овоз беришни ташкил қилиш мумкин.


11. Сизнинг постларингизни улашишлари учун нима қилиш керак?

  1. Нима ёзсангиз ҳам шуни ёдда тутингки, канал — блогдир. Сизнинг ўз такрорланмас муаллифлик услубингиз бўлиши лозим.
  2. Эксклюзив. Бошқа ҳеч кимда йўқ контентни жойласангиз, бошқа муаллифлар албатта сизнинг хабарларингизни бошқалар билан бўлиша бошлайди.
  3. Контентни ўғирламанг, уни ўзингиз яратинг.
Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг