Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистоннинг инновацион ривожланиш стратегияси лойиҳаси муҳокама қилинди

Ўзбекистоннинг инновацион ривожланиш стратегияси лойиҳаси муҳокама қилинди

Фото: «Xabar.uz»

Бугун, 19 апрель куни Инновацион ривожланиш вазирлигида Ўзбекистон Республикасининг инновацион ривожланиш стратегияси лойиҳаси муҳокама қилинди.

Тадбирда вазирлик мутахассислари Ўзбекистон иқтисодиётини инновацион ривожланиш йўлига ўтказишга қаратилган лойиҳа тақдимотини ўтказдилар. Жумладан, «Глобал инновациялар индекси» кўрсаткичларини такомиллаштириш асносида Ўзбекистон Республикасининг инновацион ривожланиш стратегияси лойиҳаси тақдим этилди.

Глобал инновациялар индекси (The Global Innovation Index) — бу дунё мамлакатларининг инновацион ривожланиш даражасини кўрсатувчи глобал тадқиқотлар ва унинг рейтинги ҳисобланади. Тадқиқотлар INSEAD халқаро бизнес мактаби, Корнель университети (Cornell University) ва Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти (World Intellectual Property Organization, WIPO) қўшма лойиҳаси доирасида 2007 йилдан буён ўтказиб келинади ҳамда у бугунги кунда дунёнинг турли мамлакатларида инновацион ривожланиш кўрсаткичларининг кенг қамровли мажмуини ифодалайди.

Глобал инновациялар индекси 82 хил параметрлардан ташкил топган бўлиб, унда дунёнинг иқтисодий ривожланиши турли даражаларда бўлган мамлакатларида инновацион ривожланиш ҳолати батафсил ифода этилган. Тадқиқот муаллифлари иқтисодиётнинг муваффақиятли бўлиши инновацион салоҳият ва уни амалга ошириш учун яратилган шароитлар билан боғлиқ деб ҳисоблайдилар. Шу боис, индекс икки гуруҳдан иборат ўлчовлар билан баҳоланади:

  • Инновация учун мавжуд ресурслар ва шароитлар (Innovation Input): институтлар; инсон капитали ва тадқиқотлар; инфратузилма; ички бозорни ривожлантириш; бизнесни ривожлантириш.
  • Инновацияларни амалга оширишда эришилган амалий натижалар (Innovation Output): технологиялар ва иқтисодиёт билимларини ривожлантириш; ижодий фаолият натижалари.

Шу тарзда, якуний индекс у ёки бу мамлакатда инновацияларни ривожлантириш бўйича саъй-ҳаракатлар самарадорлигини объектив баҳолаш имконини берадиган харажатлар ва самарадорлик кўрсаткичларини акс эттиради.

Тадбирда Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Шерзод Шерматов стратегияни муваффақиятли амалга оширишда давлат органларининг олимлар билан ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Вазир ўринбосари, шунингдек, инновацион ривожланиш стратегиясини самарали шакллантириш учун юқори марралар кўзланган, шу билан бирга, бугунги шароитда амалга ошириш реал бўлган мақсадли вазифаларни белгилаб олиш зарурлигини қайд этди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг