Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Volkswagen», «Toyota», «RC Cola» ва бошқалар: 2017 йили қайси чет эл компаниялари Ўзбекистонга кириб келди?

«Volkswagen», «Toyota», «RC Cola» ва бошқалар: 2017 йили қайси чет эл компаниялари Ўзбекистонга кириб келди?

Фото: «Autocar»

Конвертациянинг очилиши, инвестициявий кафолатлар, хуллас, бизнес учун имкон қадар йўл очишга қаратилган сиёсат маҳсули сифатида бу йил ўнлаб яқин ва узоқ хориж компаниялари мамлакатимизга кириб келди. «Spot.uz» улардан ўз «топ-талқини»ни тузди.

«Volkswagen» ҳамда «Peugeot Citroёn». Узоқ йиллар ўзбек енгил автомобиллар бозорини назорат қилиб келган Chevrolet, ниҳоят, муносиб рақобатчиларга эга бўлди. Немис ва француз автомобилсозлари ўз заводларини қуриб, 2019 йилдаёқ илк машиналарини чиқаришмоқчи. Йилига 15-20 минг автомашина чиқариш қувватига эга бу саноат корхоналарида маҳсулотни маҳаллийлаштириш даражаси 50 фоиздан кам бўлмайди.

«tvzavr.ru» ва «Zvooq». «Ucell» мобил алоқа оператори Россиянинг икки контент сервиси билан ҳамкорликка қўл қўйди, уларнинг биринчиси Ўзбекистонда илк легал онлайн-кинотеатрни очса, иккинчиси обуна бўйича легал мусиқа сервисини очади.

«Ticketon». Қозоғистоннинг онлайн-чипталар сотиш бўйича йирик сервиси декабрда иш бошлади. Компаниянинг маълумот беришича, мижозлар ҳамда Ўзбекистоннинг маданият ва спорт объектлари интернетдаги янги харидлар имкониятига тайёр, фақат бозоримизда муносиб техник ечим ҳозирча йўқ.

«RC Cola». Американинг 1905 йили пайдо бўлган бу бренди 50дан зиёд мамлакатда маҳсулот чиқаради. «Family Group» компанияси билан ҳамкорликда август ойидан мамлакатимизда ҳам алкоголсиз ичимликлар лойиҳаси ишга тушди.

Европа инвестиция банки. Бу банкнинг Ўзбекистонга келиши ҳақида илк хабар июн ойида пайдо бўлди, октябр ойида у ростдан ҳам ишга тушди. Бу ҳамкорликнинг аҳмияти шундаки, мамлакатимизда ижтимоий аҳамиятга эга йирик инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишда ЕИБнинг молиявий воситаларидан фойдаланиш мумкин бўлади.

«Продимекс». Сентябрда божхона божлари бекор қилинди, ноябр ойида эса ушбу компания мамлакатимизга 50 вагон шакар экспорт қилди. Шу ўринда эслатиб ўтамиз, мамлакатимизнинг шакарга бўлган йиллик эҳтиёжи 700 минг тоннани ташкил қилади.

«AddReality». Ушбу компания «Star Screen» компанияси билан ҳамкорликда Ўзбекистон учун рекламанинг янги рақамли имкониятларини тақдим этмоқчи. «AddReality» дастурий платформаси минглаб қурилмаларда рекламалар намойишини автоматик таъминлайди, аудиторияни таҳлил қилиб, ҳисоботлар шакллантиради.

«Шоколадница». Россиянинг мазкур йирик қаҳвахоналар тармоғи бозоримизга франчайзинг орқали кириб келяпти. Ҳозиргача бешта шартнома имзоланган, биринчи қаҳвахона Тошкентда 2018 йили ишга тушади.

«Toyota». Дунёдаги энг йирик автоконцернлардан саналган япон ишлаб чиқарувчисининг дастлабки расмий дилери ўзбек бозорига машиналар импорти ва уларга техник хизмат кўрсатиш билан шуғулланади. Маълумотларга кўра, бунга эришиш учун икки йил керак бўлди ва ниҳоят, япон автоконцерни Ўзбекистонда.

«КАМАЗ». Шу русум остидаги юк транспорт воситалари «UzAutoTrailer» МЧЖда йиғилиши ноябрда маълум бўлди.

«Ростсельмаш». Апрел ойида «Ўзагротехсаноатхолдинг» билан шартнома тузган бу компания Чирчиқдаги қишлоқ хўжалиги техникалари заводи базасида ҳамкорликда ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни режалаштирган. Аграр техника маҳаллий бозордан ташқари, бошқа мамлакатларга ҳам реэкспорт қилиниши режалаштирилган.

«Georgian Industrial Group». Грузиянинг ушбу 150 миллион долларлик даромадга эга йирик холдинги Тошкентда очадиган офис Марказий Осиёдаги ваколатхонаси вазифасини ҳам бажаради.

«Qovee». Қирғизистоннинг МДҲ мамлакатлари ягона электрон савдо майдончаси сифатида тақдим этилаётган бу сервис Тошкентда декабр ойида ўз офисини очди.

Қолаверса, «Қозоғистон халқ банки» 2019 йили Тошкентда офисини очиш имкониятларини чамалаяпти, тўртта француз компанияси бозоримизни жиддий ўрганяпти, «McDonald’s» франшиза орқали кириб келмоқчи, голландларнинг «Prime Horti Solutions» компанияси иссиқхоналар учун технология ва хом ашёлар етказишни бошлади, «Processing.kz» савдо белгиси остида электрон тижорат учун хизмат кўрсатувчи интернет-эквайринг сервиси эса мамлакатимизга кириш учун ҳамкор-банк қидирмоқда, дейилади «Spot.uz» хабарида.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг