Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Халқаро мукофотлар совриндори Ҳусниддин Олимовнинг муваффақиятлари сири нимада?

Халқаро мукофотлар совриндори Ҳусниддин Олимовнинг муваффақиятлари сири нимада?

ИНҲА университети профессори Ҳусниддин Олимов.

Фото: «Inha.uz»

Тошкент шаҳридаги ИНҲА университети профессори Ҳусниддин Олимов яқинда нуфузли «Science Leader» халқаро мукофотини қўлга киритганди. Ушбу муҳим воқеа муносабати билан Ҳусниддин Олимовдан «xabar.uz» учун эксклюзив интервю олдик.

— Аввало, халқаро мукофотни қўлга киритганингиз билан табриклаймиз.

— Ташаккур.

— «Science Leader» мукофоти қандай мезонларга кўра топширилади?

—  «Web of Science Awards 2017» халқаро мукофоти лауреатлари «Clarivate Analytics» (АҚШ) халқаро компанияси томонидан мамлакатимиздаги олий таълим ва илмий муассасаларда фаолият юритаётган олимлар орасидан танлаб олинди. Уларнинг илмий ишлари «Web of Science» халқаро илмий-таҳлилий электрон маълумотлар базасига кирган илмий нашрларда сўнгги 10 йил ичида чоп этилган илмий мақолаларнинг сони ва уларга келтирилган ҳаволалар асосида баҳоланди.

«Web of Science Awards 2017»нинг энг асосий «Science Leader» халқаро мукофоти фаннинг турли соҳаларида фаолият юритаётган олти нафар ўзбекистонлик етакчи олимларга берилди. Шу олти нафар олим орасида менга физика-техника соҳасидаги халқаро «Science Leader»нинг мукофоти топширилди. Бу соврин менга «Web of Science» халқаро илмий-таҳлилий электрон маълумотлар базасига кирган илмий нашрларда сўнгги 10 йил ичида чоп этган 41та илмий мақолаларим учун берилди. Мазкур мақолаларимга 200дан ортиқ ҳаволалар бўлди.

— «Web of Science»га кирган халқаро илмий журналларнинг аҳамияти шунчалик муҳимми?

—  Дунёда кўплаб илмий журналлар мавжуд. Лекин «Web of Science»га кирган халқаро илмий журналлар чоп этаётган мақолалар сифати ва илмий салоҳияти бўйича дунёда энг нуфузлилари ҳисобланади. Яъни, ўзини ҳурмат қилган ва ўз илмий натижалари муҳимлигига ишонган олимлар мақолаларини «Web of Science»га кирган илмий журналларга жўнатишади.

Ушбу илмий журналларга жўнатилган мақола одатда соҳадаги икки илғор олим (тақризчилар) томонидан чуқур таҳлил қилинади. Агар мақолада келтирилган илмий натижалар қониқарсиз бўлса, журнал тақризчилар хулосасига кўра, мақола муаллифига рад жавобини жўнатади. Яъни, илмий мақола журналда чоп этилмайди. Шунинг учун, «Web of Science» илмий журналида мақола чоп этиш учун олимлар ҳақиқатан ҳам тер тўкиб, сифатли ва долзарб тадқиқотлар ўтказишлари керак бўлади ва олинган илмий натижалар салоҳиятли бўлиши талаб этилади.

Хабарингиз бўлса керак, жаҳоннинг энг яхши университетлари рейтинги мавжуд. Энг илғор олий таълим муассасалари рўйхатига кириш учун асосий талаб —  университет профессор-ўқитувчилари томонидан «Web of Science» илмий журналларида чоп этилган мақолалар сони ва сифатига қаратилади.

Агар «Web of Science» илмий журналларида чоп этилган мақолалар сонининг мамлакатлар бўйича тақсимотини ўрганиб чиқсангиз,  иқтисодиёти ривожланган давлатлар —  АҚШ, Германия, Буюк Британия, Япония, Жанубий Корея, Франция каби илғор мамлакатлар олимлари шу нуфузли илмий журналларда энг кўп мақола чоп этишганига амин бўласиз. Бу дегани, илмий салоҳият —  мамлакатнинг иқтисодиёти ривожланиши даражасига тўғри пропорционалдир. Демак, дунёнинг энг илғор давлатлари қаторига кириш учун, аввало, илм-фан ривожланган бўлиши лозим.

Мамлакат олимларининг «Web of Science» илмий журналларида чоп этилган илмий мақолалари сони қанчалик кўп бўлса, рейтинг ҳам шунчалик баланд бўлади. Ўз ўрнида, дунё стандартлари бўйича, ҳар бир олимнинг илмий салоҳияти уни «Web of Science» журналларида чоп этилган илмий мақолалар ва уларга берилган ҳаволалар сони билан аниқланади.

— Ўзингиз ва илмий-педагогик фаолиятингиз, эришган натижаларингиз тўғрисида гапириб берсангиз.

— 1998 йили Ўзбекистон Миллий университетининг физика факултетини тамомлаганман. 1999 йилдан 2002 йилгача ЎзФА Физика-техника институти кундузги бўлим аспирантурасида таҳсил олдим ва номзодлик (PhD) диссертациям бўйича юқори энергиялар ядро физикаси соҳасида тадқиқотлар олиб бордим. 2002 йили номзодлик диссертациямни муваффақиятли ҳимоя қилиб, физика-математика фанлари номзоди илмий даражасини қўлга киритдим.

2003 йилдан 2006 йилгача Германиядаги Бонн университети Физика институтида илмий тадқиқотларимни давом эттириб, халқаро тажриба орттирдим. 2006 йилдан 2010 йилгача катта илмий ходим лавозимида ЎзФА Физика-техника институти Юқори энергиялар лабораториясида юқори энергияли ядровий тўқнашувларда ҳосил бўлувчи зарралар хусусиятларини ва шундай тўқнашувларда ҳосил бўлувчи ўта зич ва ўта иссиқ ядровий материянинг хоссаларини ўргандим.

2007 йили ўз тадқиқотларим учун халқаро НАТО грантини қўлга киритдим. 2008 йили тадқиқот лойиҳам учун Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлиги Ёшлар фундаментал тадқиқотлари грантини ютиб олдим. 2010 йилдан 2015 йилгача Покистон Республикаси олий таълим вазирлиги таклифига биноан, COMSATS университетининг физика факултетида хорижий профессор вазифасида ишладим. У ерда мен физиканинг турли махсус фанлари бўйича бакалавр ва магистрларга ҳамда аспирантларга лекциялар ўқидим ва юқори энергияли ядро тўқнашувлари соҳасидаги илмий тадқиқотларимни давом эттирдим.

Покистондаги COMSATS университетида илмий раҳбарлигимда икки нафар шогирдим PhD диссертацияларини ҳамда бир неча шогирдим магистрлик диссертацияларини муваффақиятли ҳимоя қилдилар.

2015 йили мен Тошкент шаҳридаги ИНҲА университети таклифига биноан, Ўзбекистонга қайтиб келдим ва ҳозиргача мазкур университет талабаларига физика фанидан маърузалар ўқиб келмоқдаман. Бундан ташқари, ЎзФА Физика-техника институти Юқори энергиялар лабораториясида етакчи илмий ходим лавозимида юқори энергияли ядро физикаси соҳасидаги илмий тадқиқотларимни давом эттиряпман.

Жорий йилда халқаро нуфузли илмий журналларда чоп этилган мақолаларим ва илмий натижаларим учун TWAS Халқаро Фанлар Академияси (Италия) Ёш Олимлар мукофотини қўлга киритдим.

100га яқин илмий ишларим мавжуд, 50га яқин мақолаларим «Web of Science»га кирган нуфузли халқаро илмий журналларда чоп этилган. 

— Талабалар ва ёшлар муваффақиятга эришиш учун нималарга эътибор қаратишлари керак?

—  Муваффақиятнинг сири мустақил равишда ўз устида тинмай ишлашда! Бу барча соҳаларда юқори даражага эришмоқчи бўлганлар учун жуда муҳим омил ҳисобланади. Ёшлар келажакда етакчи мутахассис бўлишлари учун ўз устиларида тинмай изланишлари керак. Агар талаба билимга чанқоқ бўлса, мақсадига эришиши осон кечади.

— Келгуси илмий-педагогик фаолиятингизда янада юксак муваффақият ва зафарлар тилаб қоламиз.

— Самимий тилакларингиз учун ташаккур!

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг